Ёшлар ишлари агентлигига қуйидаги қўшимча функциялар юкланди

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларни хорижий тилларга ўқитиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори (ПҚ-239-сон, 27.06.2024 й.) қабул қилинди.

    Қарорга кўра, Ёшлар ишлари агентлиги зиммасига қуйидаги қўшимча функциялар юкланди:

    • ёшларни хорижий тилларга ўқитиш жараёнларини такомиллаштириш, талаб юқори бўлган чет тилларини мукаммал ўзлаштириш учун шароитларни кенгайтириш;
    • хорижий тилларни ўқитиш фаолияти билан шуғулланувчи ЯТТлар, ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳамда нодавлат таълим ташкилотлари (хусусий ўқув марказлари), ушбу йўналишда фаолият юритувчи бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, соҳадаги муаммоларни мунтазам равишда таҳлил қилиш ва уларнинг ечими бўйича таклифлар тайёрлаш;
    • хусусий ўқув марказлари рейтингини шакллантириш ҳамда рейтингда юқори ўринни эгаллаганларни рағбатлантириш;
    • ёшлар орасида касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганишни тарғиб қилиш, ушбу йўналишдаги ижтимоий лойиҳалар, кўрик-танлов ва олимпиадаларни ташкил этиш.

    Қарорга кўра:

    • имтиҳон топшириш харажати қопланадиган халқаро имтиҳон тизимлари бўйича инглиз, немис, француз, корейс, хитой ва япон тилларидан камида С1 ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги сертификат олган ёшларни имтиҳон топшириш харажатларини компенсация қилишга қўшимча равишда ўқиш харажатларини қоплаш учун БҲМнинг 3 баравари (1 млн 20 минг сўм) миқдорида бир марталик моддий рағбатлантириш тизими жорий этилади;
    • 2024 йил 1 сентябрдан 2027 йил 1 январгача ёшларнинг немис, француз, корейс, хитой ва япон тиллари бўйича халқаро имтиҳон тизимларида имтиҳон топшириш харажатлари қоплаб берилиши учун улар томонидан тўпланиши лозим бўлган баллнинг (сертификат даражасининг) минимал кўрсаткичи бир поғона пасайтирилади.

    Шунингдек, умумий ўрта таълим муассасаларининг синф хоналарини таълим жараёнидан бўш вақтда касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини амалга ошириш учун тўғридан-тўғри шартномалар асосида текин фойдаланиш ҳуқуқи билан хусусий ўқув марказларига беришга рухсат этилади.