Олий Мажлис ва Европа Иттифоқининг “Inter Pares” глобал дастури ўртасида ҳамкорлик бўйича лойиҳа йўлга қўйилади

    Бугун мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар парламентнинг ролини янада ошириш, Олий Мажлиснинг мавжуд салоҳиятини мустаҳкамлаш, қонун ижодкорлиги, парламент назорати каби йўналишларни такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

    2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам парламентаризм соҳасидаги илғор халқаро амалиётни жорий этиш вазифалари белгиланган.

    Мазкур жараёнда халқаро ҳамкорлик, парламент дипломатияси муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи-назардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Европа Иттифоқининг “Inter Pares” глобал дастури ўртасида ҳамкорлик бўйича лойиҳа татбиқ этилмоқда.

    Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, “Inter Pares” – Европа Иттифоқининг парламентаризмни мустаҳкамлаш бўйича глобал дастури бўлиб, Демократия ва сайловга кўмаклашиш халқаро институти (IDEA) томонидан Европа Иттифоқига ҳамкор мамлакатлар парламентларининг эксперт кўмагида амалга оширилади.

    Жорий йил 22 майда пойтахтимизда мазкур лойиҳанинг расмий бошланишига бағишланган анжуман ўз ишини бошлади. Унда сенаторлар, “Inter Pares” глобал дастури вакиллари, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари, Венгрия, Словакия, Франция Германия, Кипр, Чехия, Литва каби мамлакатларнинг миллий парламентлари вакиллари ҳамда Европа Иттифоқига аъзо бир қанча давлатларнинг дипломатик корпуси вакиллари иштирок этди.

    Лойиҳада иштирок этаётган 17 та давлатнинг қонун чиқарувчи органи орасида Олий Мажлис Марказий Осиё минтақаси ва бутун МДҲ маконидаги мамлакатлардан ягона парламентга айланди.

    Анжуманда Сенат Раиси Танзила Нарбаева Олий Мажлиснинг халқаро ҳамкорлиги хусусан, Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар парламентлари билан алоқалар конструктив руҳда ривожланиб бораётгани, муносабатларни амалий лойиҳалар билан бойитиш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

    — Ўзбекистон Европа Иттифоқини асосий халқаро ҳамкор деб билади. Биз парламент дипломатияси соҳасидаги саъй-ҳаракатларни изчил амалга ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга тайёрмиз. Анжуман якунлари бўйича парламент салоҳиятини янада ривожлантириш ва ролини кучайтириш бўйича фойдали тавсиялар ишлаб чиқилади, шунингдек, илғор амалиётлар ва тажриба алмашиш имкониятига эга бўламиз — дея, таъкидлади Сенат Раиси.

    Ўз навбатида, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Шарлотта Адриан “Inter Pares” лойиҳасининг Марказий Осиё давлатлари орасида айнан ягона ҳамкор сифатида Ўзбекистон парламенти билан амалга оширилаётганига тўхталиб, кейинги йилларда мамлакатда жамиятни демократлаштириш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, мажбурий меҳнатга барҳам бериш ва бошқа йўналишлардаги ортга қайтмас ислоҳотлар ва уларнинг натижалари билан изоҳланишини таъкидлаб ўтди.

    Шу билан бирга, Ш.Адриан Олий Мажлис Сенати тажрибаси Парламентлараро иттифоқнинг гендерга йўналтирилган парламентлари рейтингида тан олинган етакчи, шунингдек, жамиятда гендер тенглигини кенг тарғиб қилишда намуна бўлганига алоҳида эътибор қаратди.

    Анжуман сессияларга бўлинган ҳолда ўз ишини давом эттирди. Уларда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи парламентларининг фаолият кўламидан келиб чиқиб, парламент функцияларига амалдаги ёндашувлар ва ҳамкор мамлакатлар парламентлари тажрибаси ўрганилди.

    Шунингдек, халқаро ҳамкорлар Сенат фаолиятига тўхталиб, парламентнинг юқори палатасида масофавий ишлашда ўзига хос ёндашувлар мавжудлиги, ҳудудлар палатаси сифатида сенаторлар кўп вақтларини ҳудудларда, ўзлари сайланган сайлов округларида ўтказишлари, мазкур тажриба дунёнинг аксарият парламентларида учрамаслигини эътироф этдилар, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    Анжуманнинг иккинчи кунида иштирокчилар маҳаллий бюджет ижросини назорат қилиш, “электрон парламент” тизимини жорий этиш, гендер тенгликни таъминлаш, ёшлар билан ишлаш каби мавзуларда ўзаро фикр алмашадилар.