Ёшларга оид давлат сиёсати: янги имкониятлар ва комплекс ёндашув

    Ватан ичра ватанли, яъни бошпанали бўлиш ҳар бир ёш оиланинг орзуси. Янги турмуш қурган йигит-қиз йўқки, фарзандларини ўзининг уйида дунёга келтириб, улғайтиришни истамаса. Барча туман ва шаҳарларда, жумладан, чекка ҳудудларда “Ёшлар уйлари”ни қуриш бўйича тўрт йиллик аниқ режа ишлаб чиқилгани ёш оилаларнинг мана шу орзусига етишиши йўлида умид маёғи бўлади.

    Сўнгги йилларда олиб борилган ислоҳотлар самараси ўлароқ, мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлашнинг комплекс тизими яратилди. Билимли, кенг дунёқарашга эга ватанпарвар йигит-қизларни тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланди. Ёшларга муаммо эмас, ривожланишнинг асосий драйвери, ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг фаол иштирокчиси, янги ғояларнинг дадил ташаббускори, халқимизнинг таянчи ва суянчи сифатида ёндашилмоқда.

    Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳадаги муаммоларга ечим топиш, ваколатли органлар фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида 2020 йилда давлат органи — Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилди.

    Ёшлар билан боғлиқ соҳа ва йўналишлардаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган дастурларни амалга ошириш мақсадида яхлит инфратузилма яратилди. Жумладан, Олий Мажлис Сенатида Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ташкил этилди, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида эса Ёшлар масалалари бўйича комиссия фаолияти йўлга қўйилди.

    Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида Ёшлар академияси ташкил этилди. Мамлакатда илк бор иш бошлаган Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси республика бўйлаб 70 дан ортиқ волонтёрлик гуруҳларини бирлаштирди.

    Чет элда ўқиётган ва меҳнат қилаётган ёшларимиз билан доимий алоқалар ўрнатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда қўллаб-қувватлаш мақсадида Ў збекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ташкил этилди.

    Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Ёшлар — 2030 кун тартиби” дастурига кўра, ёшларнинг сифатли билим олиши учун имконият яратиш барча давлатларнинг зиммасидаги энг асосий вазифалардандир. Мамлакатимизда таълим тизимида кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилди.

    Кейинги беш йилда олий таълим муассасалари сони икки баробар оширилиб, 2016 йилдаги 77 тадан 141 тага етди, олий таълимга қабул квотаси ҳам 3 баробар оширилиб, 28 фоизга етказилди. Ёш аёл-қизларнинг таълим олиши учун қўшимча имконият яратилиб, 3 минг нафардан ортиқ қиз учун алоҳида грантлар ажратилгани ҳам таъкидлаб ўтишга арзигулик далил.

    Олий таълим муассасаларида аъло баҳоларга ўқиётган 3,5 минг талабанинг шартнома тўлови учун 10 миллиард сўм маблағ ажратилди. Чин етим, ногирон, Меҳрибонлик уйида тарбияланган ва боқувчисини йўқотган 729 нафар талабанинг 2,1 миллиард сўмлик тўлов шартнома маблағлари “Ёшлар таълим гранти” лойиҳаси доирасида, 3,5 минг нафарга яқин талабанинг 13 миллиард сўмлик тўлов шартнома маблағлари “Ёшлар дафтари жамғарма”лари ҳисобидан қоплаб берилгани ҳам бу борадаги ислоҳотлар самарасидир.

    Сўнгги беш йилда юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган истеъдодли ва фидойи ўғил-қизларнинг 795 нафари давлат мукофотига сазовор бўлди. Жумладан, 142 нафар йигит “Мард ўғлон” давлат мукофоти, 61 нафар ёш эса “Келажак бунёдкори” медали, 592 нафари “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирлангани ҳам улар муваффақиятининг юксак эътирофидир. Илм йўлини танлаган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида докторантура босқичи учун квота икки баробарга оширилгани улар сафининг кенгайишига сабаб бўлаётир. 2020 йилдан бошлаб бу квотани ҳар йили 50 фоизга ошириб бориш тартиби жорий этилди. Ушбу мақсадлар учун ҳар йили қўшимча равишда 100 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланди.

    Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёш учун Президент гранти, шунингдек, юртимиздаги хорижий олий ўқув юртларининг бакалавриат босқичи талабалари учун Президент ва давлат стипендиялари жорий этилиши иқтидор эгаларига янада катта рағбат берди.

    Ёшларнинг илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланишини қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини рағбатлантириш мақсадида “Бўлажак олим” танловини ўтказиш йўлга қўйилди. Ушбу танлов ғолибларига 50 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланди.

    Ёшларнинг хорижий тилларни ўрганишини рағбатлантириш учун халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) тўплаган 808 нафар ёшга 1,5 миллиард сўм миқдоридаги имтиҳон харажатлари қоплаб берилди.

    2021 йилдан бошлаб ёшларнинг “Бизнесга биринчи қадам” стартап ғоялари танлови доирасида ҳар бир туман ва шаҳарда камида уч нафардан ғолибга базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баробаригача давлат бюджетидан грантлар бериш амалиёти жорий этилди.

    Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган мутлақо янги тизим — “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар дастурлари” жорий этилганини ҳам янги ислоҳот самараси деб баҳолаш мумкин. Тизимни рақамлаштириш, ёшларга берилаётган имтиёзлар шаффофлигини таъминлаш, жойларда амалга оширилаётган ишларни 3 босқичда мониторинг қилиб бориш имконини берувчи “yoshlardaftari.uz” ягона электрон платформаси ишга туширилди.

    Ёшларга қаратилган эътибор фақат тилда эмас, балки амалда ҳам ўз исботини топяпти. Жумладан, навқирон авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш учун ҳар бир туман (шаҳар)да “Ёшлар дафтари” жамғармалари ташкил этилди ҳамда уларда 231,8 миллиард сўм миқдорида маблағ шакллантирилди. Ушбу маблағлар ва бошқа манбалар ҳисобидан “Ёшлар дафтари”даги 430 минг нафар йигит-қизга 300 миллиард сўм миқдорида ёрдам кўрсатилди. Бу шунчаки кун кечиришга ажратилган маблағ эмас. Аксинча, йигит-қизларнинг келгуси фаровон ҳаётини барпо этиши учун ажратилган самарали инвестициядир.

    Бугун ёшлар бандлигини таъминлаш кун тартибидаги муҳим масалалардан. Бироқ аксарият муассасалар ҳали муайян касбий кўникмага эга бўлмаган йигит-қизлардан кўра, тажрибали инсонларни ишга олишни маъқул кўради. Шу ўринда ёшларни ишга олган корхона ва ташкилотлар учун бир қатор имтиёзларнинг жорий этилгани айни муддао бўлди. Жумладан, иш берувчиларга уларнинг 25 ёшдан ошмаган ишчи-ходимлари учун ҳисобланган ижтимоий солиқ суммасини бюджетдан тўлиқ қайтариб бериш тартиби жорий этилди. Касб-ҳунар мактаби ва техникумлар ўқувчиларига корхоналарда амалиёт ўтаган даври учун 6 ой давомида 500 минг сўмдан субсидия бериш тартиби жорий этилди. Бу иш берувчи учун ҳам, иш ўрганувчи учун бирдек манфаатли таклиф.

    Юртимизда ишбилармонликни қўллаб-қувватлаш борасида яратилган имкониятлар ҳақида сўз кетганда сўнгги тўрт йилда 30 ёшгача бўлган тадбиркорлар сони 5 баробар кўпайиб, 500 мингдан ошганини мамнуният билан қайд этиш жоиз. Улар фаолиятига яқиндан кўмаклашиш мақсадида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиб, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан 100 миллион АҚШ доллари ажратилди. Бу нечоғли муҳим қўллов-қувватлов эканини соҳа вакиллари жуда яхши билади.

    Барча жабҳаларга рақамлашувнинг кенг ва фаол татбиқ этилаётгани ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш илмини чуқур эгаллаган кадрларга эҳтиёжни оширяпти. Қолаверса, IT мутахассисларига дунё миқёсида ҳам талаб юқори. Шуни эътиборга олиб, ҳудудларда 134 та Рақамли технологиялар ўқув маркази ташкил этилди. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 168 минг нафар йигит-қиз компьютер дастурлаш асослари бўйича бепул ўқитилди. Бу дегани шунча ёш бир касбни эгаллаб, шахсий эҳтиёжлари учун пул топиш имконига эга бўлди.

    Ёшларнинг пул топишни ўргангани, ота- онасига, оиласига кўмакчи бўлгани жуда яхши. Бироқ халқимиз доим моддий фаровонликни маънавият билан уйғун ҳолда кўриб келган. 2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурининг қабул қилингани ҳам мана шу қадриятнинг амалий ифодасидир. Унинг дастлабки нишонаси сифатида “Маърифат карвони” лойиҳаси доирасида ёшларга 4 миллиондан ортиқ китоб етказиб берилди. Китобхонлик умуммиллий ҳаракатга айланиб, “Ёш китобхон” ҳамда “Ёш китобхон оила” кўрик-танловини ўтказиш анъана тусига кирди. Натижада 11 нафар ёш китобхон ҳамда 2 та китобхон ёш оила Президент совғаси — “Spark” автомашинаси билан тақдирланди. Бу саъй-ҳаракатни китобхонликка ундаш бўйича дунёда муқобили йўқ лойиҳа сифатида баҳолаш мумкин.

    Ватан ичра ватанли, яъни бошпанали бўлиш ҳар бир ёш оиланинг орзуси. Янги турмуш қурган йигит-қиз йўқки, фарзандларини ўзининг уйида дунёга келтириб, улғайтиришни истамаса. Барча туман ва шаҳарларда, жумладан, чекка ҳудудларда “Ёшлар уйлари”ни қуриш бўйича тўрт йиллик аниқ режа ишлаб чиқилгани ёш оилаларнинг мана шу орзусига етишиши йўлида умид маёғи бўлади.

    Хулоса қилиб айтганда, ёш авлоднинг билимли, касб-ҳунарли, ҳур фикрли бўлиб вояга етиши, муносиб даромад топиши учун барча зарур шароит ва имконият яратиб берилди. Ўзбекистоннинг ёшлар билан ишлаш борасидаги тажрибаси ноёб ҳисобланиб, хорижий мамлакатларнинг ёшлар ташкилотлари ва экспертларининг эътирофига сазовор бўлиб келмоқда. Мамлакатимиз ёшлар мамлакати сифатида халқаро майдонга чиқмоқда.

    Бу имкониятларни юксак қадрлаш ва улардан самарали фойдаланиш, мамлакатимиз тараққиётига билимимиз ва меҳнатимиз билан ҳисса қўшиш барчамизнинг фарзандлик бурчимиздир.

    Дилнозахон КАТТАХОНОВА,

    Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари,

    “Дўстлик” ордени соҳибаси