Миллий тилни асрамоқ миллатни ҳимоя қилмоқдир

    Ҳар бир миллатнинг маънавий камолотини кўрсатадиган қадриятлари бўлади. Шулардан бири, шубҳасиз, тил. Бизнинг ҳам дунё тиллари билан беллашишга қодир гўзал ва бой тилимиз бор. Она тилимиз халқимизнинг узоқ тарихий илдизларига, ўз сиёсий-ҳуқуқий асосларига эга муқаддас маънавий ютуғидир.

    Бугунги кунга қадар шонли ва шарафли йўлларни босиб, кескин ва шиддатли тўфонларни енгиб келаётган миллий тилимиз давлат мақомида янада улуғвор ва устуворлигини намоён қилиб келмоқда.

    Президентимизнинг “Кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин”, деган фикридан англаб етиш мумкинки, тил ҳар бир миллат маданиятининг ўзагидир. У халқ тараққиёти ва келажагини белгилайдиган, бирлаштирадиган, урф-одат ва анъаналарини сақлайдиган асосий восита эканини ҳар биримиз чуқур англаб, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтириш, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишга ҳисса қўшмоғимиз лозим.

    Тил жуда муҳим тарбия воситаларидан бири. Ёш авлод қайси тилда тарбия топса, унинг кейинги тақдири ҳам бевосита шу тил билан боғлиқ бўлади. Бола қанча кўп тил ўрганмасин, барибир унинг тасаввурида илк бора ҳаёт рангларини таниган она тили асосий бўлиб қолаверади. У айни тилда фикрлайди, мулоҳаза юритади. Шу ўринда ўзимизга савол берсак: биз фарзандларимизни она тилимизга муҳаббат руҳида тарбиялай оляпмизми? Улар келгусида тилимизнинг асосий тарғиботчилари сифатида қолишини тушуниб етяпмизми?

    Бугун мамлакатимизда ёшларга эътибор ҳар қачонгидан юқори. Йилимиз ҳам бежиз “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб номланмаган. Уларда ўзини турли соҳаларда синаб кўриш, бу йўлда давлатимиз ғамхўрлигидан баҳраманд бўлиш имконияти бор. Кимдир бизнесни танласа, кимдир ўз келажагини илм-фанда кўради. Бугун ўз брендини яратиш, уни кенг танитиш уддалаб бўлмайдиган иш эмас. Ёшлар орасида ўз йўлини топган, аллақачон муваффақиятли тадбиркорга айланганлари талай, уларнинг ютуқларидан дил қувонади. Бироқ аксарият ёшлар томонидан шахсий бизнесига танланаётган ажнабий тиллардаги номларни ўқиб хафа бўласан киши. Бунинг сабабини сўрасангиз, дунёга танилиш учун шу йўлни тутганини айтади. Наҳотки она тилимизда дунёга танилишга арзийдиган сўзлар бўлмаса?! Шундай ёшлар ном танлаш жараёнида ўзбек тилининг изоҳли луғатига бир қур назар солсалар, қанчадан қанча гўзал номлар топган бўларди-я, деб ўйлаб қоласан.

    Тилга меҳрли ҳар бир инсон унинг қўпол равишда бузилишига йўл қўймайди, ҳурмат билан қарайди. Ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларига хилоф иш тутса, белгиланган жаримани тўлайди. Адабий тил меъёрларига риоя этмасдан телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар олиб борувчи бошловчиларнинг тилимиз қоидаларини бузишига эса негадир жарима солмаймиз. Аслида уларнинг она тилига меҳру муҳаббати бошқаларга ўрнак бўлиши керак эмасми? Ўзбек тилида теле ва радиокўрсатувлар олиб борувчи бошловчи ва журналистларимиздан бу масалани қайта ўйлаб кўришларини илтимос қилган бўлардик.

    Ўзбек тили АҚШ, Буюк Британия, Германия, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Туркия ва шу каби қатор давлатларнинг 60 га яқин олий таълим муассасаси ва 100 дан зиёд мактабида ўрганилаётган бир пайтда биз қурилган биноларимизнинг номини хорижий тилларда номлаб ўтирганимизни, ҳатто реклама материалларини ҳам шундоқ латиф тилимиз қолиб ажнабий сўзлар билан тўлдираётганимизни қандай тушуниш мумкин?

    Зеро, буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний ёзганидек: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурғон ойинаи ҳаёти тили ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”.

    Мамлакатимизда давлат тилига эътибор ҳар қачонгидан-да кучайди. Бугун она тилимизни улуғлаш, унинг бой хазинаси, таровати ва нафосатини ёш авлодга етказиш мақсадида атоқли шоир ва адибларимиз номларидаги ижод мактаблари ташкил этилган. Муҳаммад Ризо Огаҳий, Исҳоқхон Ибрат, Абдулла Қодирий, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабларида сабоқ олган ёшлар ўзбек тили ва адабиёти, бадиий ижод сирларини чуқур ўрганаётир. Албатта, бу ёшлар келгусида она тилимиз, миллатимизнинг ҳақиқий жонкуярлари бўлиб вояга етадилар.

    Таассуфки, мустабид тузум даврида миллат руҳи, ғурури бўлмиш ўзбек тилининг мавқейини пасайтиришга уринишлар кўп бўлган. Миллат ойдини, маърифатпарвар адиб Абдулла Қодирий “Ўзбек тили камбағал тил эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар”, деган хитоби билан ўтмишнинг аччиқ ситамларини баён қилган эди. Бугун эса ҳолат бутунлай бошқача, она тилимиз қадрини юксалтириш фуқаро сифатида ҳар биримизнинг ўзимизга боғлиқ.

    Шундай экан, барчамизда она тилимизга бўлган ғамхўрлик ва муҳаббат кун сайин ўсиб борувчи жараёнга айлансин. Ёш авлодни ҳам айни руҳда тарбиялаш масъулиятини ҳаммамиз бирдек ҳис этайлик. Шундагина аждодларимиз руҳи бизлардан рози, авлодлар эса миннатдор бўлади.


    Азизбек ҲАСАНОВ,

    педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент


    Ҳамкорлик материали

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates