ЮНEСКОда Савицкий музейи коллекциялари нусхаларининг кўргазмаси очилди

    Маданият 27 сентябр 2022 2152

    ЮНEСКОнинг Париждаги бош қароргоҳида И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейида сақланаётган сараланган асарлар фотосуратларидан иборат махсус кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

    Тадбирда ЮНEСКО раҳбарияти, дипломатик корпус вакиллари, ЮНEСКОга қарашли ихтисослашган муассасалар мутахассислари иштирок этди.

    Бир ҳафта давомида бўлиб ўтадиган кўргазмада турли муаллифларнинг, асосан, оддий одамларнинг кундалик ҳаёти, халқлар маданияти ва анъаналари, ўзбек халқининг буюк аждодларига бағишланган 26 та сурати тақдим этилган. Кўргазма Ўзбекистон ҳукумати томонидан ЮНEСКО Котибияти билан ҳамкорликда ташкил этилган.

    Тадбирнинг очилиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида республикада мамлакатимизнинг бой маданий меросини авайлаб асраш, кўпайтириш ва тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди. И.В.Савиский номидаги Нукус музейи коллекцияларининг ўзига хослиги алоҳида таъкидланди

    Кўргазма иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

    ЮНEСКО Бош директорининг гуманитар ва ижтимоий фанлар бўйича ўринбосари Габриэла Рамос Ўзбекистон ҳукуматига Қорақалпоғистон давлат санъат музейининг ноёб коллекциясидан кўргазма ташкил этишда кўрсатаётган ёрдами учун самимий миннатдорлик билдирди.

    — Бугунги тадбир Марказий Осиёнинг асрлар давомида шаклланган ва Буюк Ипак йўли бўйлаб ўзаро мулоқот ва алмашув туфайли шаклланган ҳамда тараққий этган бой маданияти ва тарихий меросини ўзида мужассам этган, – деди Габриэла Рамос. – Кўргазма минтақа азалдан Шарқ ва Ғарб ўртасидаги маданий, илм-фан ва тижорат алмашувида муҳим ўрин тутганини кўрсатди.

    Кўргазма Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2021 йил 15-16 сентябрь кунлари Хива шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» халқаро форумида ишлаб чиқилган Хива декларациясининг бир йиллигига бағишланди. Декларация Марказий Осиёда тенг ҳуқуқли ва инклюзив жамиятларни ривожлантириш учун сиёсий мулоқотни ривожлантиришга қаратилган «Хива жараёни» платформасини ишга туширишга замин яратди. Қувонарлиси, Гуманитар ва ижтимоий фанлар сектори Ўзбекистон ҳукуматига «Ипак йўли», «Маданиятлараро мулоқот», «Ирқчиликка қарши кураш», «Ёшлар ва спорт» каби қатор дастурлар орқали ташаббусни амалга оширишда етакчи бўлиб хизмат қиляпти, деб хабар беради «Дунё» АА.

    Қайд этиш жоизки, «Хива жараёни» платформаси ЮНEСКО ваколатига кирувчи соҳаларда Марказий Осиёда ҳамкорликни фаоллаштиришга кўмаклашиш мақсадида ишлаб чиқилган. Ижроия кенгашининг 212-сессияси доирасида дунёнинг барча минтақалари вакилларидан иборат 23 давлат ҳаммуаллифлигида «Хива жараёни: Марказий Осиёда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш» қарори қабул қилинди. 2021 йил 9-24 ноябрь кунлари Париж шаҳрида бўлиб ўтган Бош конференциянинг (ЮНEСКО бош бошқарув органи) 41-сессиясида ҳам худди шу номдаги махсус резолюция маъқулланган.

    ЮНEСКОнинг яхши ният элчиси, таниқли ҳайкалтарош Хедва Сер таниқли муаллифларнинг суратлари орқали Ўзбекистон ҳақида муҳим маълумотга эга бўлганини, мамлакат аҳолиси ва уларнинг кундалик ҳаёти ҳақида кўп нарсаларни кашф этганини таъкидлади.

    — Тасвирларнинг кўпчилиги жуда ранг-баранг, шунинг учун улар томошабинни ўзига қаттиқ тортади ва диққат билан қарашга мажбур қилади, — деди Хедва Сер. — Кўргазма Ўзбекистоннинг бой ва ранг-баранг маданиятига, айниқса, жорий йил ноябрь ойида ушбу ажойиб мамлакатга сафарим олдидан ҳайратимни янада оширди.

    Хайфа ал-Могрин, Саудия Арабистонининг ЮНEСКОдаги элчиси:

    – ЮНEСКО «уйи»да ўз маданиятининг бир қисмини намойиш этаётган Ўзбекистондан миннатдормиз. Бугун мен санъат табиат, атроф-муҳит, иқтисод ва жамиятлар эволюцияси нақадар ифодали тарзда уйғунлашганини ҳис қилдим, ёрқин тасвирларга гувоҳ бўлдим. Санъат одамларнинг қандай бирга яшаб, қандай меҳнат қилгани, улуғ ишлар ва бунёдкорликларни амалга оширгани, ҳаётдан роҳатланиб, бахтга эришгани ҳақида аниқ-равшан ҳикоя қилади. Кўргазмада Ўзбекистон ва унинг халқи тарихи тўлақонли кўз олдимизда намоён бўлди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates