Янги Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати янги босқичда

    Ёшларга яратилаётган шарт-шароитлар истиқболли келажак гаровидир

    Мамлакатимизнинг шиддат билан ривожланаётган, ҳар соат ва дақиқада ўзгаришларга бой халқаро майдонда рақобатбардошлилиги, таълим, тиббиёт, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда дунё рақобат бозорига тенгма-тенг кириб бориши ва ўзининг муносиб ўрнига эга бўлишида биз ёшларга берилаётган таълим-тарбия, таълим муассасамизда яратилаётган шарт-шароитлар муҳим аҳамият касб этади.

    Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 26-моддасида таълим инсон шахсини тўла баркамол қилишга ва инсон ҳуқуқлари ҳамда асосий эркинликларига нисбатан ҳурматни кучайтиришга қаратилмоғи лозимлиги, таълим барча халқлар, ирқий ва диний гуруҳлар ўртасида бир-бирини тушуниш, хайрихоҳлик ва дўстликка хизмат қилиши ҳамда БМТнинг тинчликни сақлаш борасидаги фаолиятига ёрдам бериши кераклиги мустаҳкамланган.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқларида ёшлар масаласи алоҳида тўхталиб, “ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифа эканлиги, экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилаётганлиги, бугунги дунё ёшлари – сон жиҳатидан бутун инсоният тарихидаги энг йирик авлод эканлиги, сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқлиги, шунингдек бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси “вируси” тарқалишининг олдини олишдан иборатлиги”, таъкидлаб ўтилди.

    Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

    Таъкидлаш жоизки, давлатимиз томонидан ёшлар таълим-тарбияси, уларнинг келажакка бўлган ишончи, билим олишга, касб ўрганишга бўлган ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш, ўқитиш ва таълим-тарбия жараёнларини тартибга солишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тубдан такомиллаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда янги Ўзбекистон шароитида ёшларга, уларнинг таълим-тарбияси ва ижтимоий ҳимояси масаласига жиддий эътибор берилмоқда.

    Ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида 2016 йил 14 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур Қонунда ёшларга оид давлат сиёсати — давлат томонидан амалга ошириладиган ҳамда ёшларни ижтимоий жиҳатдан шакллантириш ва уларнинг интеллектуал, ижодий ва бошқа йўналишдаги салоҳиятини камол топтириш учун шарт-шароитлар яратилишини назарда тутадиган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар тизими сифатида қатъий мустаҳкамлаб қўйилди.

    Таълим тизимидаги ислоҳотларнинг сўнгги беш-олти йиллик таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, Янги Ўзбекистонда турли соҳаларда бўлгани каби юридик соҳада ҳам ёшларнинг таълим олишига кенг имкониятлар яратилиб, қатор имтиёзлар жорий этилди.

    Хусусан, Президентимизнинг 2020 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан Тошкент давлат юридик университети қошидаги академик лицейда ўқишга қабул тизими, таълим фаолияти, моддий-техник база тубдан янгиланган. 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ТДЮУ қошидаги академик лицейнинг барча фанлар бўйича юқори натижаларга эришган битирувчилари Тошкент давлат юридик университетига кириш тест синовларисиз, якка тартибда суҳбат ўтказиш орқали, тўлов-контракт асосида, қабул параметрларидан ташқари кириш ҳуқуқига эга бўлди.

    Педагогик ходимлар эса юқори малакали, касбий тайёргарликка ва ахлоқий меъёрларга эга кадрлар билан тўлдирилган бўлиб, биз ёшларга ўтилаётган ўқув машғулотлари ҳар бир фаннинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда замонавий таълим технологиялари ва инновацион ўқитиш методлари асосида амалга оширилмоқда.

    Таълим муассасамизда яратилган шарт-шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланиб, биз ёшлар фанлар бўйича билимларни чуқур эгаллашимиз, чет тили ва ахборот-коммуникация технологияларини пухта ўзлаштиришимиз, шунингдек академик лицейимизнинг республикамиз академик лицейлари рейтингида муносиб ўрин эгаллашида биз билан боғлиқ бўлган қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор беришимиз лозим:

    Биринчидан, кейинги босқичда олий таълим муассасаларига кириш учун аниқ мақсад ва стратегик режа асосида ишларни ташкил этиш;

    Иккинчидан, республика ва халқаро фан олимпиалари, спорт мусобақаларида иштирок этиш ва совринли ўринларни қўлга киритиш;

    Учинчидан, чет тили ва фанларни билиш даражаси тўғрисидаги миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлиш;

    Тўртинчидан, маънавий-маърифий ва ўқув-тарбиявий ишларда фаол иштирок этиш.

    Хулоса ўрнида айтиш лозимки, давлатимиз томонидан биз ёшларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар, қонунчилик ҳужжатлари билан берилган ҳуқуқ ва имтиёзлардан унумли фойдаланган ҳолда янги Ўзбекистоннинг замонавий янги авлод кадрлари сифатида шаклланишимиз, ҳар бир соҳа бўйича билим, малака ва юқори касбий кўникмага эга бўлган рақобатбардош кадр сифатида халқаро майдонга чиқишимиз, давлатимиз раҳбарининг биз ёшларга бўлган ишончларини оқлашимиз олий бурчимиздир.

    Гулсанам Бахтиёрова,

    ТДЮУ қошидаги академик лицейнинг 1-босқич ўқувчиси

    No date selected
    январ, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates