Янги Ўзбeкистоннинг — янги марралари

    "Инсон қадри учун" тамойили остида демократик ва ижтимоий давлат барпо этилаётган Янги Ўзбекистонда халқнинг оғирини енгил қилиш, унинг муаммоларини вақтида ва самарали ечиш, одамларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш ислоҳотларнинг бош мақсади, ўзига хос марра ва мезон этиб белгиланди.

    2017 йилда бошланган стратегик ислоҳотлар, 2022 йилда янги босқичда "Ҳаракатлар стратегиясидан – тараққиёт стратегияси сари" тамойили остида янада кучайтирилди. "Ўзбекистон – 2030" стратегиясининг қабул қилиниши эса Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлини янада кенгайтирди.

    "Етти ўлчаб – бир кес" дейди донишманд халқимиз. Мазкур пурмаъно мақолнинг мазмуни "Янги Ўзбекистон – 2030" стратегиясида белгиланган эзгу вазифалар ва янги марраларда кўринади. 100 та мақсад асосида кўзланган янги марралар – Янги Ўзбекистонни тараққиёт ва фаровонлик сари олиб боради.

    Жорий йил 18 август куни тадбиркорлар билан ўтказилган учрашувда Муҳтарам Президентимиз тадбиркорлик йўналишида амалга оширилаётган ишларга батафсил тўхталар экан, ўтган бир йилда кичик тадбиркорлар сони 40 мингтага кўпайиб, 490 мингга, ўрта тадбиркорлар сони 2 мингтага ошиб, 10 мингга етгани, йирик корхоналар сони эса бир йилда 400 тага кўпайиб, 1,5 мингта бўлгани тўғрисида маълумот берди.

    Экспортни қўллаб-қувватлаш ҳисобидан сўнгги тўрт йилда бундай корхоналар сони 4,5 мингтадан 7,2 мингтага кўпайди, четга сотилаётган маҳсулот турлари 1,5 мингтадан 3 мингтага ошиб, географияси 139 та мамлакатдан 164 тага кенгайди. Ташқи бозорларга тайёр маҳсулот сотиш ҳажми 2 баробар, бунда товарлар экспортидаги улуши эса 50 фоиздан 65 фоизга ошди. Бу кўрсаткичлар мамлакатимизда тадбиркорларга яратилган қулай шароитларнинг «мевасидир».

    Халқаро ҳамкорлик йўналишида миллий манфаатлар устуворлиги, яқин қўшничилик, иттифоқчилик, барқарор тараққиёт, янги бозор – янги имкониятлар, биргаликда саъй-ҳаракат тамойиллари остида дадил қадамлар билан дипломатик алоқалар ўрнатилди. Жумладан, яқинда Остона шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувида нутқ сўзлаган Президентимиз "Сиёсий ирода ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли бугун Марказий Осиё қўшничилик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва барқарор тараққиёт маконига айланмоқда, — деб таъкидлади.

    Давлатимиз раҳбари муҳим ташаббус ва қарорларнинг тизимли равишда амалга оширилиши натижасида минтақа мамлакатларининг яқинлашув жараёни барқарор, изчил ва ортга қайтмас тус олганини эътироф этди. Ушбу учрашувда Президентимиз минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш концепциясини ишлаб чиқиш, Марказий Осиё бизнес ҳамкорлиги ҳафталигини ўтказиш, Марказий Осиё инвестиция кенгашини таъсис этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, Марказий Осиёни барқарор ривожлантириш комплекс дастури, трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларидан оқилона фойдаланишнинг минтақавий стратегиясини ишлаб чиқиш, маданий-тарихий мероснинг умумийлигини ҳисобга олган ҳолда, халқларимизнинг минтақа келажаги учун дахлдорлиги, бирдамлиги, умумий масъулиятни англашини кучайтириш, инновацион ғоялар ва лойиҳалар минтақавий ёшлар танловини ўтказиш, минтақа давлатларининг иқтидорли талабалари ўқиши учун ўзаро келишувлар асосида стипендиялар ажратиш, "Битта тур – бутун минтақа" тамойили бўйича миллий IT карталарни ўзаро тан олиш ва оммавий туристик маҳсулотларни ишлаб чиқиш каби долзарб таклифларни илгари сурдилар.

    Мана шундай таклифларни илгари суриш орқали Марказий Осиё давлатлари ўртасида яқин қўшничиликни мустаҳкамлаш ва ҳар томонлама қулай муҳитни яратиш бўйича Ўзбекистон етакчи давлатга айланди. Бунинг натижасида Остона шаҳридаги учрашувда муҳтарам Президентимизга минтақа давлатлари ўртасидаги дўстлик, қўшничилик ва ўзаро англашувни ривожлантиришдаги алоҳида хизматлари учун Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Фахрий нишони топширилди.

    Ижтимоий ҳимоя тизимида 2020 йилда аҳолининг муайян қисми камбағал экани тан олиниб, уларга кўмак бериш ва даромадли қилишга киришилди. Бунинг натижасида, узоқ йиллар оғир вазиятда бўлган 3 миллиондан зиёд одамларнинг шароити яхшиланиб, камбағаллик даражаси 17 фоиздан 11 фоизга тушди.

    Келгуси уч йилда камбағаллик даражасини 11 фоиздан 7 фоизга қисқартириш – асосий марралардан бири десак, муболаға бўлмайди.

    Шунингдек, олий таълим тизимида ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзанди бўлган талабаларга берилган имкониятлар мисолида "ижтимоий давлат" тамойилининг рўёбини кўрамиз. Ногиронлиги бўлган, "Меҳрибонлик уйи" тарбияланувчилари бўлган чин етим, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талабаларга ҳар ойда 50 фоизга оширилган базавий стипендия берилиб, талабалар турар жойлари тўловидан тўлиқ озод қилинди. 2020 йилдан жорий қилинган ушбу тизим асосида ушбу тоифадаги талабалар илм олишлари учун қулай муҳит яратилди. Биргина Фарғона давлат университети мисолида оладиган бўлсак, 221 нафар ногиронлиги бўлган, 49 нафар "Меҳрибонлик уйи" тарбияланувчилари ва чин етим талабалар белгиланган тартиб бўйича ижтимоий тўловлар тўлаб берилди. Уларга ижтимоий тўловлардан ташқари бандлиги ҳам таъминланиб, 12 нафар ногиронлиги бўлган талаба-қизларга янги замонавий касбларни ўргатиш курсларини ташкил этишлари учун хоналар ажратиб берилди. Шунингдек, "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!" шиори остида 150 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож талабалар саёҳатга юборилди.

    Спорт йўналишидаги ютуқлар – Янги Ўзбекистоннинг тарихий ютуқлари. Яқиндагина Франция пойтахти Париж шаҳрида ўтказилган ХХХIII ёзги Олимпиада ўйинлари якуний натижаларига кўра, Ўзбекистон делегациясини 13 та медаль (шундан 8 таси олтин)ни қўлга киритди. Бу Ўзбекистон делегациясининг олимпиадалар тарихидаги энг яхши натижаси бўлиб тарихга кирди.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 28 август куни ХХХIII ёзги Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари билан учрашувида таъкидлаганидек, "Дунёнинг 200 дан зиёд давлатидан 11 минг нафарга яқин энг машҳур спортчилар қатнашган ушбу нуфузли спорт анжумани биз учун том маънода рекордлар, мислсиз ютуқларга бой бўлди".

    Ушбу тарихий натижа билан Осиёда 4, МДҲ ва Марказий Осиё давлатлари ичида 1-ўрин эгалладик. Олимпиада ўйинларига тайёргарлик жараёни бошланган дамда Муҳтарам Президентимиз спортчиларимизга кучли 15 таликка киришни марра этиб белгиланган эди. Спортчиларимиз ушбу масъулиятли вазифани ортиғи билан бажариб, "масъулиятли марра"ни заб этдилар. Айтиш мумкинки, ушбу натижалар мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллик байрамига ўзига хос туҳфа бўлди.

    Юқорида таъкидлаганидек, "Ўзбекистон – 2030" стратегиясида белгиланган "тараққиёт марралари" ривожланган давлатлар қатори мамлакатимизни янада фаровон бўлишига хизмат қилади.


    Ўткир Ражабов,

    Фарғона давлат университетининг

    Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи


    Ҳамкорлик материали

    No date selected
    август, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates