Бугунги кунда шукроналик ҳисси билан яшаш ҳар бир инсонда бўлиши керак. Ёш олима, университет ўқитувчиси сифатида бугунги кундаги давлат сиёсати, ёшларга, айниқса, аёлларга берилаётган имкониятлардан жудаям мамнунман.
Ватанимиз истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, келажак авлодларнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида мардона кураш олиб бориб азиз жонларини фидо қилган, мустабид тузум даврида қатағон қилинган аждодларимизни эслаш кифоя. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Исъҳоқжон Ибрат, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий каби улуғ маърифатпарвар аждодларимиз бу кунни орзиқиб кутишган. Сиёсий қатағон йилларида ноҳақ қурбон бўлган юртдошларимиз шу юрт учун, шу эрк учун жон фидо қилганлар.
1937-1938 йилларда қатағон сиёсати нафақат эркакларни, балки аёлларимизни ҳам ўз домига тортган. Уларнинг баъзи бирлари Тожихон Шодиева сингари таниқли давлат арбоблари бўлгани, бошқалари эса, Марям Султонмуродова, Хайринисо Мажидхонова, Саида Шераҳмедова, Собира Холдорова, Гулсум Раҳимова, Руқия Хўжаева (Раҳимова), Матлуба Муҳаммедова каби аёлларимиз фан-техника, санъат, тиббиёт соҳалари бўйича Германия ва Россия шаҳарларида ўқиб, халқни маърифатли қилишга ҳаракат қилганлари учун аксилинқилобчи ва миллатчи сифатида, баъзан эса чет эл разведкасининг жосуси сифатида қамоққа олинган. Улар ё ўша кезлардаёқ отиб ташланган, ёхуд олис ва совуқ ўлкалардаги лагерларга юборилган. Яна ўнлаб ва, эҳтимол, юзлаб аёллар бўлганки, улар «халқ душмани»га чиқарилган, фарзандлари, турмуш ўртоқлари ва оталарининг «аксилинқилобий, миллатчилик фаолиятлари» ҳақида сиёсий идораларга ўз вақтида хабар бермаганлари учунгина қамоққа олиниб, не-не азоб-уқубатларни бошдан кечирмаган.
Ушбу аёлларнинг аксари саводсиз бўлганлари ё маиший ташвишлари билан ўралашиб қолганлари учун оиласи, фарзандлари ҳолидан хабарсиз эдилар. Терговчилар ҳам шу ҳолни яхши билганларига қарамай, улардан жигаргўшаларининг душманлик фаолиятини тасдиқловчи кўрсатмалар беришни талаб этганлар. Бундай кўрсатмаларни бера олмаган аёллар турли-туман қийноқларга солинган.
Тарихга назар солар эканмиз, бугунги кундаги эркинлик учун, фаровон ҳаёт учун шукроналар айтиб, Давлатимиз Раҳбарининг биз аёлларга яратиб бераётган имкониятлари учун бор билимим, бор кучимизни сарфлаб, ёш авлодни Ватанга, Президентимизга, халқимизга кучли муҳаббат ва садоқат билан тарбиялашга ҳаракат қилишимиз зарур. Бу эса бизнинг буюк вазифамиз ва бурчимиздир.
Манзура ЖЎРАЕВА,
ФарДУнинг Адабиётшунослик кафедраси мудири, доцент
Ҳамкорлик материали