Меҳмонларнинг академия фаолияти билан танишуви ахборот-ресурс марказидан бошланди. Маърифат масканининг ўзига хос қиёфаси, инновацион имкониятлари, манбалар фонди, айниқса буюк саркарда боболаримиз шарафига барпо этилган мажмуалар меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Семиҳ Окяр жаҳон цивилизация ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш ва ёш авлодга етказиш йўлидаги эзгу ишларга юқори баҳо берди.
Шундан сўнг туркиялик мутахассислар замонавий инфратузилма объектларини кўздан кечирдилар. Меҳмонларга бакалавриат ва магистратура босқичида йўлга қўйилган илғор ёндашувлар, ўқув даргоҳининг илмий салоҳияти, хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли тадбирлар ҳамда истиқболдаги лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Ташриф давомида икки томонлама ҳамкорликни фаол ривожлантиришга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Самимий руҳда ўтган учрашувда асосий эътибор таълим соҳасидаги ҳамкорликни янги мазмун билан бойитиш, манфаатли йўналишларда тажриба алмашинувини кенгайтириш, икки мамлакат ёшлари учун истиқболли дастурларни татбиқ этиш, ҳамкорлик битимларида назарда тутилган тадбирларни изчиллик билан амалга ошириш масалаларига қаратилди, деб хабар беради Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ИИВ Академияси маълумотига таяниб.