Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Украинага 2024 — 2027 йилларда 50 миллиард евролик молиявий ёрдам пакетини тақдим этиш бўйича келишувни тасдиқлаш учун Венгрияни овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда 18 декабрь, душанба куни Financial Times нашри хабар берди.
Нашрнинг қайд этишича, Брюсселдаги айрим амалдорлар Венгрияга нисбатан 2007 йилги Европа Иттифоқи тўғрисидаги шартноманинг 7-моддасига кўра, қонун устуворлигини бузганлик учун жазолаш тартибини қўллашни таклиф қилмоқда, бу эса мамлакатни овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилиши мумкин.
“Балки Венгрия кўпроқ муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Балки Венгрия бизни бир нечта турли воситалардан фойдаланишга мажбур қилиши мумкин. Лекин охир-оқибат Венгрия Украинага пул беришимизни тўхтата олмайди”, деди ўтган ҳафта Брюсселда ўтказилган саммитда иштирок этган Европа Иттифоқи расмийси.
Аввалроқ, Украина бош вазир ўринбосари Ольга Стефанишина Европа Иттифоқи етакчилари Украинанинг иттифоққа қўшилиши бўйича музокараларни кўриб чиқиш чоғида Венгрияни овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилиши мумкинлигини айтган эди.
Гарчи Венгрия Украинанинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш бўйича музокаралар бошланишига рухсат берган ҳолда овоз беришдан бетараф қолган бўлса-да, Орбан мазкур қарорга қаршилигини ва жараённинг кейинги босқичида Украинанинг аъзолигига вето қўйишга тайёрлигини айтди, деб хабар беради korrespondent.net.