Зеро, ҳокимиятни амалга ошираётган етакчининг сиёсати миллионлаб тақдирларга белгиловчи таъсир кўрсатиб келади. Айниқса, туб ўзгаришлар, жадал ислоҳотлар шароитида давлат аҳамиятига эга қарорларни қабул қилувчи шахснинг сиёсатдаги роли ниҳоятда ортади. Айни пайтда бу қарорлар рўёби кўп сонли фуқаролар фаоллигини тақозо этиши шубҳасиз. Демакки, ислоҳотлар муваффақияти етакчининг бошқарув санъати билан бир қаторда оддий фуқаролар саъй-ҳаракатларига боғлиқ бўлиб қолади. Ҳар ҳолда демократия назарияларида шундай уқтирилади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг яқинда бўлиб ўтган инаугурацияси маросимидаги ўй-хаёллар қўлимга қалам тутқазди. 2023 йил 14 июль куни мамлакатимиз ўз тарихининг яна бир янги босқичига қадам қўйди. Бу даврда ҳаётимиз янада жўшқинроқ, ислоҳотларимиз янада жадалроқ тус олади, деб хулоса қилишга барча асослар бор. Бу асос-далиллар Президент лавозимига киришиш маросимидаги нутқда баралла янгради. Ўзбекистонни ижтимоий давлатга айлантириш, ислоҳотлар марказини маҳаллага кўчириш, конструктив мухолифат фаолиятини кафолатлаш, “яшил” иқтисодиёт тамойилларини кенг жорий этиш, ишлаб чиқариш индустрияси кучли ривожланган давлатга айланиш кабилар нутқда тилга олинган масалалар давомли рўйхатининг айримлари, холос. Ўша куни давлатимиз раҳбари асосий ньюсмейкерга айланди.
“Фақат деҳқончилик билан кун кўрадиган мамлакат бўлиб қолмаслигимиз керак”
Маърузада мамлакатимиз ривожи билан боғлиқ энг ўткир, энг долзарб, энг муҳим масалалар кўтарилди, уларнинг ечимларига йўналтирилган ҳамда аниқ рақамлар билан ўлчанадиган марралар (замонавий менежментда бундай мақсадлар SMART-мақсад, деб аталади) белгиланди. Мана шу мақсадлардан бири: “Биз 2030 йилгача ялпи ички маҳсулотимиз ҳажмини 160 миллиард долларга етказишдек жуда катта марра олдик”. Айтилиши осон, лекин бажарилиши ниҳоятда мураккаб бўлган бу мақсадга эришишнинг ўзи бўлмайди, албатта. Аниқ ҳисоб-китобларга таянадиган бўлсак, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 80,4 миллиард доллардан (2022 йилда) маърузада таъкидланган рақамга етказиш деярли икки баробар (!) ўсишни назарда тутади. Ва бундай сакрашга бор-йўғи 7 йилда эришиш талаб этилади.
Бу маррани белгилашда давлатимиз раҳбари кўп ҳисоб-китобларга таянгани, имкониятларимизни сарҳисоб қилгани, халқнинг сафарбарлигига ишонгани аниқ. Маърузада бу ҳақда шундай дейилди: “Биз фақат деҳқончилик билан кун кўрадиган мамлакат бўлиб қолмаслигимиз керак. Биз ишлаб чиқариш индустрияси кучли даражада ривожланган давлатга айланишимиз зарур... Биз нафақат моҳир пахтакор ва боғбонлар ўлкаси, балки юқори малакали IT мутахассислар, инженер ва энергетиклар, кончи ва металлурглар, физик ва кимёгарлар мамлакати бўлишимиз керак”. Тўғри-да, дунёда тўртинчи саноат инқилоби авжига чиқаётган, сунъий интеллект инсон билан рақобатга киришган бир пайтда деҳқончиликни ривожлантириш эвазига тараққий этиб бўлмаслиги муқаррар. Шу боисдан, Президентимиз ИНСОН, унинг салоҳияти ва фаоллигини ислоҳотларнинг энг муҳим драйвери сифатида танламоқда. Беш стратегик мақсадни ўз ичига олган сайловолди дастурида дастлабки мақсад сифатида инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсади танланиши ҳам бежиз эмас, албатта. Қолаверса, Президентимиз давлат бошқаруви жиловини қўлга олганда илгари сурилган ўзак-ғоя: “Инсон қадри учун” ғояси ўзгаришсиз қолди.
“Бугунги замон – бу кечаги замон эмас”
Ҳақ гап. Халқимизнинг онги, дунёқараши ўзгарди. Ўзбекистон халқи кечаги халқ эмас. Бугунги халқ мажбурий меҳнатга жавобан жимгина рози бўлмасдан, ҳаққини талаб қилаётган халқ. Бугунги халқ “Ташаббусли бюджет” жараёнида фаол қатнашиб, маҳалласининг муаммоларини баҳоли қудрат ўз кучи билан ҳал қилаётган халқ. Бугунги халқ нобоп ишлар ҳақида бонг уриб, уларни тўхтатишга қудрати етаётган халқ. Бугунги халқ зурриёдларининг эртанги тақдири ҳақида қайғуриб, ҳар бир новда-ниҳолни ўз ҳимоясига олаётган халқ.
Бугунги халқ намоз ўқишга масжидларда баралла айтилаётган азонлар билан чорланаётган халқ. Бугунги халқ Умра сафарига бораётганлар сони бўйича рекорд қўяётган халқ. Бугунги халқ ўз фарзандининг бири бўлмаса, бошқа олий ўқув юрти киришига ишонадиган, бир неча йил умрини йўқотмаслигидан хотиржам халқ. Бугунги халқ бошлиқларнинг хатоларини аямасдан танқид қила оладиган, керак бўлса, ўзидан кечирим сўраттирадиган қудратга эга халқ. Бугунги халқ амалдорлар “катта одам” эмас, балки халқ хизматига ёлланган одам эканини тушуниб етган халқ. Бугунги халқ жамиятдаги ҳар қандай адолатсизликка барҳам берилишига ишонадиган халқ. Энг муҳими, “Одамларимиз катта мақсадларга интилишдан, ташаббус кўрсатишдан, янгилик яратишдан қўрқмаяпти”.
Халқимиз онги ва дунёқараши ўзгарганини давлатимиз раҳбари “энг катта ютуғимиз” дея баҳолади ва “Ўзини ўзгартира олган халқ, ҳеч шубҳасиз, ҳаётни, ижтимоий муҳитни ҳам ўзгартира олади”, деган хулосани илгари сурди, одамларни шу таҳлит мотивациялади.
Кечаги кун билан бугунги кун ўртасидаги фарқ шу қадар каттаки, олти ярим йилда амалга оширилган ўзгаришларни, эришилган ютуқларни кўриб, Президент кўп-кўп такрорлайдиган ибора беихтиёр тилга келади: “Бўлар экан-ку”. Демак, келгуси етти йил учун ҳам қанчалик баланд марра белгиламайлик, мақсадларимизга етишимиз, қуйилган вазифаларни уддалай олишимиз аниқ. Келгуси 7 йилимизда ҳам “Бўлар экан-ку”, деган эътирофларга лойиқ ишлар бисёр бўлишига ишончим комил. Лекин бунинг ўз шартлари бор. Президентимиз таъбири билан айтганда, “...Бугунги кескин рақобат оламида кечаги мезон ва ёндашувлар билан ривожланиб бўлмайди. Кечаги натижа, кечаги қараш ва мезонлар энди тарих. Улар энди бизни қониқтирмайди. Янги давр учун янги ғоя ва ташаббуслар керак, янги натижалар керак. Шундагина у том маънода янги давр бўлади”.
“36 миллионлик халқ учун шахсий жавобгарлик”
Ҳаёт ўзгарувчан. Ўзгаришлар узлуксиз табиатга эга бўлади ва ўзаро боғлиқликда юз беради. Яъни, бир соҳадаги ўзгаришлар бошқа соҳаларда ҳам ўзгаришлар келтириб чиқаради. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистонда амалга оширилган Конституциявий ислоҳотлар навбатдаги қатор ўзгаришлар учун катализатор вазифасини бажарди. 2023 йил 9 июль куни бўлиб ўтган Президент сайлови ҳам Конституциявий ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Сайлов натижаларига кўра, Шавкат Мирзиёев 87,05 фоиз овоз билан 7 йил муддатга Президент этиб қайта сайланди.
87,05 рақамида гавдаланган сайлов натижалари нимани англатади? Биринчидан, бу рақам халқнинг шу вақтгача Ўзбекистонда юз берган ўзгаришларга муносабатини, яна ҳам аниқроғи, ижобий муносабатини ифодалайди. Иккинчидан, бу рақам шу таҳлит ўзгаришлар мамлакатимизда бардавом бўлиши истаги устувор эканини намоён этади. Учинчидан, бу рақам Ўзбекистонда туб ва жадал ислоҳотларни бошлаб берган ва уларнинг бошида турган етакчи бу ўзгаришларни охирига етказиши зарурлигини кўрсатади. Тўртинчидан, бу рақам ҳокимиятнинг легитимлигини оширувчи ва мустаҳкамловчи асос бўлиб хизмат қилади. Ва ниҳоят, бешинчидан, бу рақам халқнинг ўз етакчисига ишончини намоён этди. Бундай ишончга сазовор бўлишнинг юки эса ниҳоятда оғир. Бу одамларнинг ишончини оқлаш келгуси 7 йилликда ҳаловатсизлик, доимий таранг асаблар, бедор кечалар, ўнлаб ташриф, юзлаб учрашув, минглаб қарор, қисқаси, доимий фаоллик ҳолатига шайланишни назарда тутади.
Халқ ишончини қозониш сиёсатнинг ниҳоятда қиммат ресурслардан бири саналади. Ҳукмдорларга ишонч ва уларнинг халқ ҳурматига сазовор бўлиши масаласига Конфуций ўз даврида катта эътибор қаратган эди. Шогирди Цзи Гуннинг бошқарув моҳиятига оид саволига жавобан Конфуций шундай дейди: “Яхши бошқариладиган давлатда озиқ-овқат етарли бўлиши керак, қурол-аслаҳа етарли бўлиши керак ва халқ ўз ҳукмдорига ишониши керак. Ўткир зарурат туғилганида қурол-аслаҳадан, озиқ-овқатдан воз кечиш мумкин, лекин халқ ишончидан асло воз кечиб бўлмайди. Негаки бундай ишончдан маҳрум давлат қийинчиликларга дош бера олмайди”.
Халқ ишончи қозонилди. Энди бу ишончни оқлаш керак. Аниқроғи, 87,05 фоиз Президентга тикилган умидвор нигоҳларнинг ишончини оқлаш керак, уларнинг орзу-умидларини рўёбга чиқаришга қодир бўлиш керак. Улар эса давлатимиздан амалий ишлар кутмоқда, салмоқли ишлар кутмоқда, самарали ишлар кутмоқда. Президентимиз таъбири билан айтганда, “Миллионлаб инсонлар – ота-оналаримиз, опа-сингилларимиз, ўғил-қизларимиз бугун бизга умид ва ишонч билан кўз тикиб турибди. Ана шундай умид ва ишончни оқлаш, эришган ютуқларимизни янги натижалар билан мустаҳкамлаш бизнинг нафақат вазифамиз, балки инсоний бурчимизга айланиши шарт”.
“Тизим ўзгаради, вазият ўзгаради, самарадорлик ўзгаради"
Ўзгаришлар такомилни, тараққиётни, юксалишни назарда тутади. Глобаллашув жараёни ва ҳаёт суръатлари жадаллашуви ўзгаришларни, янгиланишларни муқаррар қилиб қўйди. Тараққиёт шиддати ортда қолаётганларни аёвсиз жазоламоқда, тезкор бўлишга, вақтдан ўзишга, замондан илгарилашга ундамоқда. Шу нуқтаи назардан, келгуси 7 йилликда Ўзбекистондаги ҳаёт мазмуни ўзгариши, жараёнлар янгича сифат касб этиши, давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларнинг янада демократлашуви муқаррар. Чунки сайловолди дастурида белгиланган марралар янги вазифалар сифатида кун тартибидан ўрин олди.
Кун тартибидаги вазифалардан бири – ижтимоий давлат қуриш билан боғлиқ. Тан олиш керак, бу – амалга оширилиши ниҳоятда машаққатли, давлатга қимматга тушадиган ва қарор қабул қилувчилардан фавқулодда жавобгарликни талаб этадиган ғоя. Ижтимоий давлатда моддий бойликлар ижтимоий адолат тамойилларига мувофиқ тақсимланади, ҳар бир фуқаро учун муносиб ҳаёт даражаси таъминланади, эҳтиёжмандларга кўмак берилади. Буларнинг барчаси учун масъулият давлат зиммасига юкланади.
Ижтимоий давлат моҳиятини акс эттириш учун айрим олимлар уни “оммавий роҳат-фароғат давлати” деб, бошқалари ”ҳомий-давлат” дея талқин қилади. Ижтимоий давлат бюрократия, коррупция, қонунсизлик каби иллатларга тоқатсиз бўлади. Ижтимоий давлатнинг қурилиши бюджетга катта юклама бўлиб тушади, чунки ялпи ички маҳсулотнинг анчагина қисми социал сиёсатга йўналтирилади. Гарчи чиқимдор ва ўта мураккаб бўлса-да, ижтимоий давлат ниҳоятда инсонпарвар, халқчил, фуқароларнинг манфаат-эҳтиёжларини максимал даражада қондирадиган модель ҳисобланади. “ИНСОН ҚАДРИ” бундай давлатнинг марказий масаласига айланади, инсон капиталини ривожлантириш давлатнинг бирламчи вазифаси сифатида тан олинади.
Давлатимиз раҳбари томонидан янги маррраларга эришишда бошқарув кадрлари олдига қўйиладиган талаблар ҳам белгилаб берилди. Булар қуйидагилар:
–аввалгидан икки-уч карра кўпроқ ғайрат ва шижоат билан ишлаш;
–потенциал хавф-хатар, тўсиқ ва ғовларни эътиборга олиш ҳамда улардан беталафот ўтиш чораларини кўриш;
–йўл қўйилган хато ва камчиликлардан зарур хулосалар чиқариш;
–халқ кутаётган, давр талаб этаётган янги ғоя ва ташаббусларни илгари суриш;
–тобора тақчил бўлиб бораётган ресурслар, мавжуд имкониятлар ва салоҳиятдан оқилона фойдаланиш;
–ҳар қандай муаммони ақл билан, илм-фан ютуқларига таянган ҳолда ҳал қилиш;
–жамият билан доимий мулоқотда бўлиш, халқимиз билан бамаслаҳат иш юритиш.
Тизим ўзгариши учун, вазият ўзгариши учун, самарадорлик ўзгариши учун Президентимиз айтганидек, “Парламентимиз, ҳукуматимиз, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар ўзларининг келгуси фаолиятларини мана шу омилларнинг барчасини инобатга олган ҳолда ташкил этишлари зарур”. Бошқа йўл йўқ.
Ноқобил раҳбарлар билан хайрлашув
Президентимиз давлат бошқарувига келиши билан раҳбар кадрларда учрайдиган иллатларга қарши муросасиз кураш бошлади. Дастлаб улардан юмшоқ оромкурсиларини тарк этишни, ўз кабинетидан чиқишни, муаммолар эпицентрига бориб ишлашни талаб қилди. Раҳбарлар ўз “комфорт зонаси”дан чиқишга мажбур бўлди. Лекин мақсад бу эмас эди. Мақсад – раҳбарларни халққа юзлантириш, давлат ва жамиятни ўзаро бир-бирига яқинлаштириш, жойлардаги муаммоларни батафсил ўрганиш асосида тўғри бошқарув қарорлари қабул қилинишини таъминлаш эди.
Бундай ёндашув асосида “осмонда юрган” раҳбарлар “ерга тушди”, одамлар билан муомала қилишни (гарчи қийин бўлса ҳам), фуқароларни тинглашни (бошлиқ учун ўта муҳим ва ўта камёб хислат) ўрганди, уларда эмпатия (бошқаларнинг туйғуларини, дардини тушуниш лаёқати) пайдо бўлди. Бу бошқарув кадрлари эндиликда кўр-кўрона, масаланинг ичига кирмай қарор қабул қилишдан йироқлашди. Ҳар бир масалани ақл чиғириғидан ўтказиб, уларнинг ечимлари амалиётда қандай “ишлашини” чамалаб кўришга одатланди. Улар пишиқ-пухта, кучли таҳлил ва далилларга асосланган, ва энг асосийси, халқчил қарорларга имзо чека бошлади.
Яшириб нима қиламиз, раҳбарлар билан халқ ўртасидаги “Хитой девори” олингач, аҳоли ўз раҳбарларини таний бошлади. Сайёр қабуллар, ОАВга интервьюлар, депутатлар олдидаги ҳисоботлар ўз натижасини берди, давлат идоралари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш борасида вазият мутлақо ўзгарди.
Кейинги босқичда Президентимиз раҳбар кадрлар фаолиятини баҳолаш мезонларини тубдан ўзгартирди. Эндиликда бошқарувчиларнинг фаолияти халққа фойдалилик тарозисида, самарадорлик ва натижадорлик нуқтаи назаридан ўлчана бошлади. Халқ эҳтиёжларига мослашиш талаби ортди. Силлиқ ҳисоботлар учун ишлаш даври ўтди. Инаугурация маросимидаги маърузасида давлатимиз раҳбари бу масалани яна бир карра урғулади: “Барча бўғиндаги раҳбарларга чиройли, баландпарвоз гапига қараб эмас, фаолиятининг аниқ натижасига қараб баҳо берамиз”.
Албатта, гуруч курмаксиз бўлмайди. Эътиборлиси шундаки, оммавий ахборот воситаларида энг кўп иқтибос келтирилган фикр қуйидагича бўлди: “Қонунларни, одамларни менсимайдиган, уларга қўпол муносабатда бўладиган, бюрократия ва коррупция балосига берилган ҳар қандай раҳбар билан – у вазир ёки ҳоким бўладими, бошқа масъул вазифадаги амалдор бўладими – салбий ҳаракатлари билан давлат обрўсига путур етказаётган бундай кишилар билан узил-кесил хайрлашамиз”. Гарчи Президентимиз илк кунларданоқ раҳбар кадрларда учрайдиган кибр-ҳаво, қўполлик, порахўрликка қарши курашга енг шимариб киришган бўлса-да, бу соҳада ҳали қиладиган ишларимиз кўп.
Ваҳоланки, давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракати билан Ўзбекистонда давлат бошқаруви фалсафаси тубдан ўзгарди. Илгари давлат бирламчи бўлиб, одамлар унинг манфаатларини қондирувчи воситага айлантирилган бўлса, ҳозирда бошқарув пирамидаси 180 градусга ўзгартирилди. Инсон, жамият, халқ пирамиданинг чўққисини эгаллади, давлат сиёсатининг марказидан ўрин олди, унинг манфаатлари олий қадриятга айланди. Муҳими, инсонга ўзгаришларни амалга оширувчи восита деб эмас, ўзгаришлар мақсади сифатида муносабат шаклланди.
“Ким кимга хизмат қилмоғи лозим: давлат инсонгами ёки инсон давлатгами?”, деган фалсафий саволга қатъий жавоб топилди: давлат – инсонга. Шавкат Мирзиёев сиёсатининг мазмуни ва талаби оддий ва содда тарзда ифодаланди: давлат хизматчиси аввало халқ хизматчиси бўлиши шарт. Халқ юкини ўз елкасига олиш, одамларни ҳаётдан рози қилиш – раҳбарлар фаолиятига баҳо беришнинг ўлчов бирлигига айланади. Тўғри-да, ҳар бир инсон, у жамиятда қандай ўрин эгаллаганидан қатъи назар, уни қадрлаши ва ҳурмат қилишини истайди. Кибрга берилиш, бировларнинг кўнглини оғритиш, зулм қилиш Аллоҳга ҳам хуш келмайди.
Жадид боболаримиз йўриғидан бориб, Президентимиз бундай жаҳолатдан маърифат нажот бўлишини уқтирмоқда, бошқарувдаги муаммолар ечимини ҳам таълимдан изламоқда. Раҳбар кадрларнинг узлуксиз ва тизимли таълимини йўлга қўйишни, ўқувлар сифатини оширишни, хорижий тажрибани ўрганишни давр талабига айлантирмоқда.
Тан олиш керак, Ўзбекистонда янги шароитларга мослашувчан, олдига қўйилган масалаларни тезкор ва сифатли ҳал этишга қодир, профессионал кадрлар тақчиллиги мавжуд. Шундай бўлса-да, давлат обрўсига путур етказаётган амалдорлар ҳақида гапирар экан, Президентимиз уларнинг ўрнини ким босишини очиқлади: “Уларнинг ўрнига билимли, Ватан ва халқ ташвиши билан яшайдиган ёш-ёш йигит-қизларни қўямиз”.
“Ёшлик – ғанимат, вақт – ғанимат, фурсат борида отни қамчиланг!”
Давлатимиз раҳбари нутқида янграган бу даъват юртимиздаги 18 миллиондан зиёд навқирон ўғил-қизларга қаратилди. Негаки, Президентимиз айнан ёшлар тимсолида “Янги Ўзбекистон” бунёдкорларини, “Учинчи Ренессанс” яратувчиларини кўради. Уларга бугунги ва эртанги куннинг эгалари сифатида қарайди. Уларнинг садоқати ва фидойилигига ишонади.
Хўш, Президентимиз айнан ёшларга умид боғлаётганининг сабаби нима? Биринчидан, ёшлар – тоталитар фикрлашдан холи, демократияга очиқ тоифа. Иккинчидан, улар иштиёқи баланд, билаги кучга тўла, осмондаги ойни ҳам олиб беришга тайёр ғайрат соҳибидир. Учинчидан, улар ўзгаришларга очиқ, янгиликларга мослашувчанлиги нисбатан юқори. Тўртинчидан, ёшлар довюраклиги туфайли ҳатто сунъий интеллект билан рақобатлашишдан тоймайди. Бешинчидан, ёшлар ташаббуслари ичига сиғмайдиган, билимга чанқоқ гуруҳ ҳисобланади. Ва энг муҳими, ёшлар лидерликка даъвогар, келажак билан боғлиқ катта-катта режалар қураётган, баланд парвозга шай қатламдир.
Президентимиз айнан шундай ёшларга қанот бериб, уларни мансаб отига миндирмоқда. Қобилиятли, тиришқоқ ва лаёқатли ёшлар учун раҳбарлик эшикларини очмоқда. Билимли ва юртига садоқатли кадрлар 22 ёшидаёқ вазир ўринбосари бўлиши мумкинлигини амалда исботламоқда. Давлат хизмати тизимини фидойи, салоҳиятли, профессионал кадрлар ҳисобига тўлдиришда ёшларга таянмоқда. Бундай мансаб пиллапояларидан кўтарилишда ёш ва тажриба эмас, қобилият, ақл-заковат ва иштиёқ ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Бу ҳақда Президент шундай деди: “Мана, сафимизга юртимиздаги, чет элдаги нуфузли олийгоҳларда ўқиган, йирик компанияларда ишлаган қанча-қанча салоҳиятли ёшлар кириб келмоқда. Мен уларнинг тимсолида аввало эртанги кунимизнинг янги раҳбарларини, ҳудуд, тармоқ ва соҳаларнинг моҳир бошқарувчиларини кўраман”. Ёшларга билдирилган бундай ишонч, уларни мансаб пиллапояларидан кўтарилишига берилган бундай рағбат эртага ўз меваларини беришига ишонаман.
Кадрлар тобланадиган маскан
Президент Шавкат Мирзиёевнинг “ютуқлар дафтари”га битилган ўзгаришлардан яна бири маҳалла билан боғлиқ. Давлат бошқарувидаги ислоҳотлар боис барча давлат идоралари фаолияти маҳаллагача туширилди. Маҳалла, ўз навбатида, бошқарув пирамидасининг чўққисига чиқарилди. Маҳалла давлат сиёсатининг муҳим бўғини, ислоҳотлар драйверига айланди.
Эътибор берадиган бўлсак, дастлаб маҳаллаларга тушиб, муаммолар ўрганилди. Тизимли муаммолар аниқлангач, тегишли вазирликларда бу муаммоларни ҳал қилишга йўналтирилган қарорлар қабул қилинди. Бора-бора маҳалла муаммолар ўрганиладиган ва аниқланадиган маскандан муаммолар жойида ҳал қилинадиган, муҳим қарорлар қабул қилинадиган масканга айланди. Аҳоли фаровонлигини таъминлашда маҳалла жамоатчилик ва давлат органлари ўртасидаги “таянч кўприк” вазифасини ўтай бошлади. “Очиқ бюджет” лойиҳасинининг ишга туширилиши натижасида маҳалла жамоатчилик бошқарувининг муҳим бўғинига айланди.
Маҳалла мўъжаз бир ҳокимият моделини ўзида гавдалантириб, уни менежер-раис раҳбарлигидаги “бешлик” бошқара бошлади. Бу “бешлик” очиқ танлов асосида шакллантирилди ва дастлабки босқичда ўқитилди. Ундан ўрин олганлар маҳаллада бебаҳо тажриба орттира бошлади. Улар хонадонбай ишлашни, муаммоларнинг халқчил ечимларини топишни ўрганмоқда. Улар сабр косаси тўлган одамларни тоқат билан тинглашни ўрганмоқда. Улар устуворликларни белгилашни ўрганяпти: қайси оилалар бирламчи кўмакка муҳтожлигини аниқлаяпти. Улар бегоналарнинг туйғуларини тушунишни, уларга қайғудош, ҳамдард, кўмакдош бўлишни ўрганмоқда. Муҳими, одамларнинг оғирини енгил қилишдек савобли амаллардан роҳат топмоқда. Маҳалладаги муҳит, маҳалладаги муаммолар, маҳалладаги иш услуби уларни тобламоқда.
Институционал жиҳатдан такомиллаштирилган маҳалла янги авлод бошқарув кадрларини тайёрлашнинг ҳаётий мактабига айланди. Маҳалла “қозонида қайнаган” кадрлар эндиликда юқори ва масъулиятли лавозимларга тайинлана бошлади. Бошқача айтганда, Президентимиз маҳалладаги бешлик учун карьера моделини чизиб берди: маҳаллада ишлаб, халқ дардини билиб, унинг муаммоларини ҳал қилишга астойдил бел боғлаган маҳалла менежерларини юқори лавозимларга тайинлаш механизмини яратди. “Раҳбар бўлиш учун халқнинг ичидан чиқиб келиш керак”, деган тамойил амал қила бошлади. Маҳалладаги бешлик ҳали кўплаб жонкуяр ва фидойи кадрлар учун яхши “трамплин”, кучли мотивация, ўзига хос ижтимоий лифт вазифасини ўташи аниқ. Бу жиҳатдан “халқ хизматидаги давлат”ни барпо этишда, инсонпарвар бошқарувни таъминлашда маҳалла катта роль ўйнамоқда.
“Ҳақиқий сафарбарлик энди бошланади!”
Одатда, мамлакат ҳаётининг ҳал қилувчи паллаларида ялпи сафарбарлик эълон қилинади. Сайлов ва референдумлар ҳам ана шундай жараёнлар сирасига киради. Конституциявий референдумда ҳам, Президент сайловида ҳам Ўзбекистон халқи ана шундай сафарбарликни намоён қилди. Лекин Президентимизнинг мана бу гапи мени ўйлантириб қўйди: “Кимки “Сайлов ўтди – сафарбарлик тугади”, деб ўйласа, хато қилади”. Бу ибораси билан давлат раҳбари нима демоқчи бўлди? Эндиги сафарбарлик нимага хизмат қилади?
Сайловолди дастурида ва инаугурация маросимида Президентимиз яқин 7 йиллик мақсад-марраларимизни баён этди. Сайловда Шавкат Мирзиёевга овоз берган ҳар бир фуқаро аслида унинг сайловолди платформасидан ўрин олган ғояларга ҳам овоз берди. “Ўзбекистон–2030” мақсадларини амалга ошириш Президентга хайрихоҳ ва тарафдор инсонлар билан бир қаторда унга камарбаста ва елкадош инсонларнинг кўп бўлишини тақозо этади.
Бундай инсонларга янги Ўзбекистонни қуриш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш билан боғлиқ ислоҳотларнинг энг олд қаторларида бўлиш, том маънода тарих ғилдирагини айлантириш имконияти берилади. Зеро, нафақат бугун қандай яшашимиз, балки эртанги кунимиз қандай бўлиши ҳам бизнинг ана шу сафарбарлигимизга боғлиқ бўлади. Биз тарихан муҳим жараённинг марказида турибмиз, бизга мамлакат тақдирига дахлдор улкан ишга ҳисса қўшиш имконияти берилмоқда.
Бизнинг ҳар кунимиз инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат сари ташланган қадам бўлиши керак. “Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун – бу келажак пойдевори” деган шиор бугундан бошлаб ҳаётимиз қоидасига, ҳар қайси раҳбарнинг, барча халқ ноиблари, вазир ва ҳокимларнинг кундалик фаолият дастурига айланиши шарт”, дейди давлатимиз раҳбари. “Янги Ўзбекистон” деб амалмиш улуғвор иморатни тиклашда раҳбарлар билан бир қаторда ҳар биримиз ўз ҳиссамизни кўшишимиз, маъжозий маънода ўз ғиштимизни қўя олишимиз керак. Чунки келгуси етти йилга мўлжаллаб ишлаб чиқилган стратегик мақсадларга эришишдан ҳаммамиз ва ҳар биримиз манфаатдормиз. Шу боис, бу мақсадлар Президентимизнинг “кун тартиби”дан ҳар биримизнинг “кун тартиби”мизга кўчишига ишончим комил. Энди “бизга бўлаверади” деб яшашга хаққимиз ҳам вақтимиз ҳам йўқ!
Отабек ҲАСАНОВ,
сиёсий фанлар доктори (DSc)