Маҳалла – боқий қадриятимиз, бой ўтмишимиз ва ёруғ келажагимиз асоси

    Yuz.uz мухбири 22 март Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев билан суҳбатлашди.

    2020 йилдан буён юртимизда 22 март Маҳалла тизими ходимлари куни сифатида нишонлаб келинмоқда.
    Бу халқимизнинг инсоният тафаккури ривожига қўшган улушини бутун дунё бўйлаб намойиш этиш, маҳалла билан боғлиқ бой маънавий меросимизни қайта тиклаш ва бардавомлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Кейинги йилларда ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизимини чинакам халқ виждонига айлантириш, ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида тизимли ишлар қилинмоқда. Хусусан, маҳаллаларда маънавий-маърифий ислоҳотлар билан бир қаторда аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга манзилли ёрдам кўрсатиш, ишсизларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, камбағалликни қисқартириш билан боғлиқ кенг қамровли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

    Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев билан суҳбатимиз юртдошларимиз ҳаётида рўй бераётган ана шундай янгиланишлар,маҳалла институти мавқеини юксалтиришга оид ҳуқуқий ва амалий ишлар, маҳаллабай ишлаш тизими самараси, миллий урф-одатларимизни асраб-авайлаш, келажак авлодларга асл ҳолича етиб боришига қаратилган янгича ташаббус ва лойиҳалар хусусида бўлди.

    Маҳалла тизимидаги ўзгаришлар юртимиздаги маънавий эврилиш, ижтимоий-иқтисодий юксалиш жараёнида қандай из қолдирмоқда?

    –Янги Ўзбекистонни барпо этиш, миллий юксалиш пойдеворини яратишга қаратилган ҳаётбахш ислоҳотлар йилдан йилга кенгайиб, янгича маъно-мазмун билан бойиб боряпти. Бу жараёнда халқимизнинг фаол иштирокини таъминлаш, эркин фуқаролик жамияти, буюк ва қудратли давлат пойдеворини юртдошларимиз билан бирга қуриш йўлида дадил қадам ташланяпти. Бундай эзгу мақсадларга эришишда маҳалла институтининг ўрни муҳим. Шу боис, одамларнинг қувончу ташвишидан доимо хабардор бўлиш маҳалланинг асосий вазифаси экани бот-бот айтилади. Маҳалла халқ билан давлат ўртасидаги кўприк бўлиши кераклиги таъкидланиб, бу йўналишдаги ишларни ташкил этишнинг ҳуқуқий ва ташкилий жиҳатлари йилдан йилга такомиллашмоқда.

    Жумладан, янги таҳрирдаги Конституциямизда маҳалла институти мақоми мустаҳкамланди. Барча соҳа ва йўналишлар бўйича маҳаллабай ишлаш тизими жорий қилиниб, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили амалиётга татбиқ этилди.

    Охирги етти йилда тизимни такомиллаштиришга доир юзга яқин меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниб, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторидан иборат таъсирчан тузилма фаолияти йўлга қўйилгани ижобий самара беряпти. Жумладан, маҳаллаларда тадбиркорлик фаолияти ривожланиб бормоқда. Бу эса янги иш ўринлари, доимий даромад манбалари яратилиши орқали оилалар фаровонлигини ошириш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

    Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазкур тузилманинг жамиятимиздаги нуфузини янада оширишда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Ушбу ҳужжатлар асосида республика, вилоят, туман ва шаҳар маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва унинг ҳудудий тузилмалари ташкил этилди.

    Ҳар бир фуқаролар йиғинида “маҳалла еттилиги” шакллантирилиб, аниқ вазифалари, биргаликда қиладиган ишлари белгилаб берилди. Маҳалла ходимлари фаолиятини асосий самарадорлик кўрсаткичлари бўйича алоҳида баҳолаш тартиби жорий этилмоқда. Барча маҳаллаларда “маҳалла бюджети” тизими йўлга қўйилди. Энг муҳими, маҳалланинг аҳолига ижтимоий кўмак бериш борасидаги ваколатлари кучайтирилди. Эндиликда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидия ажратиш “маҳалла еттилиги”нинг биргаликдаги қарори асосида амалга ошириляпти.

    Маҳалла, аввало, маънавият, тарбия бешиги. Бугунги янгиланишлар жараёнида унинг ушбу тарихий хусусиятини асл ҳолича сақлаш ва бойитиш ҳам эътиборда. Бу йўналишда “маҳалла – мактаб” концепцияси асосида кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар, тарғибот ишлари юритиляпти. “Ота-оналар университети” жамоатчилик тузилмаси фаол ишламоқда. Тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда “Бир нуроний ўн ёшга масъул” лойиҳаси амалга ошириляпти.

    – Аҳолини қийнаётган муаммолар ечими бўйича маҳаллага мурожаат қилиш тизими қандай самара беряпти?

    – Бу тизим йилдан йилга такомиллашиб, “Инсон қадри учун”, “Инсон манфаати ҳамма нарсадан устун”, “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” каби инсонпарварликка йўғрилган эзгу тамойиллар ижросининг муҳим кўзгусига айланмоқда. Айниқса, Конституциямизда аҳолининг маҳаллага мурожаат қилиш ҳуқуқи мустаҳкамлангани бу жабҳадаги ишларнинг такомиллашувида муҳим ҳуқуқий асос бўлди.

    Бундан ташқари, Бош қонунимизда мазкур фуқаролик жамияти институти маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни фуқароларнинг манфаатлари, ривожланишнинг тарихий ўзига хос хусусиятлари, миллий қадриятлар, маҳаллий урф-одат ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда, қонунга мувофиқ мустақил равишда ҳал этишга ҳақли экани белгилангани аҳоли мурожаатлари билан ишлашда кенг истиқболларни очди.

    Эндиодамлар ўзларини қийнаётган муаммолар ечимини ҳал этишни сўраб ҳар хил идораларга қатнашига ҳожат қолмади. Бугунги кунда маҳаллага мурожаат қилиш орқали кўпгина масалаларгаижобий ечим топяпти.Айниқса, кундалик ҳаётимизда муҳим ўрин тутадиган, ҳаёт кечириш учун зарур бўлган йўл, сув, электр энергияси, газ ва бошқа масалалар бўйича маҳаллалар тизимли иш олиб бормоқда.

    Шу билан бирга, барча раҳбарлар маҳаллаларга бориб, ўз соҳаси бўйича аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиши ва уни жойида ҳал этиши ҳам йўлга қўйилди. 2023 йил аҳоли эътирозига сабаб бўлаётган ана шундай муаммоларни аниқлаш ва жойида ҳал этиш мақсадида 2 минг 857 та сайёр қабулўтказилди, қабуллар давомида 21 минг 255 фуқаронинг мурожаатига жойида ечим топилди.

    Маҳалла раислари ва “еттилик” вакиллари эҳтиёжманд, кам таъминланган, оилавий шароити оғир хонадонлардаги ижтимоий-маънавий муҳитни мунтазам равишда хонадонбай ўрганмоқда ва аниқланган муаммоларнинг ечимини топиш чоралари кўриляпти.

    “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида ҳам маҳаллалар ҳаётига оид кўплаб масалалар ҳал этилаётир. Жумладан, 2023 йилда аҳоли томонидан сув, электр энергияси, йўл, мактаб каби йўналишлар бўйича таклиф берилган лойиҳалар учун 8 триллион сўм йўналтирилди.

    Маҳаллаларда ижтимоий дафтарлар юритиш орқали аҳоли муаммоларини ҳал қилиш борасидагиишлар ҳам камбағалликни бартараф этиш, оилаларнинг даромадини оширишда самарабермоқда. Ўтган йил “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган 405 мингдан ортиқишсиз юртдошимизга субсидия ажратилди. Табиийки, бу имкониятлар ижтимоий-иқтисодий муаммоларга жойида ечим топиш, халқимизни рози этишга хизмат қилмоқда.

    Маҳаллани жамоатчилик ва давлат органлари ўртасидаги таянч бўғинга айлантириш жорий йилги давлат дастурида ҳам устувор йўналишлардан бири этиб белгиланган. Хусусан, 2024 йил 1 апрелдан “Ташаббусли бюджет” доирасидаги лойиҳаларни ташаббускорлар, маҳалла раиси ва фаолларининг иш сифати юзасидан розилиги олинганиданкейингина фойдаланишга қабул қилиш тартиби жорий этилади. 1 августга қадар эса фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига “Ташаббусли бюджет” доирасидагилойиҳалар юзасидан давлат органлари ва ташкилотларидан маълумотлар олиш, маблағ ўз вақтида ва тўлиқ ажратилишини талаб қилиш ҳамда лойиҳалар амалга оширилишини жамоатчилик томонидан мониторинг қилиш имконияти яратилмоқда.

    Маҳалла ободлиги – юрт ободлиги, деган қараш бугун ҳаётимизга чуқур сингиб боряпти. Ушбу йўналишдагитегишли дастур ва лойиҳалар самараси ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

    –Қайси соҳада ишлашимиздан қатъи назар, барчамизнинг яшаш жойимиз маҳалла ҳисобланади. Шу боис, мамлакат миқёсидаги ислоҳотлар маҳалла ҳаётида акс этсагина бу янгиланишлар нафаси ҳар бир инсоннинг ҳаётига кириб боради. Бугунги кунда ислоҳот ва ўзгаришларни маҳалла даражасида ташкил этишдан кўзланган мақсад ҳам шу аслида. Зеро, маҳаллага кириб борган ислоҳотлар оилаларга, инсон қалбига етиб боради. Уни ҳар ким ўз ҳаёти, тақдири мисолида ҳис этади. Айниқса, маҳалланинг чирой очиши, инфратузилмаси яхшиланишидан, аввало, шу ҳудудда яшаётган инсонлар баҳраманд бўлади.

    Шу маънода, юртимизда сўнгги йилларда изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилаётган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларининг бу борадаги ўрнини алоҳида қайд этиш жоиз. Ушбу дастурлар доирасида жойларда бажарилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари натижасида қишлоқ ва овуллар, аҳоли яшаш ҳудудларида йўл-транспорт инфратузилмаси яхшиланяпти. Жойларда ижтимоий соҳа иншоотлари қуриляпти, хизмат кўрсатиш шохобчалари кўпаймоқда. Олис туман ва қишлоқларга ҳам ичимлик сув тармоқлари тортиляпти. Натижада аҳоли турмуш шароити яхшиланмоқда.

    Президентимизнинг 2022 йил 18 мартдаги “2022-2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси натижасида ўтган йили 1 минг 297 та қишлоқ ва маҳаллада қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бажарилди.

    Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ҳудудларда минглаб километр электр ва газ тармоқлари модернизация қилинди. Жойларда янги бозорлар ва бошқа инфратузилма иншоотлари қад ростлади. Кўчаларга тунги ёритиш чироқлариўрнатилди, суғориш тизимлари яхшиланди. Бу имкониятлар чекка қишлоқларда ҳам шаҳардан кам бўлмаган шароит яратишга, оилалар фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.

    Маҳаллалар ободлигини таъминлашда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг ўрнини алоҳида қайд этиш жоиз. Бу борадаги ишлар туфайли ҳудудларда боғ-роғлар, яшил ҳудудлар кенгаймоқда. Аҳоли яшаш манзиллари кундан кун чирой очиб, гўзалликка бурканяпти. Маҳаллаларни обод қилиш, инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги бундай ишлар мамлакатимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб, халқимиз турмуш даражаси ва маданиятини юксалтиришга замин яратмоқда.

    Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш ислоҳотларнинг муҳим йўналишига айланди. Бу ишлар халқимизнинг ҳаётида, турмуш тарзида қандай ўзгариш ясаяпти?

    –Дарҳақиқат, кейинги йилларда маҳаллаларда тадбиркорлик муҳити кучайиб боряпти. Бу воқелик тарихий анъаналаримиз билан ҳамоҳангдир. Зеро, яратиш ва бунёдкорликни юксак қадрлаган ота-боболаримиз азал-азалдан фарзандларига таълим-тарбия бериш баробарида ҳунар ўргатишга ҳам алоҳида эътибор қаратган.

    Бугун маҳаллаларда йўлга қўйилаётган тадбиркорлик лойиҳалариҳар бир маҳалланинг ўзига хос анъаналари, имкониятлари ҳисобга олинган ҳолда рўёбга чиқариляпти. Бу ишлар натижаси эса қисқа муддатда ўз маҳсулини беряпти. Маҳаллаларда ишлаб чиқариш, саноат, тадбиркорлик, ҳунармандлик, томорқачилик ривожланиб боряпти.

    Маҳаллабай тизим жорий этилган охирги икки йилда маҳаллаларда 176 мингта юридик ва 194 мингта якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди. Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ҳоким ёрдамчилари тавсияси билан қарийб 900 мингта лойиҳага 20 триллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Ҳоким ёрдамчилари томонидан шакллантирилган 92 мингта микролойиҳа ишга туширилиб, 380 мингта иш ўрни яратилди. Бу рақамлар ортида қанчадан қанча одамлар, оилалар тақдири ётибди. Ана шу ишлар натижасида боқимандалик кайфияти камайиб, тадбиркорлик муҳити, аждодларимиз анъаналарига мос яратиш завқи кучайиб боряпти.

    Энг муҳими, бу хайрли ишлар тўхтаб қолмаяпти. Аксинча, янги-янги мезонлар асосида ривожланмоқда. Яқинда Президентимизнинг Сирдарё вилояти Сайхунобод туманига ташрифи асносида бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилдик. Давлатимиз раҳбари яшаш шароитлари, аҳоли ўртасида тадбиркорликни йўлга қўйиш, оилаларнинг даромадини ошириш борасидаги ишлар билан танишиб, томорқа ва уй хўжаликларидаги имкониятларни тўлиқ ишга солиш орқали қишлоқ аҳолисининг турмушини янада юксалтириш борасидаги вазифаларни белгилаб берди. Бу чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш маҳалла тизими ходимлари зиммасига катта масъулият юклайди. Зеро, бугун халқимиз ўз ҳаётида сезиши учун ҳамма ишлар маҳаллада ташкил қилиняпти. Мақсад эса оилаларнинг даромадини ошириш, халқни бой қилиш.

    – Маҳаллалар янада обод ва файзли масканга айланиши, халқимизҳаётидаги ўрни юксалиши учун бу тузилманинг моддий-техника базаси ҳам шунга мос бўлиши керак,албатта. Уюшма бу борада маҳаллаларга қандай кўмак беряпти?

    – Тўғри, яхши ишлаш учун шароит ҳам шунга мос бўлиши керак. Шуни инобатга олиб, уюшма фаолияти йўлга қўйилган илк кунларданоқ маҳаллаларнинг моддий-техника салоҳияти юзасидан ўрганиш ўтказдик. Маълум бўлишича, ҳозир 1 минг 100 дан кўпроқ маҳалла ҳалиям ўз биносига эга эмас. Қолаверса, кўпгина маҳаллаларда иш жараёнида фойдаланиладиган техника ва технологиялар эскирган. Бу муаммони ҳал этиш учун маҳаллий ҳокимлар билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Бир қатор вилоятлар маҳалла биносини янгилашни зиммасига оляпти. Уларни уюшма ҳисобидан жиҳозламоқчимиз. Қолган ҳудудларда ҳам бу масалада изланиш олиб бориляпти.

    Энг муҳими, бу масала давлатимизнинг алоҳида эътиборида. Давлат дастурида бу йўналишда муҳим вазифалар белгиланган. Жумладан, маҳалла фаолиятини рақамлаштириш, “Маҳалла баланси”ни шакллантириш билан боғлиқ муҳим чора-тадбирлар кўзда тутилган.

    – Юртимиздаги ҳар бир маҳалланинг ўз тарихи бор. Буни уларнинг номланиши ҳам ифода этади. Ушбу тарихий салоҳиятни асраш ва ёшларга етказишда қандай ишлар режалаштирилган?

    Бугун юртимизда 9 минг 452 та маҳалла фаолият юритмоқда. Уларни номлашда ҳудуднинг тарихий номи ва аҳоли ташаббуслари инобатга олиняпти. Бу борада жойлардаги атамалар бўйича комиссиялар билан маҳалла фаоллари яқиндан ҳамкорликда иш олиб боради. Кўпгина маҳаллаларимиз ўз тарихини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича муайян ишларни амалга оширяпти. Буни маҳаллаларда ташкил этилган маҳалла тарихи бўйича бурчаклардан ҳам билиш мумкин.

    Аммо, бугунги маънавий ислоҳотлар талабидан келиб чиқиб бу ишларни янада жонлантириш, ёшларнинг ўзи яшаётган ҳудуд тарихи бўйича билим ва дунёқарашини бойитиш зиммамиздаги асосий вазифа. Зеро, тарихини билган ҳар бир йигит-қизнинг ўзлигига садоқати кучли, юртга муҳаббати юксак бўлади. Келгусида бу йўналишда таклиф ва ташаббусларни ўрганиб, янги-янги лойиҳаларни амалга ошириш ниятидамиз.

    Зеро, бугунги глобаллашув даври маънавий-маърифий соҳадаги ишларни асло сусайтиришга йўл бермайди. Президентимиз таъкидлаганидек, маънавий тарбия ишларини энди мутлақо янгича усулда олиб боришимиз керак. “Эзгулик – шиоримиз, маърифат – қуролимиз”ғояси асосида бу жараённи аввало оиладан, маҳалладан бошлашимиз лозим. Бу борада жамоамизда салоҳият ва имконият етарли. Ишончим комилки, зиммамизга юкланган вазифаларни муносиб адо этиб, халқимизни рози қилишга эришамиз.

    Бугун юртимизни қўшалоқ байрам шукуҳи кезиб юрибди. Яъни Наврўз айёми билан бир қаторда Маҳалла тизими ходимлари куни ҳам нишонланяпти. Қолаверса, бу йилги миллий байрамларимиз Рамазон ойига тўғри келганида ҳам ўзгача ҳикмат бор. Зеро, бундай саодатли кунларда, улуғ айёмларда сабр-қаноат, хайру саховат фазилатлари зиёда бўлади. Бу эса халқимизга, ёшларимизга ўзликни англатиш, жамиятимизда меҳр-оқибат, хайр-саховат муҳитини кучайтиришга замин бўлади.

    Фурсатдан фойдаланиб, шундай шукуҳли кунларда тилагим шуки, аввало, юртимиз тинч бўлсин.Ҳар бир хонадон ва маҳалладан доимо шодлик ва бахт садоси таралиб турсин. Ҳамкасбларимизга ҳам эл-юрт манфаати йўлида қилаётган хайрли ишларида ҳамиша омад ёр бўлишини тилайман. Кимнинг дилида қандай эзгу ният бўлса, рўёбини берсин.

    Асрлар оша боқий яшаб келган қадриятларимиз бардавом бўлсин!

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Баҳор Хидирова суҳбатлашди

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates