Қайд этиш жоизки, икки давлат ўртасида сўнгги йилларда иқтисодий алмашинув ва сармоявий фаолият ривожланиб, ҳамкорлик янги поғонага кўтарилиб боряпти. Кореядан Ўзбекистонга инвестициялар ҳажми 7 миллиард доллардан ошиб, мамлакатимизда қарийб мингта қўшма корхона фаолият юритяпти.
Албатта, ҳамкорликда амалга оширилаётган янги лойиҳалар Корея ва Ўзбекистон учун бирдек манфаатлидир.
Мулоқот давомида томонлар дастлаб шу йил сентябрь ойида Сенат Раиси бошчилигидаги делегациянинг Жанубий Кореяга қилган амалий ташрифи давомида эришилган келишувларга эътибор қаратди.
Хусусан, ишлаб чиқариш тармоқларига янги инвестиция лойиҳаларини киритиш, чиқинди полигонлари негизида қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш мажмуасини ҳамкорликда яратиш, транспорт-логистика соҳасида қўшма корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш, хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш каби яна бир қатор масалалар атрофлича муҳокама этилди.
Шунингдек, томонлар сармоявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Корея Республикасининг етакчи компанияларини Ўзбекистонга жалб этиш юзасидан фикр алмашдилар.
Ким Чанг Кеоннинг таъкидлашича, Жанубий Корея ишбилармонлари Ўзбекистонга инвестиция киритишдан манфаатдор. Бунда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, мамлакатда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Кореядан ташқари Япония ва Хитойга экспортини йўлга қўйишда мамлакат катта имкониятларга эга эканлиги айтиб ўтилди.
Самимий ва амалий руҳда кечган мулоқотда томонлар ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни барқарор давом эттириш ва инвестиция лойиҳаларини жадал суратда амалга оширишга келишиб олдилар, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.