Бу ҳақда Божхона қўмитаси ахборот хизмати маълум қилди.
Таъкидланишича, мулоқот чоғида июнь ойидан Ўзбекистондаги чегара-божхона постларида босқичма босқич «Электрон навбат» тизими жорий қилиниши, мазкур тизим илк бор айнан Қозоғистон билан чегарада жойлашган «Навоий» божхона постида ишга туширилиши айтиб ўтилди.
Мулоқотда иккала давлат ўртасидаги «Оқ олтин» – «Селиннй» ҳамда «Малик» – «Сирдарё» чегара божхона постлари орқали бўш юк автотранспорт воситалари ва йирик габаритли бўлмаган юклар ҳаракатини йўлга қўйиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Бу энг аввало Ўзбекистоннинг «Яллама», «Нажимов» ва «Сирдарё» чегара божхона постлари ва унга туташ Қозоғистоннинг чегара божхона постларидаги юклама ва тирбандликларни сезиларли равишда қисқаришига олиб келади.
Учрашувда иккала давлатда божхона хизмати вакилларини таъсис этиш бўйича келишув ҳам муҳокама қилинди.
Шунингдек, томонлар ўзаро ҳамкорликнинг янги Режасини кўриб чиқишди. Режада ўтказиш пунктларини қайта қуриш ва реконструкция қилиш ишларини жадаллик билан давом эттириш назарда тутилган. Жумладан, «Ғишткўприк» ва «Довуд ота» чегара божхона постларидаги қурилиш жараёнларини якунлаш билан бир қаторда «Сирдарё» чегара божхона постини қайта қуриш назарда тутилган.
Шунингдек, ўзаро савдога доир божхона статистикаси бўйича ҳамкорликни такомиллаштириш, бунда турли номувофиқликларнинг тўлиқ олдини олиш зарурлиги қайд этилди.
Томонлар божхона лабораториялари ўртасида ва кадрлар малакасини ошириш бўйича ҳамкорликни назарда тутувчи келишувларни кўриб чиқишди.
Учрашув якунида иккала давлат божхона хизматлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликка янгича руҳ бахш этувчи 3 та ҳужжат имзоланди.









