Ҳафталик доирасида «Оролбўйи эзгу ният элчилари» халқаро илмий-амалий конференция, «Орол рассомлар нигоҳида» ижодий кўргазмаси ва пленери бўлиб ўтади. Кўргазмада ёш ҳаваскор ва профессионал рассомларнинг Орол ҳақидаги расмлари намойиш этилади.
Шунингдек, 18 апрелда Мўйноқда 2 км масофага югуриш бўйича « Aral Sea Eco Race» эко-марафони ўтказилади.
Бунда иштирокчилар дастлаб дарахт экиладиган майдончагача 1 км масофани босиб ўтади, майдончада дарахт экади ва яна маррага қайтади (1 км масофа). Ҳар бир иштирокчининг ўз рақамига чип бириктирилган бўлиб, у дарахт экиш фактини қайд этади. Финиш чизиғида ҳар бир иштирокчи табиатни тиклаш лойиҳасидаги иштироки учун рамзий дарахт кўринишидаги медаль билан тақдирланади.
Бундан ташқари, тадбир иштирокчиларини «Орол балиқларидан 99 турдаги таомлар» гастрономик фестивали ҳамда тарихий обидаларга унутилмас саёҳат кутади, деб хабар беради Туризм қўмитаси матбуот хизмати.
Шунингдек, хабар орқали марафонда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш тартиблари тушунтирилади.