Москвада туризмни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон тажрибаси юқори баҳоланди

    Москвадаги Россия сайёҳлик форуми доирасида туризм соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш муҳокама этилди.

    «Бугун Ўзбекистон ўз мамлакатини ташқи бозорларда илгари суриш бўйича жуда муваффақиятли дастурни амалга ошириб келяпти.

    Биз ушбу тажрибани жуда синчковлик билан ўрганяпмиз ва ҳамкасбларимизни эришилган ижобий натижалар билан табрикламоқчимиз», — деб таъкидлади форум доирасида Россия Иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников.

    Бундан ташқари, у Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш бўйича жиддий ишлар олиб борилаётганини айтиб ўтди. «Ишончим комилки, ҳозирда икки томонлама сайёҳлар оқими бир миллион икки юз мингдан ортиқ, биз ундан ошиб кетишимиз мумкин».

    Тадбир давомида Туризм қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Жамшид Абдусаломов Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш борасидаги тажрибаси билан ўртоқлашди.

    У Ўзбекистонда туризм соҳаси миллий иқтисодиётнинг стратегик тармоғи сифатида белгилангани ва ушбу соҳани мамлакат барқарор ривожланишининг драйверига айлантириш бўйича мисли кўрилмаган чора-тадбирлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади, деб хабар беради Туризм қўмитаси матбуот хизмати.

    Тадбирни Россия Федерацияси ҳукумати раисининг ўринбосари Дмитрий Чернишенко олиб борди.