Унда таъкидланишича, ўтган асрларда Марказиё Осиё мусулмонлари ҳаж зиёратига кетаётганда Истанбулга кириб ўтишга ҳаракат қилганлар. Айниқса, бугунги Ўзбекистон ҳудудидан келганлар учун Истанбул, Бурса, Адана, Дамашқ ва Қуддус шаҳарларида махсус хонақоҳлар ташкил этилган. Ушбу такяхоналар Ислом шаҳарларини занжирнинг ҳалқаларидек бир-бирига боғлаган, дейилади материалда.
«Бухоро, Самарқанд ва унинг атрофида яшовчи мусулмонлар Қора денгиздан кемаларда Истанбулга келган, шаҳарда узоқ вақт қолиб, кейин зиёрат йўлида давом этар эдилар. Ўзбек хонақоҳлари тарихи ана шу даврларга бориб тақалади, деб ёзади муаллиф. Ўзбек хонақоҳлари ичида энг машҳури Истанбулнинг Ускудар туманидаги Султонтепеда жойлашган. 1753 йилда қурилган мазкур хонақоҳ Усмонийлар империясининг охирги давригача зиёратчиларни қабул қилган».
Материалда қайд этилишича Истанбулдан ташқари Муқаддас зиёратга бориш йўлида жойлашган барча йирик шаҳарларда ҳам ўзбек хонақоҳлари бўлган. Ушбу жойларда зиёратчилар учун барча шароитлар яратилган ва бепул тақдим этилган.
«Ўзбек такяхоналари, шунингдек, муҳим алоқа ва ахборот занжири бўлиб хизмат қилган. Машаққатли саёҳатлардан сўнг Қуддусга етиб келган ўзбекистонлик зиёратчилар бу ердаги ушбу махсус бунёд этилган жойда кутиб олинган ва Ҳижоз томон кузатилган. Қуддусдаги Масжид ал-Ақсо шимолида жойлашган ўзбеклар хонақоҳи бугунги кунда ҳам обод манзиллардан биридир.