Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 10 июнда «Иқтисодиёт тармоқлари, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларида қайта тикланувчи энергия манбааларидан кенг фойдаланиш чора-тадбирлари» юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ушбу соҳадаги янгиликларни кенг жорий этиш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилган эди.
Ушбу вазифалар ижросидан келиб чиқиб, жорий йил 28-29 июль кунлари «Ўзелтехсаноат» уюшмаси биноси ҳудудида «Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ва янги имкониятлар» мавзусида Республика кўргазмаси ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Энергетика вазирлиги ҳамда «Ўзелтехсаноат» уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур кўргазмада қуёш электр панеллари ва сув иситиш қурилмалари ишлаб чиқарувчи ҳамда етказиб берувчи 20 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ўз маҳсулотлари билан иштирок этяпти.
Таъкидландики, мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш барча ишларда устувор тамойил этиб белгиланган. Одамларнинг яхши яшаши учун энг зарур манбалардан бири эса бу энергия. Сўнгги йиллардаги ислоҳотлар натижасида бу соҳадаги узилишлар анча камайди. Лекин, куз-қиш мавсумида аҳолининг энергияга бўлган эҳтиёжи кескин ошиши сабабли барча оғирлик электр тармоқларига тушяпти.
Бугунги кунда юртимизда 2-3 миллиард киловатт соат электр энергиясига қўшимча талаб бор. Келгуси беш йилда эса бу эҳтиёж 10 миллиард киловатт-соатга ошиши кутиляпти. Бундай вазиятда энг самарали йўл уй, корхона, боғча, мактаб ва шифохоналарда муқобил энергиядан фойдаланишни кўпайтиришдир. Шу боисдан, қайта тикланувчи энергия ускуналарини кенг жорий этиш, бу борада аҳолини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари доимий эътиборида бўлиб келяпти.
Бу борада аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун янги тизим белгиланди. Ушбу тизимга кўра, ҳар бир ўрнатилган қуёш ва шамол электр ускунаси учун, қувватига қараб, 15 миллион сўмгача, сув иситиш қурилмаси учун эса 2 миллион сўмгача компенсация тўланади. Ёки ускуна қийматини 3 йил ичида фоизсиз, бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ҳам яратилади.
Масалан, бир оила сув иситиш учун бир ойда ўртача 195 минг сўм харажат қилади, дейлик. Энди улар 6 миллион сўм эвазига 200 литрли қуёш қурилмаси ўрнатса, давлатдан 2 миллион сўм компенсация олади. Бунда ҳар ой кетган харажат иқтисод бўлиши ҳисобига, сув иситиш қурилмаси 21 ойда пулини оқлайди ва «ёнга қолади». Агар, оила компенсацияни эмас, бўлиб-бўлиб тўлашни танласа, ойлик тўлов 170 минг сўм бўлади. Яъни, ҳозирги тўловидан ҳам кам бўлади ва уч йилдан кейин иссиқ сув учун умуман харажат қилмайди.
Яна бир қулай томони, одамлар бунинг учун бирон-бир идорага бориб юрмайди. Ҳамма ҳужжатлар ускуна харид қилинадиган жойнинг ўзида ҳал этиб берилади. Бу тизим Энергетика вазирлигининг махсус жамғармаси орқали жорий этилади. Давлатимиз раҳбари барча жараёнларни рақамлаштириб, ушбу янги тизимни 1 сентябрдан йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берган эдилар.
Ҳисоб-китобларга кўра, бир йилда Ўзбекистонда 10 миллиард долларлик электр ва газ истеъмол қилинади. Мисол учун, ўтган йили энергия ресурсларига Сув хўжалиги вазирлиги 3 триллион сўм, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш тизимлари 200 миллиард сўмдан бюджет маблағларини сарфлаган. Бу эса ўз навбатида барча вазирлик ва идора, ҳокимлик, маҳалла биноларини ҳам муқобил энергияга ўтказиш вақти келганлигини кўрсатади.
Кўргазмада B2B форматда учрашувлар бўлиб ўтди, тузилган шартномалар www.cooperation.uz платформаси орқали рўйхатдан ўтказилади ва тўловлар амалга оширилиши учун асос бўлади, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.