Энергетика вазирлиги мазкур масала юзасидан муносабат билдирди.
Қайд этилишича, Ўзбекистондда кичик қувватли қуёш фотоэлектр тизимларини ўрнатиш давлат томонидан эмас, тадбиркорлик субъектлари (хусусий корхоналар) тарафидан амалга оширилади. Бугунги кунда республикада қуёш фотоэлектр тизимларини ва қуёш сув иситиш қурилмаларини ўрнатиш ҳамда уларга сервис хизмати кўрсатиш билан шуғулланувчи 100 дан зиёд тадбиркорлик субъектлари мавжуд.
Улар мамлакатимиздаги қайсидир катта компаниялар билан боғланмаган, бири-биридан мустақил, рақобатга киришган ҳолда фаолият юритади. Хориждан қуёш фотоэлектр тизимларини тўғридан-тўғри харид қилиш, мамлакат ҳудудига олиб кириш, харидорларга етказиб ҳамда ўрнатиб бериш, шунингдек, уларга сервис хизматлари кўрсатишда ҳам ҳеч бир тадбиркорлик субъектига чеклов қўйилмаган.
Яъни аҳоли вакиллари, тадбиркорлар ўзлари истаган тадбиркорлик субъекти билан шартнома имзолаб, ўз ҳудудига қуёш фотоэлектр тизимларини ўрнатиши мумкин.
Бунда ҳеч қандай мажбурлашларга ва харид қилишда қийинчиликлар туғдирадиган (қиммат нарх, фоизларни ошириш каби) ҳолатларга мутлақо йўл қўйилмайди.
2023 йилда “Яшил энергия” МЧЖ томонидан ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идоралари эҳтиёжлари учун умумий қуввати 10 МВтлик қуёш фотоэлектр станцияларини харид қилиш, ўрнатиш ва уларга техник хизматларни кўрсатиш бўйича “Sun High Tech” (2 МВт), “Eleve Fast Service” (2 МВт), “Humo Solar” (2 МВт), “Ogma Projects” (2 МВт), «Ўзбекенерготаъмир» (2 МВт) компаниялари билан жами 93 млрд сўм (8,08 млн доллар) қийматда шартномалар имзоланди.
Шунингдек, қуёш панелларини харид қилиш бўйича “Tongwei Solar (Hefei) Co., Ltd” ва улар учун On-Grid инверторларини харид қилиш бўйича “Huawei International Co. Ltd” компаниялари билан умумий қуввати 300 МВтга тенг қуёш панеллари ва инверторлари етказиб келиниши бўйича шартномалар имзоланди.
Таъкидлаш ўринлики, агар жорий йил бошида 1 кВт қувватга тенг қуёш панелини ўрнатиш нархи 11,5 млн сўмга тўғри келган бўлса, бу рақам бугунги кунда 8,5 млн сўмдан иборат бўляпти. Шунинг ўзиёқ соҳада рақобатнинг мавжудлигини ва тадбиркорлар мижоз учун таннархни пасайтиришдан, уларга қўшимча имтиёзлар яратиб беришдан манфаатдорлигини исботлайди, дейилади вазирлик Ахборот хизмати хаарида.