Озиқ-овқат етиштиришнинг 95 фоиз манбаи

    Экологик оқибатлар тупроқ унумдорлигига жиддий хавф солмоқда

    Cайёрамизда антропоген омиллар таъсирида юзага келаётган экологик бузилишлар, иқлим ўзгаришлари, қурғоқчилик ва саҳроланиш жараёнлари кучайиб бораётгани долзарб муаммолардан бири. Айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳаси бундан жиддий зарар кўриб, тупроқ унумдорлиги пасайишига олиб келаётгани инсоният олдига муҳим вазифалар қўймоқда.

    Тупроқнинг нураган тоғ жинсларидан фарқи унинг унумдорлигидадир. Ана шу унумдор юзада инсон учун зарур озиқ-овқат маҳсулотининг 95 фоизга яқини етиштирилади.

    Сўнгги йилларда табиий ҳодисалар оқибатида тупроқ эрозияси, сифати ва унумдорлиги йўқотилиши кучайиб бормоқда. БМТ таҳлилларига кўра, бугунги кунда сайёрамиздаги ер ресурсларининг 40 фоизга яқини таназзулга учраган. Жаҳонда озиқ-овқат хавфсизлиги кун тартибидан тушмай қолган ҳозирги даврда бу жиддий муаммодир. Биргина чўлланиш, ер деградацияси ва қурғоқчилик каби оқибатлар 100 дан ортиқ мамлакатда истиқомат қилаётган 1 миллиарддан зиёд аҳоли саломатлиги ва фаровонлигига хавф соляпти.

    Қишлоқ хўжалиги ерлари ҳолатини яхшилаш, тупроқнинг хосса ва хусусиятларини мақбуллаштириш, унумдорлигини чегараловчи омилларни аниқлаш, хусусан, тупроқ ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, соҳани рақамлаштиришга юртимизда давлат сиёсати даражасида эътибор қаралаётгани боиси шунда. Охирги йилларда бу борада ҳуқуқий асослар ҳам яратилиб, кўплаб фармон ва қарорлар қабул қилинди.

    Чунки, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги натижадорликнинг катта қисми тупроқ сифатига боғлиқ. Кўп ва табиий тоза маҳсулот етиштириш учун, албатта, тупроқ соғлом, унумдор бўлиши лозимлиги оддий инсонларга ҳам тушунарли. Тараққиёт стратегиясида қишлоқ хўжалигини илмий асосда интенсив ривожлантириш орқали деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 баробар ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсишини камида 5 фоизга етказиш мақсад қилиб олинган. Бу мақсадга эришиш учун тупроқ унумдорлигини ошириш ва муҳофаза қилиш асосий устувор йўналишлар қаторига киритилган.

    Давлат дастурида эса “Тупроқ унумдорлигини ошириш ва муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган эди. Кечиктириб бўлмайдиган бу қонун лойиҳасини Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти олимлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассислари билан биргаликда ишлаб чиқди ҳамда у Олий Мажлис Қонунчилик палатасида маъқулланди. Ҳозир қонун лойиҳаси Сенатда кўриб чиқилмоқда.

    Тадқиқотлар натижа беряптими?

    Бир ҳовуч тупроқда етиштирилган тотли неъматларни истеъмол қилиш осон, албатта. Аммо улар пишиб етулгунига қадар бўлган қийинчилигу машаққатни ер билан тиллашган деҳқондан сўраш керак. Чунки, тупроқ табиатан “инжиқроқ” бўлади. Унинг унумдорлигини ошириш, қақшаб ётган ерда экин ундириш осон эмас. Айниқса, йилдан йилга тупроқ сифати ўзгариб, аксарият жойларда қурғоқчилик кучайиб бораётган ҳозирги вақтда бунинг қийинчилиги янада ортмоқда.

    Бундай шароитда соҳага илм-фан ва замонавий инновацияларни олиб кириш энг тўғри ечимдир. Буни юртимиз қишлоқ хўжалиги соҳасидаги сўнгги йилларда эришилаётган ютуқлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Яъни олимларимиз энди кичик тадқиқотлардан тортиб, катта лойиҳаларгача – барини замонавий қурилмалар, рақамли технологиялар асосида амалга ошираётгани ўз натижасини беряпти. Тупроқшунослик соҳаси ҳам бундан мустасно эмас.

    Охирги йиллардаги шундай тадқиқотларда тупроқ сифатини баҳолаш ишларига янгича ёндашилаётгани кўринади. Натижада тадқиқот ва таҳлиллар аниқлиги ошиб боряпти. Бу муаммони тўғри таҳлил қилиш, самарали ечимлар қўллашга йўл очади. Ўрганишлар давомида тупроқ деградацияси билан боғлиқ қатор янги ҳолатлар ҳам аниқланмоқда.

    Юртимизда турли даражада сув ва ирригация эрозиясига чалинган суғориладиган майдонлар 630,3 минг гектар бўлиб, шундан 343,8 минг гектари кучсиз, 208,6 минг гектари ўртача ва 78,1 минг гектари кучли ювилган тупроқдан иборат. Суғориладиган ернинг қарийб 53,2 фоизи турли даражада шўрланган ва шундан 0,9 фоизи жуда кучли шўрланганлар тоифасига киради. Шунингдек, суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларининг 7,6 фоизи турли даражада тошлоқли, 68,6 фоизида тупроқ профилининг устки ҳайдалма қатламида 0,5-1 фоиз атрофида гумус мавжуд экани аниқланган.

    Аммо муаммони аниқлашнинг ўзи камлик қилади, унга қарши ўз вақтида зарур чораларни қўллаш ҳам лозим. Шу боис, тупроқ деградацияси билан боғлиқ ушбу ҳолатларни бартараф этиш ҳамда тупроқни муҳофаза қилиш ва деградациясининг олдини олиш тадбирларини тизимли амалга ошириш мақсадида Президентимизнинг 2022 йил 10 июндаги “Ерлар деградациясига қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор асосида ер деградацияси, хусусан, тупроқнинг таназзулга учраши, сифати ва унумдорлигини йўқотишига қарши курашиш бўйича ишлар янада фаоллашди.

    Aндижон, Бухоро, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институтининг минтақавий бўлинмалари ташкил этилди. Ҳозир мазкур бўлинмалар томонидан турли ҳудудлардаги фермер хўжаликлари ва ердан фойдаланувчиларнинг суғориладиган ерларида тупроқ тадқиқотлари олиб борилмоқда.

    Ана шундай тадқиқотларнинг бири натижасида маҳаллий ресурслар асосида органоминерал ўғит олиш технологияси ишлаб чиқилди. Бу агротехнологияни қўллаш бўйича дала тажрибалари эса Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ҳамда Қорақалпоғистоннинг Хўжайли тумани фермер хўжаликлари далаларида амалга оширилди. Тадқиқот давомида экин турларининг органик ўғитга талабини қондириш ҳисобига ғўза ҳосилдорлиги 5—8 центнер, кузги буғдой ҳосилдорлиги эса 12—15 центнер ошишига эришилди.

    Яна бир технология тупроқ унумдорлигини оширишда маъдан хомашёларидан фойдаланиш билан боғлиқ. Бунда юртимиздаги паст навли фосфорит, бентонит ва глауконитлардан фойдаланилган. Бир қанча ҳудудларда ўтказилган синов-тажрибалар натижаси маъданларнинг тупроқ хосса-хусусиятларига ижобий таъсир этиб, тупроқнинг ҳажм массасини камайтириб, ғоваклиги, гумус, умумий азот, фосфор, калий миқдорини эса оширганини кўрсатди.

    Пахта майдонларида тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни янада ошириш, суғоришнинг янги технологияларига ўтиш, замонавий лабораториялар барпо этиш, фермерларни ўқитиш борасида ҳам ишлар кўлами кенг. Хусусан, 13 та туман пахта майдонларидаги тупроқ ҳолати жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Ҳар бир туман, массив ва фермер хўжаликларидаги 127 минг 268 гектар пахта майдони контурбай кесимда мониторинг қилинди. Шу асосда тупроқ ҳолати, балл бонитети, шўрланиши, механик таркиби, зичлашгани, суғориш меъёрлари, тошлоқлиги, гипслашгани ва бошқа 15 дан ортиқ хосса-хусусияти тўғрисида маълумотлар жамланди. Тажриба тариқасида танлаб олинган мазкур туманлар пахта майдонлари тупроғининг агрокимёвий хоссалари асосида ўғит қўллаш бўйича тавсияномалар ҳам тайёрланди.

    Бугунга қадар олиб борилган илмий тадқиқот ишларининг аксарияти амалий натижаларга асослангани билан аҳамиятлидир. Хусусан, ўтган йилнинг ўзида институт томонидан Сирдарё вилоятида 263 минг 740 гектар суғориладиган ер майдонида тупроқ карталарини тузиш ва тупроқ сифатини баҳолаш ишлари, 196 минг 886 гектарда агрокимёвий харитограммалар тузиш ва ўғитлар қўллашнинг мақбул муддатлари ҳамда меъёрларини ишлаб чиқиш бўйича тадқиқотлар якунланди. Юртимиз ҳудудларидаги суғориладиган қишлоқ хўжалиги ер майдонларида шўрланган тупроқларни харитага тушириш ва тупроқ шўрланганлик картограммаларини тузиш ишлари эса давом этмоқда.

    Фермер хўжаликлари, агрокластерлар ва томорқа ер эгаларига тезкор тупроқ хизматлари кўрсатиш мақсадида ҳудудларда “Тупроқ клиникаси” мобил лабораториялари ташкил этилгани ҳам муҳим ютуқларимиздан бири. Бу лабораториялар ер майдонларининг ўзида тупроқ агрокимёвий тадқиқот ишларини бажариш имконини бермоқда. Замонавий жиҳозланган лаборатория деҳқон ва фермерларга қулайлик яратибгина қолмай, у орқали олинган маълумотлар ердан самаралари фойдаланишни таъминлаш, тупроқ ҳолатини таҳлил қилиш, агрокимёвий картограммалар тузишда ҳам қўл келяпти.

    Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани тупроғида агрокимёвий хариталар асосида тупроқ ресурсларини комплекс мониторинг қилиш ва бошқариш тизимининг ахборот таъминоти, тупроқ деградациясини баҳолаш учун зарур индикаторлар тизими ишлаб чиқилди. Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Фарғона, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида танлаб олинган ер майдонларида эса тупроқнинг соғломлик даражасини баҳоловчи тупроқ экологик хариталари тузилди. Бу каби лойиҳалар юртимиз қишлоқ хўжалиги ерлари ҳолатини таҳлил қилиб бориш ҳамда ўрганиш имконини оширмоқда.

    Тупроқнинг ўз “харитаси” бор

    Албатта, бу лойиҳалар катта маблағ талаб этади. Йиллар давомида юртимизда ушбу масалага жиддий эътибор қаратилмагани, ердан илмий асосларсиз, ўзбошимчалик билан фойдаланилгани ҳам лойиҳалар учун маблағ ажратилмаганига бориб тақалади. Бу эса, мамлакатимизнинг катта қисмидаги ер майдонлари, тупроқнинг сифати бузилиши, унумдорлиги йўқолишига олиб келди. Энди уларни тиклаш, борини асраб қолган ҳолда унумдорлигини ошириш учун катта меҳнат, илм ва рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш талаб этилади.

    Бугунги кунда Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институтида умумий қиймати 7,4 миллиард сўмлик 13 та амалий ва инновацион лойиҳа бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориляпти. Мазкур амалий ва инновацион лойиҳалар юртимиздаги суғориладиган, лалми тупроқлар ва яйлов ерларни муҳофаза қилиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш, қайта тиклаш, қийин мелиорацияланадиган тупроқнинг хосса-хусусиятларини яхшилаш, глобал иқлим ўзгариши шароитида тупроқда кечаётган деградация жараёнларининг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этишга қаратилган. Бу борада янги технологиялар ишлаб чиқиш, тупроқшунослик соҳасини рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, тупроқнинг экологик ҳолатини яхшилашга йўналтирилган тадқиқотлар бажариляпти.

    Бир нечта йўналишни қамраб олувчи тадқиқотлар жаҳон тажрибаси билан ҳамоҳанг, янги технологияларга асосланиб олиб борилаётгани бежиз эмас. Боиси, илғор технологиялар иш сифати ва натижадорликни оширишга хизмат қилади. Экин далаларининг ўзида органик, макро ва микроэлементларни кўпайтириш, ғўзани ўғитлашнинг глобал иқлим ўзгаришларига мос нисбатларини ишлаб чиқиш, органик деҳқончиликда экологик соф тупроқ шароити ҳосил қилиш, лалмикор майдонларда экинни алмашлаб экиш тизимида тупроққа ишлов бермасдан экиш технологиясини ишлаб чиқиш кабилар шулар жумласидан.

    Эскича қурилма ва технологиялар бу лойиҳаларни амалга оширишга имкон бермайди. Соҳани рақамлаштириш эса жараённи тезлаштиради. Шу боис, ҳозир шўрланган қишлоқ хўжалиги ерлари мелиоратив ҳолати маълумотларини қайта ишлашга мўлжалланган мобил илова, юртимиздаги гипслашган суғориладиган тупроқнинг 3Д карталарини, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда тупроқ ресурсларини баҳолаш ва мониторинг қилиш бўйича дастурий маҳсулот яратиш устида изланишлар олиб борилмоқда.

    Хусусан, тупроқ ҳолати, унумдорлик кўрсаткичлари ҳамда мазкур кўрсаткичларнинг ўзаро функционал боғланиши асосида интеллектуал моделлар ишлаб чиқилди. Бунда сунъий интеллект технологияларида катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш услубидан фойдаланилган.

    Бухоро вилояти Бухоро туманида геоахборот тизими технологиялари ёрдамида тупроқ деградациясини баҳолаш ва хариталаш ишлари ҳам амалга оширилган. Лойиҳа юртимизнинг барча ҳудудларида давом эттирилиб, келгусида умумий ва ягона харита яратиш режалаштирилган.

    Айни вақтда қишлоқ хўжалиги ерларининг тезкор маълумотлари ва уларни қайта ишлашга йўналтирилган “Шўрланган тупроқ” мобил иловасини яратиш бўйича ҳам тадқиқотлар якунланмоқда. Шунингдек, институт олимлари мамлакатимизда илк бор тупроқни халқаро тупроқ кимёвий таҳлиллари стандарти асосида таҳлил қилиш технологиясини яратиш бўйича иш олиб боряпти. Тупроқ экологик хариталарини ишлаб чиқиш борасидаги тадқиқотлар ҳам жаҳон тажрибасига асосланган бўлиб, соҳада янгилик бўлиши кутиляпти.

    Қишлоқ хўжалигида замонавий технологияларга асосланган ана шундай илмий тадқиқотларга талаб кун сайин ортиб бормоқда. Бу барча соҳалардаги ривожланиш тенденциялари билан ҳам боғлиқ. Асосийси, ҳар бир тадқиқот муайян муаммо ечимига хизмат қилиб, янги лойиҳаларга йўл очиб бораверади. Тупроқ унумдорлигини сақлаш, қайта тиклаш ва ошириш эса нафақат бугун, балки келажак авлод фаровонлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

    Шуҳрат БОБОМУРОДОВ,

    Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти директори,

    Нодиржон АБДУРАҲМОНОВ,

    институт директори ўринбосари

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates