Халқаро конференцияда Оролбўйи минтақасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди

    Яшил сайёра 25 феврал 2023 1185

    Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазири А. Абдухакимов 2023 йил 23 февраль куни Рим шаҳрида ташкил этилган атроф-муҳит ва сув ресурслари бўйича «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» юқори даражадаги 7-конференциясининг очилиш тадбирида иштирок этди.

    Конференцияда Атроф-муҳит ва сув ресурслари бўйича «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» платформаси ҳамда Атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши бўйича ишчи гуруҳнинг сўнгги йиллардаги фаолияти натижалари тақдимоти бўлиб ўтди.

    Платформанинг 2023-2025 йилларга мўлжалланган фаолиятининг устувор йўналишлари аниқланиб, ушбу йўналишдаги истиқболдаги лойиҳалар муҳокама қилинди.

    А.Абдухакимов ўз маърузасида конференция иштирокчилари эътиборини Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ глобал экологик муаммоларга қаратиб, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан кейинги йилларда ушбу экологик муаммони бартараф этиш юзасидан Орол денгизининг суви қуриган туби ва Оролбўйи минтақасида кенг миқёсда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

    Таъкидланганидек, Орол денгизининг қуриб қолган қисмида экотизимни яхшилаш, тадқиқотлар ва инновацияларнинг илғор тажрибаларини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази ва БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси ташкил этилди ҳамда Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш ҳақида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюцияси қабул қилинди.

    Шунингдек, «Яшил Марказий Осиё» ташаббуси доирасида минтақавий мулоқотни мустаҳкамлашни давом эттириш, табиий ресурсларни барқарор бошқариш, биологик хилма-хилликни сақлаш ва бошқа истиқболли йўналишлар бўйича ҳамкорликни кенгайтиришнинг аҳамиятли эканлиги қайд этилди.

    А.Абдухакимов конференция иштирокчиларини жорий йилнинг октябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган БМТ Чўлланишга қарши курашиш конвенциясининг бажарилишини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-йиғилиши ҳамда БМТ Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенциясининг 14-томонлар конференцияси (CМС CОП-14)да иштирок этишга таклиф қилди.

    Айтиш жоизки, «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» юқори даражадаги 7-конференцияси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги янги ташаббусларни Ўзбекистонда ва Марказий Осиё минтақасида амалга оширишни муҳокама қилиш учун самарали платформа бўлиб хизмат қилади.

    Табиат ресурслари вазирлиги ахборот хизмати

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates