Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ ташаббуси билан жорий йил 11-12 ноябрь кунлари Қарши шаҳрида бўлиб ўтган ярмарка давомида маҳаллий корхоналар, хорижий инвесторлар ва илмий муассасалар вакиллари билан муҳим учрашувлар ўтказилиб, салмоқли натижаларга эришилди.
Аввал хабар берилганидек, ярмаркада хорижий давлатлар ва республиканинг барча ҳудудларидан 900 га яқин иштирокчилар қатнашган бўлиб, бунда нефть-газ корхоналарининг иштироки алоҳида аҳамиятли бўлди.
Хусусан, «Ўзбекнефтгаз» АЖ ташаббуси билан бу йилги ярмаркада илк марта «Махсусенергогаз» АЖ, «Жиззах Петролиум» ҚК, «Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари» МЧЖ, «Ўзнефтгаз қудуқ таъмирлаш» АЖ, «Андижон қудуқтаъмирлаш», «Ўзбеккимёмаш заводи» АЖ каби етакчи маҳаллий нефть-газ корхоналари, шу билан бирга «Eriell», «Enter Engeneering» (Сингапур), «Татнефт», «Хромос Инжиниринг» МЧЖ, «Иделмаш», «Полати» (Россия Федерацияси), «Wika», «NTCS Group» (Қозоғистон) каби хорижий компаниялар ҳам ўз стендлари билан иштирок этди.
Ярмаркада «Ўзбекнефтгаз» АЖ иштирокида ташкил этилган «Узкоргазкемикал» ҚК, «Гиссарнефтгаз» ҚК, «Natural gas stream» ҚК, «Азия транс газ» ҚК, «Кўкдумалоқгаз» ҚК, «New silk road» ҚК каби қўшма корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ва кўрсатилаётган хизматлар, уларнинг фаолият натижалари ва истиқболли лойиҳалари намойиш этилди.
Ярмарка давомида «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви Раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг йигирмага яқин иштирокчилар билан бевосита маҳаллийлаштириш ва тармоқлараро кооперацияни кенгайтириш йўналишларида амалий учрашувлари ўтказилиб, умуман тадбир давомида 327 та аниқ келишувларга эришилди.
Ярмарка якунлари билан «Ўзбекнефтгаз» АЖ корхоналари томонидан саноат эҳтиёжлари учун 2021–2022 йилларда маҳсулотлар, бутловчи буюм, материаллар ҳамда хизматларни маҳаллий корхоналар томонидан етказиб бериш бўйича 249 та шартномалар имзоланди ва ягона электрон кооперация портали орқали модерацияга берилди.
Мазкур шартномалар доирасида нефтгаз саноати корхоналарига хизматлар кўрсатиш, фильтрлар, саноат мойлари, беркитиш-бошқариш қурилмалари, кимё маҳсулотлари, манометр ва ўлчагичлар, подшипниклар, бентонит, барит, манжетлар, резинотехника ва электротехника буюмлари, ўт ўчириш қурилмалари ва бошқаларни маҳаллий корхоналар томонидан етказиб берилиши кўзда тутилган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра ҳудудий саноат ярмаркаси доирасида маҳаллийлаштирилаётган маҳсулот ва хизматларни уларнинг импорт ўхшаши билан солиштирганда ўртача 138 миллиард сўмлик маблағ иқтисод қилинишига эришилади.
Шу билан бир қаторда, «Ўзбекнефтгаз» АЖ тизимида импорт маҳсулотларга қарамликни камайтириш мақсадида маҳаллий тадбиркорлар билан 78 та ҳамкорлик меморандумлари имзоланиб, улар доирасида янги маҳсулот турларини биргаликда ишлаб чиқаришни ташкил этиш, корхоналарда лаборатория ва саноат-тажриба синовларидан ўтказиш ҳамда кейинчалик харидга тайёрлаш ишлари амалга оширилади, деб хабар беради «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати.