Чегарадан ўтишда автотранспорт воситалари учун “яшил” ва “қизил” йўлаклар очилади

    Шу йил 1 майдан бошлаб ветеринария ва фитосанитария соҳасида ташқи савдо юкларига тегишли ҳар қандай ҳужжатларга муҳр ва штамп босиш ҳамда уларни ёзма тарзда рўйхатга олиш амалиёти бекор қилинади.

    Ушбу янги тартиб давлатимиз раҳбарининг жорий йил 25 мартдаги “Давлат божхона хизмати органларининг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида амалиётга татбиқ этилмоқда.

    Бугунги мураккаб геоиқтисодий шароитда минтақавий ва халқаро иқтисодий алоқаларни яхшилаш, инвестициявий жозибадорликни ошириш, савдони ривож­лантиришда божхона тизимининг ўрни, яъни қай даражада замон билан ҳамқадам экани муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу тенденциядан келиб чиқиб, юртимизда божхона соҳаси босқичма-босқич такомиллаштирилмоқда.

    Хусусан, сўнгги йилларда ўнга яқин давлат билан олдиндан ахборот алмашинуви йўлга қўйилди. 4 та йирик божхона постида терминаллар қурилди, 20 дан зиёди янги ускуналар билан таъминланди. Тадбиркорлар учун 35 та ахборот тизими жорий қилиниб, экспорт жараёни 9 босқичдан 3 босқичга туширилди.

    Натижада чегара орқали транспортлар ҳаракати 8 баробар кўпайиб, қарийб 5 миллионтага етди. Бюджетга тушум 9 баробар ўсиб, 2024 йили 63 триллион сўмдан ошди. Юкларни расмийлаштириш вақти импортда 3 соат, экспортда 20 дақиқагача қисқарди. Халқаро логистика рейтингида божхона кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон 140-ўриндан 74-ўринга кўтарилди.

    “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида Ўзбекистон Республикасининг глобал транспорт-логистика тармоқларига интег­рациясини чуқурлаштириш ва миллий транспорт тизими салоҳиятини оширишга устувор аҳамият қаратилган.

    Айни мақсадда мамлакатимизда транспорт-логистика тизимини жадал ривож­лантириш, транспорт инфратузилмасини яхшилашга инвестицияларни жалб қилиш, юк ташиш бозорида соғлом рақобат муҳитини яратиш борасида қатор изчил ­чора-тадбирлар кўриб келинмоқда.

    — Мазкур фармонда миллий қонунчилигимизни ЖСТ ва бошқа халқаро ташкилотлар стандартларига мувофиқлаштириш ишларини якунлаш, миллий божхона имижини янада яхшилаш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, божхона органлари учун янги авлод кадр­ларини тайёрлаш каби қатор муҳим вазифалар белгиланган, — дейди Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Ғайрат Носиров. — Хусусан, 2030 йилга қадар Жаҳон банкининг “Логис­тика самарадорлиги” индексида (LPI) божхона расмийлаштируви самарадорлиги кўрсаткичи бўйича Ўзбекистоннинг ўрнини 55-поғонадан паст бўлмаган даражага кўтариш, кейинги йилга қадар декларацияларни инсон омилисиз расмийлаштирув улушини 2 баробарга ошириш мақсад қилинмоқда.

    Шунингдек, 2028 йилга қадар божхона кўригини 21 фоиздан 15 фоизга тушириш, 2030 йилгача сунъий интеллект элементларидан фойдаланган ҳолда хавфни бошқариш тизими самарадорлигини 2 баробар ошириш ҳам навбатдаги долзарб вазифалардан.

    Бугун дунёдаги барча божхона маъмуриятининг 60 фоиздан ортиғи фаолиятига сунъий интеллектни жорий этишга ҳаракат қилмоқда. Чунки ундан фойдаланиш операцияларни тезлаштириш, хатоларни камайтириш ва савдо жараёнининг эркин амалга ошишига ёрдам беради.

    Қайд этганимиздек, фармонга биноан 2025 йил 1 майдан бошлаб ветеринария ва фитосанитария соҳасида ташқи савдо юкларига тегишли ҳар қандай ҳужжатларга муҳр ва штамп босиш ҳамда уларни ёзма тарзда рўйхатга олиш амалиёти бекор қилинади, барча тартибот электрон шаклда тасдиқлаш орқали амалга оширилади.

    Бу, ўз навбатида, ташқи фаолият иштирокчилари учун катта имконият яратади. Биринчи навбатда, жараёнга сарфланадиган вақт қисқаради. Қолаверса, инсон омили билан қўлда қилинадиган амалиётдан воз кечилиб, рақамлаштириш кўлами кенгаяди.

