Тибетда тошдан ясалган дунёдаги энг қадимий игналар топилди

    Тибет ғарбидаги Сяда-Ко кўли яқинида қазиш ишлари олиб борган археологлар олтита ғайриоддий тошдан ясалган қадимий буюмларни топишди.

    Arkeonews хабарига кўра, 2020 йилда топилган қадимий буюмлар 9 минг йиллик, тикишда фойдаланилган, тошдан ясалган игналари бўлиб чиқди.

    Олимлар узунлиги 2,5 сантиметрдан ошмайдиган бу игналарни ўрганишди. Игналар тальк, актинолит, серпентин ва тремолитдан тайёрланган. Улар милоддан аввалги 7049 – 6568 йилларга оид.

    Олимларнинг фикрича, топилган игналар тикишда қўлланилган, айниқса чодир тикиш каби мураккаб ишларда асқатган бўлиши мумкин.

    Шу вақтгача топилган энг қадимги тошдан ишланган игналарнинг ёши атиги 2700 йил бўлган, улар Хитойнинг Хэньань вилоятида топилган, деб хабар беради korrespondent.net.