Тадбирда икки давлат таълим вазирлари, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон таълим соҳаси раҳбарлари қатнашди. Хусусан, Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти вакиллари ҳам иштирок этди.
Саммитда Шинжон қишлоқ хўжалиги университети, Хохай университети, Шимоли-ғарбий А&Ф университети, Тошкент давлат аграр университети ва Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти ўртасида Сув-тупроқ ресурсларидан самарали фойдаланиш, шўр-ишқорли ерлар ҳолатини яхшилаш ва дарё-кўл тизимини муҳофаза қилиш бўйича Хитой–Ўзбекистон халқаро қўшма тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисидаги келишув имзоланди.
Битимнинг асосий мақсади – икки давлат ўртасида сув ва тупроқ ресурсларидан самарали фойдаланиш, шўр ерларни комплекс бошқариш, дарё-кўл тизимларини экологик тиклаш ҳамда илғор технологияларни татбиқ этиш ва бошқа йўналишларида барқарор ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат.
Келишувга кўра, марказ доирасида:
- 60 нафар юқори малакали олимлардан иборат илмий гуруҳ шакллантирилади;
- 60 дан ортиқ илмий мақолалар нашр этилади;
- 2–3 та халқаро илмий симпозиумлар ўтказилади;
- 10–20 нафар халқаро магистр ва докторантлар биргаликда тайёрланади.
Мазкур ташаббус Марказий Осиёда сув ва тупроқ ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлайдиган техник ечимлар, биоселекция ва ақлли қишлоқ хўжалиги соҳаларида чуқур илмий тадқиқотларни ривожлантириш, шунингдек, озиқ-овқат ва сув хавфсизлигини таъминлашда илмий, амалий асос бўлиб хизмат қилади.
Ҳамкорлик материали