    Шу билан бирга, 1 сентябрдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига божхона тўловлари ва божхона расмийлаштируви учун бошқа турдаги тўловларни мамлакатнинг исталган ҳудудидан амалга ошириш имконияти яратилади. Бунинг учун ягона ғазна ҳисобварағи очилади.

    2025 йил 1 ноябрдан бошлаб ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланаётган ­йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида йўловчи божхона декларациясининг мобил иловаси ишга туширилади. 1 декабрдан бошлаб эса божхона ҳудудида ёки ундан ташқарида қайта ишлаш режимларида божхона юк декларацияларини соддалаштирилган тартибда расмийлаштириш имконини берувчи “Толлинг операциялари” модули амалиётга жорий этилади.

    — “Толлинг операциялари” модули биз учун жуда катта қулайлик, — дейди тадбиркор Даврон Дадахонов. — Бу савдо операцияларини тезлаштириш, қайта ишламоқчи бўлган маҳсулотимизни экспорт бозорига тезкор олиб чиқиш имконини беради. Масалан, мамлакатимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилиб бўлинганидан ке­йин қўшни давлатлар маҳсулотини импорт қилиб, уни қайта ишлаб экспорт қилиш учун бу тизим муҳим аҳамият касб этади. Фармонда биз, тадбиркорлар учун қатор қулайлик ва имтиёзлар белгилангани келгусида фаолиятимизни янада кенгайтириш, энг асосийси, янги иш ўринлари очиш ва пировардида иқтисодиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишга рағбатлантиради.

    Жорий йил 1 июлдан бошлаб Жаҳон савдо ташкилотининг Савдо тартиботларини соддалаштириш битими талаблари асосида товарларга нисбатан имтиёзлар қўллаш бўйича божхона органларининг дастлабки қарорларини бериш тартиби жорий этилади. 1 сентябрдан эса “Ғишткўприк”, “Зангиота” ва “Даут-ата” ўтказиш пунктларида синов тариқасида автотранспорт воситалари учун икки — “яшил йўлак” ва “қизил йўлак”ли хавфларни бошқариш тамойилларига асос­ланган давлат назорат тартиботини қўллаш амалиёти йўлга қўйилади.

    Синов натижаларидан келиб чиқиб, ушбу амалиёт кейинги йил 1 сентябрдан бошлаб босқичма-босқич автомобиль йўли ўтказиш пунктларида жорий этилади.

    Президентимизнинг “Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини ­ташкил этиш ва божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 2025 йилда божхона соҳасини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди. Божхона органлари ташкилий тузилмалари фаолиятини қисқартириш, соҳага сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, божхона органлари ахборот тизимларини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш шулар жумласидан.

    Божхона органларидаги штат бирлик­лари доирасида қатор янги тузилмалар ташкил этилади. Жумладан, “Бош поч­тамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости негизида — электрон савдо майдончалари орқали харид қилинаётган товарлар ва махсус тоифадаги юкларни божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказишга мўлжалланган “Электрон тижорат” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ­фаолияти йўлга қўйилади.

    Шунингдек, “Сирдарё” чегара божхона пости таркибидаги “Оқ олтин” ва “Малик” божхона пунктлари негизида алоҳида “Оқ олтин” ва “Малик” чегара божхона постлари ҳамда божхона органларининг умумий чекланган штатлар сони доирасида Божхона қўмитаси тизимида алоҳида юридик шахс мақомига эга Божхона расмийлаштируви маркази ташкил этилади.

    Қарордан соҳага оид кўплаб янгиликлар ўрин олган. Хусусан, Божхона қўмитаси таркибида сунъий интеллект технологияларини жорий этишга ихтисослашган сунъий интеллект технологияларини тадқиқ этиш бўлими очилади.

    Божхона институти таркибида мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш ҳамда божхона органлари фаолияти самарадорлигини ошириш масалаларини илмий асосланган ҳолда ўрганишга ихтисослашган илмий марказ ташкил этилади. 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб божхона йўналишида бакалавриатда дуал таълим асосида ўқитиш йўлга қўйилади. Магис­тратурада тўлов-контракт асосида таълим муддати икки йил бўлган сиртқи таълим шакли жорий этилади.

    2025 йил 1 майдан чегара орқали ҳаракатланаётган автотранспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш механизми йўлга қўйилади. 1 октябрдан бошлаб товарларни олиб кириш, олиб чиқиш ва транзит олиб ўтиш бўйича барча сертификат, хулоса ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар фақат “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали расмийлаштирилади.

    Ушбу ҳужжатлар божхона маъмуриятчилигининг шаффофлик ва ишончлилик тамойилига асосланган сифат жиҳатидан янги тизим яратиш, фаолиятни янада такомиллаштириш билан бирга, божхона соҳасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

    Лутфулла ХАЙРУЛЛАЕВ,

    журналист

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates