Ўзбекистонда 5 ойда 65 нафар ўқувчи ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлди

    2024 йилнинг 5 ойи давомида йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 65 нафар ўқувчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда 25 июнь куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида маълум қилинди.

    Мажлисда таъкидланишича, шу йилнинг 5 ойи давомида мамлакатимиздаги умумий йўл-транспорт ҳодисалари сонини 7,2 фоизга, тан жароҳати билан боғлиқ ҳолатларни 8,7 фоизга камайтиришга эришилган.

    Шу билан бирга, қайд этилган йўналишда муайян камчиликлар, ўз ечимини кутаётган муаммолар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар ҳам мавжудлиги таъкидланди.

    Ҳодисаларнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинганда маълум бўлдики, уларнинг 57 фоизи йўл инфратузилмасидаги камчиликлар ҳамда 43 фоизи ҳайдовчи томонидан йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида содир этилган.

    Содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг 53,7 фоизи пиёда ва велосипедчилар билан боғлиқ ҳолатлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

    Бундан ташқари, умумий ўрта таълим мактабларининг 9 548 таси транспорт қатнови кўп ҳудудларда жойлашган ва аксарият мактаблар олдида пиёдалар учун йўлаклар мавжуд эмас, тегишли светофорлар ўрнатилмаган.

    Оқибатда жорий йилнинг 5 ойи давомида жами 359 нафар ўқувчи билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган ва 65 нафар ўқувчи ҳалок бўлган, 294 нафар ўқувчи эса турли даражада тан жароҳатлари олган.

    2024 йил 1 январь ҳолатига республикадаги жами 209,3 минг км автомобиль йўлларининг 56,1 минг км қисми ёки 27 фоизи таъмирталаб ҳолатда.

    2023 йил ва 2024 йилнинг 5 ой давомида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг масъул ходимлари томонидан йўл инфратузилмаси билан боғлиқ қарийб 11 минг камчиликлар аниқланган бўлиб, уларни бартараф этиш юзасидан автомобиль йўллари эгаларига жами 5, 5 мингта ёзма кўрсатма ва тақдимномалар киритилган.

    Мутасаддилар томонидан тақдим этилган ахборотларда қайд этилганидек, автомобиль йўлларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан таъсирчан назорат тўлиқ ва самарали ўрнатилмаганлиги сабабли 2023 йилда жами 16 миллиондан ортиқ қоидабузарлик қайд этилган.

    Содир этилган 9 839 та йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 9 209 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2 282 нафар фуқаро ҳалок бўлган.

    Энг ачинарлиси, 2023 йилда болалар билан боғлиқ 1 794 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 1 568 нафар бола жароҳатланган ва 263 нафар бола ҳалок бўлган.

    Жорий йилнинг 5 ойида эса мамлакат бўйича содир бўлган умумий йўл-транспорт ҳодисаларининг сони ҳар 100 минг аҳолига 7,2 тани ташкил этган бир пайтда ушбу салбий кўрсаткич Тошкент шаҳрида 12,8 тани, Тошкент вилоятида 12,2 тага, Наманган вилоятида 9,1 тага ва Фарғона вилоятида 8,4 тага етган.

    Ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг салмоғи Самарқанд, Тошкент (80 тадан), Фарғона (69 та), Қашқадарё ва Сурхондарё (53 тадан) вилоятларида ҳамон юқорилигича қолмоқда.

    Муҳокамадан сўнг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг ушбу камчиликларни бартараф этишга қаратилган аниқ таклифлари акс этган қарори қабул қилинди.