"Ҳаваскор сифатида шахматга 8 та таъминотчи тош қўшдим ва шахмат доскасини катталаштирдим. Бунга икки йилдан ошди, шахматга қизиқадиган одамлар билан ўйнаб кўрдим, кейин улар жуда қизиқ ва мукаммал ўйин бўлибди, оммага жорий қилса бўлар экан, дейишди.
Адлия вазирлигига бориб, шу янгилик ҳақида айтганимда, яхши янгилик қилибсиз, дейишди ва муаллифлик гувоҳномаси, бундан ташқари, ЭҲМ дастурлари учун патент ҳамда гувоҳнома ҳам беришди. Шу тариқа шахматга киритилган ушбу ўзгариш янги спорт турига айланди ва шахмат плюс номи билан патентланди.
Шахматга ҳурматим чексиз бўлгани учун уларнинг ҳаракатига ёки йўналишига ҳеч қандай ўзгартириш киритмадим. Фақат таъминотчи тош қўшиб, доскани кенгайтирдим. Яъни 4 тадан 8 та таъминотчи тош қўшилган, тўртта оқ ва тўртта қора. Катаклар сони аввал 64 та эди, ҳозир 80 тага кенгайтирдим. Шахмат усталари Бахтиёр Жумаев ва Бобур Сатторов бу доскада ўйнаб кўришди, “5 партия ўйнаб, шуни англаб етдикки, мураккаб ва қизиқарли ўйин чиқибди, олдинги ўйиндан икки ярим баравар кучли”, деган хулосага келишди", дейди А.Исоқов.