Учрашувда томонлар Ўзбекистон-Венгрия алоқалари доирасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик муҳим ўрин тутишини қайд этдилар. “Мамлакатларимиз ёш авлодларини бир-бирига янада яқинлаштириш учун таълим муҳим кўприкдир” – деди Л. Трочани.
Ректор Л. Трочани Карои Гашпар университетида ташкил этиш режалаштирилган Марказий Осиё тадқиқотлари марказида хорижлик талабалар қаторида халқаро муносабатлар ва сиёсатшунослик йўналишларида таҳсил олишни истовчи ўзбекистонлик талабаларни жалб этиш таклифини билдириб, бунинг учун Венгрия томонидан, жумладан Венгрия ҳукуматининг “Stipendium Hungaricum” дастури доирасида таълим грантларини ажратиш мумкинлигини таъкидлади.
У марказда олий таълим берилиши билан бир қаторда илмий тадқиқотлар ҳам йўлга қўйилиши, бу турдаги марказ Европанинг бошқа давлатларида йўқлигини қўшимча қилди. Шунингдек, марказда ўқиш жараёнини бошлаш 2024/2025-ўқув йилидан режалаштирилганини маълум қилди.
Қайд этилишича, энергетика ҳуқуқи бўйича Карои Гашпар университетида янги таълим дастури йўлга қўйилган бўлиб, у хорижлик талабалар учун ҳам очиқ. Ўқиш учун ўзбекистонлик талабалар ҳужжат топширишлари мумкин. Энергетика ҳуқуқи, хусусан, соҳани ҳуқуқий тартибга солиш масалалари ҳозир нафақат Европа минтақасида, балки бутун дунёда долзарб.
Вазирнинг биринчи ўринбосари К. Каримов Будапештдаги Карои Гашпар университетида Ўзбекистон маданияти, тили, адабиёти ва тарихини намойиш этувчи “Ўзбекистон бурчаги”ни ташкил этиш таклифини билдирди.Таклиф ректор Л. Трочани томонидан қўллаб-қувватланди.
Бундан ташқари, вазирнинг биринчи ўринбосари Ўзбекистон ва Венгрия ректорларининг учинчи форумини кейинги йил Ўзбекистонда ўтказиш таклифини билдирди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон ва Венгрия ректорларининг биринчи форуми 2021-йил 21–23 июнь кунлари Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида, иккинчи форум эса 2023-йил 18–19 май кунлари Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган.
Меҳмоннинг Ўзбекистонга ташрифи давомида Самарқанд ва Тошкентдаги бир қатор ОТМлар ректорлари билан ҳам учрашувлари режалаштирилган, деб хабар беради Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати.