«Хива – Ислом дунёсининг туризм шаҳри» шиори остида халқаро тадбир бўлиб ўтди

    Туризм 6 март 2024 1777

    Жорий йил 5 мартда Хива шаҳрининг Ичан-қалъа мажмуасида “Хива – Ислом дунёсининг туризм шаҳри” шиори остида халқаро тадбир бўлиб ўтди.

    Тадбирда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг котибияти, экспертлари ва унинг таркибидаги ташкилотлар, Туризм қўмитаси ва Хоразм вилояти ҳокимлиги расмийлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

    Маълумот учун: 2022 йил 27-29 июнь кунлари Озарбайжон Республикасининг Боку шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо давлатлар туризм вазирларининг ХI сессиясида Хива шаҳрига 2024 йилда “Ислом дунёсининг туризм шаҳри” мақоми берилган эди.

    Сессияда Ўзбекистон делегацияси раҳбари — Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов томонидан ўтказилган тақдимотда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан туризм соҳасида юритилаётган очиқлик сиёсати, виза режимининг соддалаштирилиши, маданий меросни сақлаш, тарихий шаҳарларни ободонлаштириш каби ислоҳотлар ҳамда Хива шаҳрининг тарихи, маданияти ва туризм салоҳиятига алоҳида эътибор қаратилди.

    Бу эътирофи – ички ва ташқи туризмни ривожлантириш, янги инфратузилма объектлари, музей ва экспозициялар барпо этиш, сайёҳлик хизматлари экспорти ҳажмини ошириш имконини беряпти.

    “Хивага Ислом ҳамкорлик ташкилоти томонидан Ислом дунёсининг туризм шаҳри мақомининг берилиши халқаро туризм бозорида Хивани туристик дестинация сифатида янада танилишига имконият яратади, – деди Туризм қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Жамшид Абдусаломов.

    Марказий Осиёдаги энг диққатга сазовор шаҳарлардан бири Хива, минтақада бутунлигича сақланиб қолган ягона нодир обида-шаҳардир. У ўзининг қадимий обидалари билан машҳур бўлиб, дунёнинг барча бурчакларидан сайёҳларни ўзига тортади. Хива шаҳри 1990 йил 12 декабрда ЮНEСКОнинг Канадада бўлиб ўтган ХIV сессиясининг махсус қарори билан Ўрта Осиёда биринчи бўлиб “Бутун жаҳон мероси” сифатида рўйхатга олинган.

    “Маълумки, Хива ўтмишда маданият ва илм маркази сифатида тан олинган, — деб таъкидлади Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиб ўринбосари Аҳмад Кавеса Сангендо.

    Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиб ўринбосари Аҳмад Кавеса Сангендо томонидан Хивага 2024 йилда “Ислом дунёсининг туризм шаҳри” мақоми берилганлиги муносабати билан Хива туман ҳокимига сертификат топширилди.

    2024 йил май ойида Хива шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар туризм вазирларининг ХII сессияси ўтказилади, деб хабар беради Туризм қўмитаси матбуот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates