Миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик жамият тараққиётининг муҳим мезони

    Фикр 4 сентябр 2024 941

    Жаҳонда турли миллат вакилларининг бир мамлакатда тинч-тотув яшашлари, умуминсоний бағрикенглик тамойилларини ривожлантиришга интилишлари янги асрга хос хусусият ҳисобланади. Жамият тараққиётида турли миллат ва элатлар ҳуқуқлари, манфаатлари таъминланиши, уларнинг тили, маданияти ва тарихига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиниши демократик ислоҳотлар жараёнида муҳим жиҳатлардандир.

    Бугунги кунда Ўзбекистонда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари истиқомат қилмоқда. Шу сабабли сўнгги йилларда жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини ва кўп миллатли катта ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга йўналтирилган кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилди.

    Бу борада амалга оширилган ислоҳот ва ўзгаришлар негизида конституцион нормалар мавжуд.

    Бош қомусимизда Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар Ўзбекистон фуқаролари ташкил этиши муҳрлаб қўйилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ўзининг ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг тили, урф-одати ва анъаналарига ҳурмат билан муносабатда бўлишини, уларни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратилишини эълон қилган ва кафолатлаган.

    Чиндан ҳам, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Муқаддимасида Ўзбекистон халқи ушбу Конституцияни «фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида» қабул қилгани алоҳида таъкидланган. Конституциянинг 4-моддасида Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тили экани мустаҳкамлангани баробарида, Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одат ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиши қайд этилган.

    Бош Қомусимизнинг 8-моддасида «Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади» деган норма белгилаб қўйилган. Ана шу конституциявий талабдан келиб чиқиб, ўз тақдирини Ўзбекистон билан боғлаган, мамлакатимиз фаровонлиги йўлида ҳалол ва виждонан меҳнат қилаётган, ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра фуқаролиги бўлмаган шахсга айланиб қолган фуқароларнинг ҳаётий муҳим масалаларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Конституциямизнинг 19-моддасига кўра, «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқейидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар», дея белгиланган. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, аҳоли, айниқса, ёшлар онгида инсонпарварлик қадриятларини, турли миллат вакиллари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, бу борада амалга оширилаётган ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришни тақозо этди.

    Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 19 майдаги «Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва 2019 йил 15 ноябрдаги «Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонлари бу борада айни муддао бўлди.

    Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 19 майдаги фармони жамиятда барқарорлик, тинчлик ва тотувликни таъминлаш, фуқаролар онгида катта, кўп миллатли ягона оилага мансублик туйғусини мустаҳкамлаш, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган таъсирчан ташкилий-институционал чора-тадбирларни ўзида қамраган.

    Бу ҳақда фикр юритганда, авваламбор, шу пайтга қадар фаолият юритиб келган иккита йирик тузилма Республика байналмилал маданият маркази ва Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилганини таъкидлаш лозим.

    Бунинг натижасида Республика байналмилал маданият маркази, миллий маданий марказлар, Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши, шунингдек, дўстлик жамиятлари ягона Қўмита негизида бирлашди.

    Бугунги кунда Қўмита мамлакатдаги 156 та миллий маданий марказ, 38 та дўстлик жамияти ва хориждаги 98 та ватандошлар жамияти билан ҳамкорлик қилмоқда. Чет элдаги ҳамкор ташкилотлар билан икки томонлама алоқаларни ривожлантириш бўйича 5 та англашув меморандуми ва коммюнике имзоланди.

    Эндиликда ушбу Қўмита жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, тинчликсевар сиёсатни, мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида эришилган ютуқ ва муваффақиятларни кенг тарғиб қилиш, халқаро ҳамжамият, шу жумладан, чет элдаги ҳамюртларимиз диаспораси билан дўстликни мустаҳкамлашга доир давлат сиёсатини изчил амалга оширмоқда.

    Президентимиз 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг

    72-сессиясида жаҳон ҳамжамияти олдида турган долзарб масалаларга тўхталиб, «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш бўйича таклиф билдирганди. 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси 73-сессияси 51-йиғилишида «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияси 193 та аъзо мамлакат томонидан якдиллик билан қабул қилинди.

    «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюциясининг айнан Ўзбекистон ташаббуси билан ишлаб чиқилишида ўзига хос рамзий маъно бор. Бугун миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро бағрикенгликни таъминлаш борасидаги Ўзбекистон намунаси жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда. Бинобарин, она заминимизда динлараро бағрикенглик ва миллатлараро ҳамжиҳатлик чуқур тарихий илдизларга эга.

    Миллатлараро тотувликни таъминлаш Ўзбекистоннинг замонавий давлат сифатида ривожланиш стратегиясининг ажралмас қисми ҳисобланади. Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида миллатлараро муносабатлар соҳасида белгиланган вазифалар доирасида 40 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар: 2 та Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 9 та фармони ва 8 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 20 та қарори, Олий Мажлиснинг 3 та қарори қабул қилинди.

    Яна бир муҳим жиҳат: Президентимиз 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш зарурлигини қайд этиб, БМТ Бош Aассамблеясининг резолюцияси билан ҳар йили 30 июль – Халқаро дўстлик куни сифатида кенг нишонланиши, шу боис мазкур санани Ўзбекистонда «Халқлар дўстлиги куни» деб белгилашни таклиф этгани юртимизда истиқомат қилувчи кўп миллатли фуқароларимизни бениҳоя қувонтирди.

    Эндиликда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 10 февралдаги Қонунига асосан, мамлакатимизда 30 июль – «Халқлар дўстлиги куни» этиб белгиланган.

    Сўнгги йилларда ушбу санага бағишлаб «Дўстлик» ҳафталиги ва «Дўстлик» халқаро форум-фестивали каби йирик халқаро тадбирлар ташкил этилмоқда. Ҳукуматнинг тегишли қарори билан «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони таъсис этилди. Ушбу кўкрак нишони билан юртимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари ўртасида миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитининг мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшган, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини ошириш борасида фидокорона меҳнат қилган, шунингдек, хорижий мамлакатлар халқлари билан дўстлик ва ҳар тарафлама ҳамкорликни ривожлантиришда самарали натижаларга эришган маҳаллий ва хорижий давлат органлари ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий соҳа ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда хориждаги ватандошлар тақдирланади.

    Мамлакатимизда миллий ўзликни сақлаб қолиш, этник қадриятларни ривожлантириш билан боғлиқ жараёнларга, яқин ўтмишдагидан фарқли равишда миллатчиликнинг ўсиши деб эмас, балки табиий-тарихий жараён сифатида қаралмоқда. Хусусан, этномаданий эҳтиёжларини тўлақонли қондириш, миллий урф-одатлар ва анъаналар ривожига ҳар томонлама шароит яратиш мақсадида турли миллатларга мансуб миллий-маданий марказлар фаолиятига кенг йўл очиб берилган.

    Мустақиллик йилларида миллий маданий марказларнинг 500 дан ортиқ фаоли давлат мукофотларига сазовор бўлди, орден ва медаллар билан тақдирланди, жумладан, 14 нафарига «Ўзбекистон Қаҳрамони» юксак унвони берилди.

    Юртимизда мавжуд 10 мингдан зиёд мактабнинг 2 минга яқинида қардош тилларда таълим-тарбия олиб борилиши, ўзбек тили билан қўшиб ҳисоблаганда 7 тил (ўзбек, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, тожик, туркман тиллари)да дарс ўтилиши қонуний таъминланган ва давлат томонидан мана шу етти тилда дарсликлар, ўқув қўлланмалари мунтазам равишда чоп этиб борилади.

    Хусусан, олий таълим тизимида ўқиш миллий тилларда олиб бориладиган махсус факультет ва бўлимлар фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг

    30 фоиздан ортиғи мустақиллик йилларида ташкил этилганини алоҳида қайд этиш жоиз. Телерадиокўрсатув ва эшиттиришлар 12 тилда эфирга узатилмоқда, газета ва журналлар 14 дан ортиқ тилда чоп этилмоқда.

    Миллатлараро муносабатлар соҳасида янги давр мутахассисларини тайёрлаш мақсадида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасаларида антропология ва этнология таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилди.

    Жумладан, Ўзбекистон миллий университетида «Амалий этнология» лабораторияси, кейинчалик университетнинг тарих факультетида «Антропология ва этнология» кафедраси ташкил этилди. Бундан кўзланган асосий мақсад мамлакатимиздаги миллатлараро муносабатлар масалаларини таҳлил қилиш, этник низоларнинг ҳамда уларнинг салбий оқибатларининг олдини олишга эришиш билан боғлиқ вазифаларни бажаришга қаратилган тадбирларни амалга ошириш борасида қатор тадбирлар кўзда тутилган.

    Юртбошимиз ташаббуслари асосида амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар суръати ва самараси, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маънавий жиҳатдан эркинлаштириш ва жамият ҳаётининг бошқа жабҳаларида эришилган салмоқли муваффақиятлар таҳлили мамлакатимиз халқининг Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича олижаноб мақсадлар ва ғоят муҳим вазифаларга эришишдан иборат ягона мақсад атрофида бирлашганини таъкидлаш учун барча асосларни беради.

    Охирги йилларда Ўзбекистонда миллатлараро муносабатларда қатор ижобий ишлар амалга оширилгани кузатилмоқда. Буни қуйидаги фикрлар ҳам тасдиқлайди.

    Биринчидан, миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш соҳасида давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлиги янада ошган.

    Иккинчидан, жамиятда юзага келиши мумкин бўлган можароли вазиятлар ва ихтилофларнинг барвақт олдини олиш ва уларни профилактика қилиш фаолиятини ташкил этиш асоси сифатида жойларда миллатлараро муносабатлар ҳолатини мониторинг қилиш тизими ва механизмлари йўлга қўйилган.

    Учинчидан, миллатлараро муомала маданиятини тарбиялаш, Ўзбекистон халқининг тарихи ва анъаналарини ўрганиш бўйича таълим, ахборот ва маданий-маърифий чора-тадбирлар комплекси ишлаб чиқилган.

    Тўртинчидан, миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш соҳасида давлат органлари мутахассисларини, шунингдек, бошқа ташкилотлар ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида самарали механизмлар яратилган.

    Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасида етарли ҳуқуқий, ташкилий ва институционал асослар яратилган. Ҳукумат томонидан турли миллатларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Бунинг натижасида, Ўзбекистон заминида истиқомат қилаётган миллат ва элатлар ўзларини тарихий ватанларида яшаётгандай ҳис қилишаётгани, ўз она тилларида мулоқотга киришишлари ва таълим олишлари учун кенг имкониятлар яратилгани эътирофга молик.

    Мамлакат ҳудудида яшаб келаётган турли миллат вакиллари учун ахборотни ўз она тилида олиш имконияти тақдим этилгани, бу борада теле ва радио эшиттиришлар, газета ва журналлар фаолияти йўлга қўйилгани республикадаги бағрикенглик тамойилларининг ёрқин намунасидир.

    Энг муҳими, кўп миллатли фуқаролар ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳурмат ва дўстлик устуворлиги ушбу йўналишдаги давлат сиёсатининг натижадорлигидан далолат.


    Элёр Улуғмуродов,

    Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази

    Самарқанд вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари