Янги бинонинг қурилишида унинг замонавий шаҳарсозлик меъёрларига мос келиши, фуқаролар, айниқса, жисмоний имконияти чекланган шахслар учун энг қулай шароитлар яратилишига алоҳида эътибор қаратилди. Марказда электрон навбат тизими, маълумот киоски, ўз-ўзига электрон хизматлар олиш бурчаги, болалар майдончаси ва мини кутубхона мавжуд.
Таъкидлаш жоиз, кўплаб давлат хизматларидан экстратерриториал асосда, яъни яшаш ва рўйхатга қўйилган манзилидан қатъий назар фойдаланиш мумкин. Бу ерда кунига 200 нафаргача аҳолига 160 га яқин давлат хизматини кўрсатиш имконияти мавжуд.
Марказ аҳолининг барча қатламларига, жумладан, ёш болали аёллар, турли гуруҳдаги ногиронлиги бўлган шахслар, ёшлар ва кексаларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган. 125 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган туманда уларнинг 2,5 фоизини ногиронлиги бўлган шахслар, 7,5 фоизини кексалар ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тумандаги Халқ қабулхонаси, туман ФҲДЁ бўлимининг бир бинода жойлашиши аҳолига янада қўлайлик яратади.
Давлат хизматлари агентлиги, Европа Иттифоқи ва БМТ Тараққиёт дастурининг «Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида давлат хизматлари кўрсатишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш» Қўшма лойиҳаси доирасида пилот ҳудудлардаги, хусусан, Хўжайли туманидаги Давлат хизматлари марказини ҳам замонавий IT ва коммуникация ускуналари, фуқаролар учун қулай кутиш зонаси билан таъминланяпти.
Бундан ташқари, Қўшма лойиҳа доирасида давлат хизматларини олишда қулайлик яратиш учун Брайл алифбосидан кенг фойдаланиш, ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатишга ўқитиш мақсадида операторлар учун тренинглар ташкил этиш ва давлат хизматлари порталида алоҳида эҳтиёжли шахслар учун махсус ёрлиқ (илова) ишлаб чиқиш жорий этилган. Аҳолининг компьютер саводхонлигини ошириш, АКТ ва ягона давлат хизматлари порталидан фойдаланишга ўргатувчи курслар ташкил этилади.
Давлат хизматлари агентлиги
Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси матбуот хизмати.