Тошкентдаги Пучон университети филиалида янги факультетлар очилади

    Таълим 20 июн 2023 2190

    Бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари – Мактабгача таълим агентлиги директори А.Шин Жанубий Кореянинг Пучон университети президенти жаноб Хан Чунг Сок бошчилигидаги делегацияси билан учрашди.

    Йиғилиш кун тартибида Тошкент шаҳридаги Пучон университети филиали фаолиятини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди. Шу нуқтайи назардан Ўзбекистон томони мазкур университет негизида янги факультетларни, жумладан, болалар овқатини ташкил этиш факультетини очиш орқали филиал фаолиятини кенгайтириш зарурлиги тўғрисида ташаббус билан чиқди.

    Корея томони ушбу таклифларни қўллаб-қувватлади ва ташаббусларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишга тайёрлигини билдирди. Ўз навбатида, меҳмонлар Мактабгача таълим агентлиги раҳбариятини Кореянинг Пучон университети томонидан қўлланилаётган онлайн таълим учун рақамли платформа билан таништирди, деб хабар беради Мактабгача таълим агентлиги матбуот хизмати.

    Томонлар учрашув кун тартиби юзасидан фикр алмашиб, музокараларни конструктив руҳда якунладилар.