Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Каттақўрғон ва Пастдарғом тумани бўлимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда ушбу ҳудудлардаги “F.Z.” фермер хўжалиги раҳбари Г.Х. ҳамда ЯТТ Э.Н. электр сув насосларини тижорат мақсадида тармоққа ўзбошимчалик билан улаб, жами 217,4 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.
Шунингдек, Департаментнинг Андижон шаҳри ва Балиқчи тумани бўлимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда фуқаро Х.К. ва “S.V.” МЧЖ масъул шахслари тижорат мақсадида ўзларига тегишли савдо дўконларини умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тўғридан-тўғри улаб, жами 214,5 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.
Департаментнинг Жиззах шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро Б.Б. яшаш хонадонида тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги газ тармоғига уланиб, ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиб келиб, жами 151,8 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.
Ҳозирда ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.