Шоҳсанам 35-мактабнинг 9-синфида ўқийди. Инклюзив таълим асосида устозлардан билим оляпти. Ҳозирда буйрак касаллиги билан касалланган. Меҳмонлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар бемор қизнинг дардига оз бўлса-да малҳам бўлди.
Шоҳсанам Тошкентдан келган меҳмонларга миннатдорлик билдирар экан, уларга ўзи чизган суратларни кўрсатди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ботир Эргашев "Синфдошларим мен сизнинг сафингиздаман" деб номланган кўргазма учун тайёрланган суратларни томоша қилар экан ёш ижодкорга шундай деди:
– Бу суратларда сенинг покиза қалбинг, мустаҳкам ироданг акс этиб турибди. Асло умид қилишдан ва изланишдан толмагин. Атрофингда шундай меҳрибон ва оқибатли устозларинг, маҳалладошларинг борлигидан жуда хурсандмиз.
Тарғибот гуруҳи аъзоларининг учрашувлар ва концертлар намойиш этиш билан бирга устозлар, ёши улуғ инсонлар ва беморлар ҳолидан хабар олаётганликлари, албатта, эътиборга моликдир.