Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат, интеллектуал миллат шаклланган маърифий мамлакат

    “Аввал — инсон, кейин — жамият ва давлат”, деган эзгу ғоя бунда асосий мезон қилиб олинган.

    Сиёсий назарияга кўра, давлат раҳбарининг Парламентга мурожаати ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи тармоқлари ўртасидаги муносабатларнинг тарихан шаклланган шакли ҳисобланади. Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси анъанавий тус олгани халқимиз сиёсий қарашларига ўзгача шакл ва мазмун бериши баробарида, Янги Ўзбекистон сиёсий назариясида аввалгиларига ўхшамаган жанрга асос солди.

    Мамлакатимиз етакчисининг бу галги Мурожаатномаси нафақат Парламентга, балки Ўзбекистон халқига ҳам қаратилган бўлиб, у миллий тараққиётимизнинг жорий йил ва келгусидаги стратегик йўналишлари аниқ белгилаб берилган дастурий ҳужжат бўлди. Зеро, олтита устувор йўналишдан иборат ушбу Мурожаатномада сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий масалалар, парламентнинг қонунчилик фаолиятига дахлдор таклифлар тўлиқ қамраб олингани билан ғоятда аҳамиятлидир.

    Аввал инсон...

    Жонажон Ўзбекистонимизда инсон — энг олий қадрият. Унинг манфаатлари, ҳақ-ҳуқуларини таъминлаш, қадрини улуғлаш ислоҳотларнинг янги босқичида бир неча поғона юқорилади. Энг қувонарлиси, бу жараён изчил давом этирилиб, асосий Қонунимиз ҳам маъно-мазмуни инсон қадрини улуғлаш руҳи билан бойитилмоқда. Гап шундаки, Ўзбекистон Республикаси Конституция такомиллаштириляпти. “Аввал — инсон, кейин — жамият ва давлат”, деган эзгу ғоя бунда асосий мезон қилиб олинган.

    Бош Қомусимизга ўзгартиришлар киритиш орқали миллий давлатчилигимизнинг конституциявий асосларини мустаҳкамлаш сиёсати Мурожаатноманинг мазмун-мундарижасини моҳиятан ўзгартириб юборди. Чунки жорий йилнинг белгиланган ҳар бир устувор йўналиши ва ижроси, энг аввало, Конституция талабларига жавоб бериши шартлигига урғу берилди. Содда қилиб айтганда, эндиликда сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий жабҳаларда белгиланган ҳар бир вазифа ижроси бевосита асосий Қонунга киритилиши мўлжалланган нормалар талабига мос бўлиши лозим. Бу Конституция, қонунлар ва реал амалий ҳаётнинг уйғунлашаётганидан далолат. Ҳисоб бўйича бешинчи бор йўлланган Мурожаатноманинг олдингиларидан фарқли томонлари ҳам шунда.

    Шунингдек, у бир йилга эмас, балки 2023—2026 йилларга мўлжалланган бўлиб, бу даврда Янги Ўзбекистон Стратегиясининг концептуал яхлит мундарижасидан келиб чиққан ҳолда, Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш, Инсонга эътибор ва сифатли таълим йилида мамлакат ички ва ташқи сиёсатининг давлат—жамият—хўжалик қурилиши ва бошқарувидаги ислоҳотларни амалга ошириш белгилаб берилгани билан барчанинг қалбидан чуқур жой олаётгани айни ҳақиқатдир.

    Янги Ўзбекистон Конституциявий ислоҳотлар самараси ўлароқ том маънода ижтимоий уйғун давлат бўлиши кутилмоқда. Асосий Қонунга киритилаётган ўзгаришлар айнан давлатнинг ижтимоий мақомини конституциявий расмийлаштиришдан бошланаётгани сабаби шунда. Аҳолига муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш кучли ижтимоий сиёсатга айланди. Зотан, Президентимиз таъкидлаганидек, “Ижтимоий давлат бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш, демакдир”.

    Ихчам ва самарали бошқарув

    Демократик ислоҳотлар мезони бўлмиш “Давлат — инсон учун” тамойили халққа хизмат қилишнинг самарали воситаси ҳисобланган давлат органлари ва бошқарувининг цивилизациявий имкониятларини янада кенгайтиради. Шунинг учун ҳам ихчам ва самарали давлат бошқаруви тизимига ўтиш жорий йилдаги устувор вазифаларнинг биринчи йўналиши қилиб белгаланди.

    Икки босқичли “қўл бошқаруви”дан аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш кўзланган. Бундай маъмурий ислоҳотлардан бош мақсад эса ҳукуматнинг иш услубини тубдан ўзгартириш, вазирлик ва идоралар сонини камайтириш, таркибини ташкилий-институционал ихчамлаштириш, давлат хизматчиларини 30—35 фоизга босқичма-босқич қисқартириб, иқтисод қилинадиган маблағларни ижтимоий масалаларга йўналтиришдан иборат.

    Хабарингиз бўлса керак, бу борадаги ишлар аллақачон бошлаб юборилди. Президентимизнинг 2022 йил 23 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, вазирлик ва идоралар сони 61 тадан 28 тага туширилди.

    Хўш, маъмурий ислоҳотлар туфайли қанча маблағ иқтисод қилинади?

    Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бунинг ҳисобига 2,8 триллион сўм маблағ тежалиши кутилаётир. Жумладан, вазирлик ва идоралар штат бирликларини 30 фоизгача қисқартириш ҳисобига 2,4 триллион сўм, ташкилот ва идораларни мақбуллаштириш ҳисобига бўшаган 300 дан ортиқ биноларни сотишдан 300 миллиард сўм маблағ бюджетга тушади.

    Раҳбар лавозими қисқариши туфайли 55 та автомашинани аукционда сотишдан 16,5 миллиард сўм, ҳудудларга хизмат сафарларини камайтириш, онлайн қабул тизимини қўллаш ҳисобига эса қарийб 17 миллиард сўм маблағ тежалиши кутилмоқда. Давлат бошқаруви аппаратини сақлаш билан боғлиқ харажатларни мақбуллаштириш ҳисобига 22 миллиард сўм иқтисод қилинади. Шунингдек, расмий тадбирларни ўтказиш бўйича максимал нархларни ўз ичига олувчи меъёрларни белгилаш орқали харажатларни мақбуллаштириш ҳисобига 18 миллиард сўм тежалиши режалаштирилган.

    Маъмурий ислоҳотларнинг иккинчи босқичида эса ҳудудлардаги бошқарув тизими янгиланади. “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонунга кўра, бундан буён давлат лавозимларига фақат танлов асосида ишга олинади, фаолият самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаб борилади. Ҳар йили 500 нафар мутахассис энг нуфузли хорижий олийгоҳ ва марказларда ўқитилади. Туман ва шаҳар ҳокимлигига республика идораларида юқори лавозимларда ишлаган тажрибали билимдон менежерлар танланади. Зеро, янги раҳбарлар олдига ҳар йили камида 40—50 миллион доллар хусусий инвестициялар олиб кириш талаби қўйилаётир.

    Нажот — таълимда

    Янги Ўзбекистон — интеллектуал миллат шаклланган маърифий мамлакат. Зеро, мамлакатимизда маърифатпарвар жадид боболаримизнинг “Нажот — таълимда, нажот — тарбияда, нажот — билимда. Чунки барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади”, деган қанотли сўзларидан келиб чиқиб, таълим сифатини яхшилашга жуда катта инвестиция киритиляпти.

    Бу ҳақда гап кетганда, болаларни мактабгача таълим билан сифатли қамраб олиш даражаси 80 фоизга етказилиб, 600 минг янги боғча ўрни яратилгани, Президент мактабларида 130 та мамлакатда маъқулланган “A-level” таълим дастури йўлга қўйилгани, 198 та олийгоҳдан 41 та институтга академик ва молиявий мустақиллик берилгани, талабалар учун имтиёзли таълим кредитларига ресурслар икки баравар кўпайтирилгани, олимларнинг иш ҳақи 4,5 баравар оширилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

    Бу борадаги ишлар бундан кейин ҳам изчил давом эттирилади. Чунки таълим сифатини ошириш — Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўли сифатида танлаб олинган. Шу боис таълимни замонавий халқаро андазалар даражасига кўтариш мақсадида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилади. Ушбу мақсад йўлидаги ишлар янги дарсликлар яратиш, илғор таълим стандартлари ва методикаларини жорий этишдан бошланди.

    2023 йилдан эътиборан янги дастур амалга оширилади. Ҳар бир вилоятда 1 тадан техникумда Европа касбий таълим стандартлари жорий этилса, келгуси беш йилда барча коллеж ва техникумлар ушбу тизим билан қамраб олинади. Шу тариқа Учинчи Ренессанс бунёд этишга қодир интеллектуал миллатни тарбиялаш ва шакллантириш йўлида мустаҳкам пойдевор қўйиляпти.

    Жамиятдаги янгиланишлар кўзгуси

    Маҳалла ўзимизга хос бўлган, дунёда ўхшаши йўқ институт. Таъбир жоиз бўлса, у жамият виждони, янгиланиш ва ўзгаришларнинг чинакам кўзгусидир. Бошқача қилиб айтганда, мамлакат ҳаётининг барометри, давлатнинг микро матрицаси ҳисобланади. Негаки, давлат ва жамият ҳаётида нима содир бўлса, у, аввало, маҳаллада акс этади. Давлат инвестиция дастурларининг маҳалла даражасига туширилишининг сиёсий-ижтимоий сабаби маҳалланинг ана шу нодир ижтимоий феноменида, десак, муболаға эмас.

    Эндиликда мазкур йўналишдаги ишлар янгича маъно-мазмун касб этиб, уларнинг кўлами кенгайтирилади. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун Мурожаатномада экс этган қатор вазифаларга эътибор қаратиш ўринлидир. Хусусан, маҳалла ўзининг муаммосини мустақил ҳал этиши учун “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилади, мол-мулк ва ер солиқларининг муайян қисми маҳалланинг ўзида қолади, ҳар бир маҳалла ўз кутубхонаси ва спорт майдончасига эга бўлади. Бу ҳукумат ва аҳоли ўртасидаги муносабатларни тартибга солиб туришда маҳалла институтларининг аҳамияти янада ошишидан далолатдир.

    Ҳуқуқий давлат — энг одил давлат

    Инсон ўзини қачон бахтли ҳис этади? Албатта, ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилинганида. Юртимизда айни шу мақсад йўлида бошланган ислоҳотлар давом эттирилиб, у давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланмоқда. Мурожаатномада бу аниқ-тиниқ кўрсатилди.

    Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ўргатадиган, одил судлов сифатини оширадиган тизим яратиляпти. Унга кўра, мулк ҳуқуқуни энди фақат суд чеклайди, судда ишларни кўришда қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпуси шакллантирилади. Бундан буёғига судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячининг фикри билан бирга қабул қилинади. Тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкция прокурордан судга ўтказилади, илғор хорижий тажрибалар асосида маъмурий судлар фаолияти янада такомиллаштирилади.

    Бундайин тизимли янгиланишлар замирида битта мақсад мужассам. У ҳам бўлса, қонун устуворлигини ва инсон ҳуқуқлари олий қадриятлигини мудом таъминлашдир.

    Табиат ишора бермоқда

    Маълумки, Ўзбекистон Осиё ва Европа туташ чегарадаги жуда катта берк ҳавзали, иқлими қуруқ ва кескин континентал, турли табиат зоналарига бўлинган қурғоқчил ҳудудда жойлашган. Шу боис, экология ва сув минтақамиз учун азалий муаммолар сирасига киради. Мурожаатномада ушбу глобал масала ҳам четда қолмаган.

    Тупроқ, сув ва ҳавонинг ифлосланиши, иқлим ўзгаришлари ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёси учун ташвишли ҳол. Устига-устак, 5,5 миллион гектардан ортиқ майдонда Оролқум саҳросининг пайдо бўлгани, ҳар йили 100 миллион тонна қум ва туз ҳавога кўтарилаётгани минтақада тупроқ таркибининг бузилишига, унумдор ерларнинг қисқаришига олиб келяпти. Ушбу эгологик муаммо таъсирини камайтириш, қурғоқчилик ва обиҳаёт тақчиллигини юмшатиш учун сув ҳисобини очиқ-ошкора юритиш тизими жорий этилмоқда. Мурожаатномада келгуси уч йилда 13 мингга яқин сув хўжалиги объектини рақамлаштириш, 16 та йирик насос станциясини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиб, муқобил энергияга ўтказиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишларни кучайтириш назарда тутилгани ҳам эътиборга молик жиҳатдир.

    Айтиш жоизки, қишлоқ хўжалиги соҳаси, хусусан, пахтачиликда кластер тизими жорий этилгач, сув ресурсларини иқтисод қилиш, суғоришнинг тежамкор усулларини кенгайтириш имконияти пайдо бўлди. Натижида қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган ерлар ҳам ўзлаштирилмоқда. Жорий йилда пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 300 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилиши кўзда тутилган. Бунинг ҳисобига 2 миллиард метр куб сув иқтисод қилиниши кутилмоқда.

    Бундан ташқари, кластерларда сув тежашда муҳим аҳамиятга эга бўлган лазерли текислашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Шу йилнинг ўзида 200 минг гектар майдон экин-текинга шу усулда тайёрланади. Натижада тежалаётган сув ресурслари эвазига 90 минг гектар ер майдонлари қайта ўзлаштирилиши белгиланган. Бу табиат бераётган ишораларга муносиб жавобдир, аслида.

    Иқтисодий тенгсизлик барҳам топади

    Эркин бозор механизмларини жорий қилиш, соғлом рақобат ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилмоқда. Зотан, дастуриламал ҳужжатнинг бешинчи йўналиши ана шу мақсадга йўғрилган.

    Эътиборлиси, ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тенгсизликни қисқартиришга алоҳида урғу бериляпти. Яъни туман ва шаҳарларни бир маромда ривожлантиришга янгича ёндашилиб, уларнинг мавжуд шароити, салоҳияти ва имкониятларидан келиб чиқиб, 5 тоифага ажратиладиган бўлди. Тоифага қараб, туман ва шаҳарларнинг иқтисодий ривожланиш истиқболлари белгиланади, тадбиркор учун субсидия, кредит ва компенсациялар ажратилади. Бу бежиз эмас, албатта. Негаки, давлат томонидан берилаётган кўмак жойлардаги реал ҳолатдан келиб чиқиб йўналтирилса, унинг самараси катта бўлади.

    Шу билан бирга, назорат қилувчи ва рухсат берувчи муассасалар фаолияти қайта кўриб чиқилади, давлат идораларида тадбиркорларга сервис хизмати кўрсатишни баҳолаш тизими жорий қилинади. Энг асосийси, илғор тажрибалар асосида солиқ ва божхона маъмурчилиги енгиллаштирилади. Жумладан, жорий йилда қўшилган қиймат солиғи ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга пасайтирилди. Бунинг ҳисобига тадбиркорлар ихтиёрида камида 14 триллион сўм маблағ қолиши ҳисоб-китоб қилинган. Табиийки, бу маблағ бизнесни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва ишчи-ходимларнинг, демакки, аҳолининг турмуш фаровонлиги учун йўналтирилади.

    Иқтисодиёт қон томири

    Инвестиция иқтисодиётнинг қон томирига қиёсланади. Чиндан ҳам, инвестициясиз ривожланиш ҳам, тараққиёт ҳам бўлмайди. Ҳар қандай истиқболли лойиҳалар ижроси маблағга бориб тақалади. Шу боис Мурожаатноманинг якунловчи олтинчи йўналиши айнан шу масалага бағишлангани айни муддао.

    Унга кўра, иқтисодиётга маҳаллий ва хорижий хусусий инвестицияларни кўпайтириш учун шароитлар янада яхшиланиб, жозибали инвестиция муҳити яратилади. Шундан келиб чиқиб, марра ҳам баланд олинмоқда. Жорий йил иқтисодиётга 30 миллиард доллар сармоя, жумладан, 25 миллиард доллар хусусий инвестициялар жалб қилинади. Натижада қиймати 8 миллиард долларлик 300 дан ортиқ лойиҳалар ишга туширилади, 40 та янги йирик лойиҳа иш бошлайди.

    Мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли бандлигини таъминлашда саноат тармоқлари катта ўрин тутади. Шунинг учун сўнгги йилларда юртимизда 19 та эркин иқтисодий зона ва 400 дан зиёд кичик саноат зонаси ташкил этилди. Тўқимачилик, кимё, қурилиш материаллари, чарм, фармацевтика, электр техникаси каби тармоқларни “драйвер”га айлантириш учун 3 миллиард долларлик молиявий ресурслар ажратилди. Саноатни хомашё билан таъминлаш учун геология-қидирув ишлари 3 баробар кўпайтирилиб, 600 тадан зиёд янги кон аниқланди. Натижада охирги беш йилда саноат корхоналари сони 2 баробар кўпайиб, 100 мингтага етди, ишлаб чиқариш ҳажми 1,4 бараварга кўпайди. Бу ҳудудлар ривожига ижобий таъсир қилмоқда.

    Давлатимиз раҳбари томонидан республикамизнинг барча ҳудудларида саноатни ривожлантириш, иқтисодиётини кўтариш учун қўшимча равишда яна тўртта имконият тақдим этилмоқда.

    Биринчи имконият — банк нормативлари қайта кўриб чиқилиб, тижорат банкларида корхоналарга кредит ажратиш учун қўшимча 55 триллион сўм ресурслар таъминланади. Бу — битта туманда ўртача 20 миллион долларлик инвестицияга қўшимча манба, дегани.

    Иккинчи имконият — 2023 йилда саноат зоналари ва йирик инвестиция лойиҳалари инфратузилмаси учун 1,7 триллион сўм йўналтирилади.

    Учинчи имконият — жорий йилдан бошлаб, иқтисодий ривожланиши орқада бўлган тўртинчи ва бешинчи тоифадаги 60 та туманга 27 турдаги солиқ имтиёзи, субсидия ва преференциялар берилганидир.

    Тўртинчи имконият — гиламчилик, уй текстили, чарм ва заргарлик тармоқлари учун тақдим этилаётган енгилликлар. Унга кўра, 2023 йилда тўқимачилик лойиҳаларига қўшимча 300 миллион доллар йўналтирилади.

    Буларнинг самараси узоқ куттирмайди, албатта. Яқин истиқболда ҳудуларнинг саноат салоҳияти ортиб, иқтисодиётимиз ривожида янада жадаллашади, экспорт имконияти тубдан кенгаяди. Таъбир жоиз бўлса, Янги Ўзбекистон рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариладиган саноат марказига айланади. Ўтган йили 2 мингга яқин тадбиркорлар илк бор ташқи бозорга чиққан бўлса, ушбу рақам йил сайин ортиб бораверади. Бинобарин, жорий йилда экспорт ҳажми илк бор 23 миллиардан ортиши, тўқимачилик, электр техникаси, чарм-пойабзал ва бошқа тайёр маҳсулотлар экспорти камида икки баравар ошиши кутилмоқда.

    Янги Ўзбекистоннинг улкан мақсадлар сари дастлабки қадамлари катта билим ва тажриба тўплаш билан ташланди. Бу эса кўзланган қутлуғ манзил ва марраларга етиш имкониятини янада кенгайтириши муқаррардир.

    Саъдулла ТОЖИЕВ,

    иқтисод фанлари номзоди

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг (20.01.23, 13-сонида чоп этилган)

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates