“Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан 2020 йилда таъсис этилган. Бундан мақсад – инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишда катта ҳисса қўшган фуқаролар ва ташкилотларни моддий ва маънавий рағбатлантириш ҳамда тақдирлаш, бу фаолиятни амалга оширишда ўрнак бўлаётганлар намунасини, уларнинг тажрибасини оммалаштиришдан иборат.
Кўкрак нишони билан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги хизмати, инсон ҳуқуқларини тарғиб қилишдаги фаоллиги, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим, ёшлар ўртасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш анъаналарини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларни ривожлантириш ва бошқаришдаги салмоқли ютуқлари, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги самарали илмий фаолияти учун Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тақдирланади.
“Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият олиб бораётган ташкилотлар ҳам тақдирланиши мумкин.
Ҳар йили 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни арафасида кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси тантанали тарзда топширилади. Жорий йилда ушбу мукофотга 6 нафар ҳамюртимиз, 2 нафар чет эл фуқароси ва 2 та нодавлат нотижорат ташкилоти сазовор бўлди. Хусусан:
- “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази директорининг биринчи ўринбосари Марат Хаджимухамедов – инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги замонавий тадқиқот амалиётини шакллантиришга қўшган муносиб ҳиссаси;
- Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи Жамшиджон Чориев – ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги самарали фаолияти;
- Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси аппаратининг Юридик бўлими мудири Ҳамидулла Премкулов – аҳолининг меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишдаги фаоллиги;
- Ўзбекистон Ногиронлар жамияти – ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилишдаги фаоллиги;
- “Барқарор ҳаёт” ижтимоий-маърифат маркази директори Олия Ильмурадова – аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги кўп йиллик самарали фаолияти;
- “UMNICHKA” Нодавлат таълим муассасаси раҳбари Шаҳноза Икрамова – болалар ҳуқуларини ҳимоя қилишдаги фаол иштироки;
- Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси – журналистларнинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қимматини, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қўшган ҳиссаси;
- Тошкент давлат юридик университети Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари кафедраси профессори Говхержан Юлдашева – инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ўқув ва илмий фаолияти;
- Таллин университети Бошқарув, ҳуқуқ ва жамият академияси фахрий профессори Рейн Мюллерсон – инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорлик, илмий ва ўқув ишлари;
- БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ришард Коменда – инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш соҳасидаги халқаро ҳамкорлиги учун ушбу мукофот билан тақдирландилар.
“Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишонини ўз соҳибларига Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов топширди.
Маълумот учун: 2020-2021 йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва улар вакилларининг 12 нафари, давлат ташкилотлари ҳамда олий таълим муассасалари ходимларининг 8 нафари, халқаро ва хорижий ташкилотлар вакилларининг 8 нафари “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан тақдирланган.