Юрт ва миллатга муҳаббат ўзликка садоқатдан куч олади

    Ватанпарварлик инсонни юксалтирувчи, куч-қувват бахш этувчи буюк фазилат. Ички туғён, қалб овози билан “Туроним, сендан айрилмоқ — менинг учун ўлимим, сенинг учун ўлмоқ — менинг тириклигимдир”, деб ёзган эди Фитрат.

    Ватанпарварлик инсоннинг авлод-аждодларига, ор-номусига, миллатига чуқур эҳтироми, виждонига, бурчига содиқлигидир. Яна инсон сийратига қўшиб яратилган олий туйғуки, у ўзликка садоқатдан куч олади, юксалади.

    Бугун маррани баланд олган халқимиз шундай олижаноб туйғулар билан ёруғ манзилларга интилмоқда. Амалга оширилаётган ҳар бир эзгу иш айнан Ватанга дахлдорлик, ўз тақдирини юрт тақдири билан бир бутун деб билган юртдошларимиз кўнглидан қувват олмоқда. Ҳазрат Алишер Навоий бобомиз “Элга қўшулғон эш топти” дея ёзганларида айнан шу ҳақиқатни мадҳ этган бўлса, не ажаб.

    Кейинги йилларда мамлакатимиздаги янгиланишлар ва тараққиёт шиддатидан дунё ҳайратланаётгани, жаҳон майдонида янги Ўзбекистон деган давлат мустаҳкам мақомга эга бўлгани – бор гап. Барча соҳа ва тармоқлар ислоҳотга юз тутди. Энг муҳими, одамлар тафаккури ўзгарди, ҳаётга муҳаббати ошди, бугунгидан розилик, эртанги фаровон ҳаётига юксак умид уйғонди. Давлатимиз сиёсатининг мазмун-моҳиятини англаб етган юртдошларимиз эса ана шу эзгу ишларга ҳисса қўшиш иштиёқи билан яшамоқда, эл юмушига енг шимармоқда. Бунинг замирида чинакам ватанпарварлик борлиги яққол аёндир. Бу улуғвор туйғу она тупроқ ҳимояси, унинг шаъну шавкати йўлида ўз манфаатини четга суриб, умумманфаат учун нимадир уддалай олиш, эл-юрт учун бетаъма ва беминнат яхшилик қилишга қодир бўлишгина эмас, ширин жонини фидо қилиш дегани, эмасми?!

    Ўқувчиларига атаб синфга китоб ташиётган ўқитувчи, тунда чақирсангиз ҳам ҳозир бўлаётган шифокор, мижжа қоқмай сарҳадларимизни қўриқлаётган аскар, ҳашарда енг шимарган маҳалладош, саҳарда тандирдан нон узаётган новвой – барчаси ватанпарварликнинг энг гўзал чизгиларидир.

    Мамлакатга, фуқароликка, миллий тилга, анъана ва урф-одатларга хос бўлган ҳиссий муносабат, Ватан ғурури, унинг қудрати, муваффақияти, маданияти билан фахрланиш, тарихи, нуфузи, анъаналарини сақлаб қолишга интилиш ҳам жадидликнинг бир кўринишидир. Айнан шу улуғвор туйғу қудратидан халқ бир бутун, бир тану бир жон бўлади. Демак, Ватан сизу мен – биздан бошланади.

    Тарихга назар ташласак, бугунги ёш авлод учун чинакам ватанпарварлик тимсолига айланган сиймолар ҳаёти, уларнинг Ватан ва эл шаъни, қудрати, тинчлиги, маърифати, маънавияти йўлида кўрсатган улкан фидойиликлари хотирамизда қайта-қайта жонланади.

    Буюк боболаримиз Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубро, Мирзо Бобурлар, маърифатпарвар жадидлар Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат, Абдулла Авлонийлар тимсолида Ватан учун ширин жони, билим ва салоҳияти бахшида бўлган зотларнинг миллий ўзликка муҳаббати ва садоқати бизга ўтмиш ибратидир. Айнан янгича қарашлари, ватанпарварлиги учун беаёв тазйиққа учраган, олис Сибир ўлкасида “Ватан!» дея қон ютган Усмон Носирни, маърифатсизлик ва адолатсизликка қарши руҳий исён кўтара олган Абдулла Қодирийни уйғотган, уларнинг номини мангу ардоқли қилган қадрият ҳам ватанпарварлик эди.

    Ана шу Ватан туйғуси туфайли инсон ўзи яшайдиган уйни, ўзи яшайдиган маҳаллани, шаҳару қишлоқни, Ватанни севади, уни обод қилади, унинг шаънини улуғлайди, ҳимоя қилади.

    Бугун янги Ўзбекистоннинг янги даврини яратаётган эканмиз, халқимиз, айниқса, ёшларимиз қалбига ватанпарварлик туйғусини сингдириш, унга муносиб фарзанд бўлишни олий мақсад, деб билган юксак салоҳиятли, асл юртсевар авлодни, буюк аждодлар давомчиларини тарбиялаш – улуғвор аҳдимиз. Бу эса фақат таълим муассасасида эмас, балки оилада, маҳаллада, бутун жамият ичида адо этиладиган олижаноб вазифа.

    Айни пайтда биргина Фарғона давлат университетида юздан ортиқ жаҳон чемпионлари, халқаро танлов ва илмий анжуманлар совриндори бўлган лидер ёшлар Ватан бераётган имконият ва эътиборга ўз фуқаролик позицияси, соғлом тафаккури, илм-фан, спорт, санъат, ижодда эришаётган ютуқлари билан жавоб қайтармоқда. Бу она юрт олдидаги шарафли масъулиятни ҳис этиш демакдир.

    Биз Ватан байроғини баланд тутган ўғлонлар, юрт тинчлиги учун жон фидо қилган баҳодирлар, халқнинг маънавияти ва маърифати ривожига пайваста бўлган фидойилардан куч оламиз.

    Англашиладики, ватанпарвар халқ, юртсевар авлод ўз-ўзидан шаклланмайди. Қонида оқаётган бобомерос хислатлар билан бирга, бугунги миллий-маънавий тарбия, бугунги намуна ва ибрат уларни камолга етказади. Зотан, Ўзбекистоннинг янги даврини ҳам ана шундай ватанпарварлар яратаётгани айни ҳақиқатдир.

    Баҳодиржон ШEРМУҲАММАДОВ,

    педагогика фанлари доктори,

    профессор

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates