Бир жамоа – бир мамлакат

    Қарийб бир ой биз спорт мусобақаларининг руҳи билан яшадик.

    Париждаги ёзги олимпиадани катта хаяжон ва қизиқиш билан кузатиш асносида юртдошларимиз ғалабалардан қувонди, ғурурланди, мағлубиятлардан ранжиди. Олимпиадага тайёргарлик, ғолибларга ажратилган маблағ ва мукофотларга турлича ёндошувлар бўляпти ва бу табиий жараён. Жамият плюралистик қарашлар ёрдамида ривож топади, савол қўя оладиган, конструктив танқид, таҳлил қилиш, адекват мулоҳаза билдириш кўникмасига эга инсонлар билан тараққий этади.

    Спортга катта маблағ ажратиш шартми, мусобақалардаги ғалабалар нимани англатади, рағбат нима беради? Келинг, шу саволлар атрофида фикрлаб кўрамиз. Давлатнинг спортга катта маблағ ажратиши шарт ёки шарт эмаслиги турли омилларга боғлиқ. Бу омиллар давлатнинг иқтисодий ҳолати, аҳолининг спортга қизиқиши, халқаро майдондаги мақсадлари ва миллий сиёсатининг устуворликларига кўра белгиланади. Маблағ ажратишнинг муҳим жиҳатлари ҳақида гап кетганда, иқтисодий ва инфратузилмавий ривожланишни айтиш зарур. Яъни, катта маблағ ажратиш спорт инфратузилмасини ривожлантириш, янги спорт иншоотларини барпо этиш ва спортчиларни қўллаб-қувватлаш учун керак бўлади. Бу, айниқса, юқори даражадаги рақобатчи спортчилар тайёрлаш учун аҳамиятли.

    Кейингиси – жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш давлат спортга маблағ сарфлаб, аҳолининг умумий соғлигини яхшилашга ёрдам беради.

    Мамлакатнинг халқаро нуфузини ошириш, яъни давлатнинг халқаро майдондаги имижини яхшилаш учун спортга маблағ ажратиш шарт бўлиши мумкин. Катта спорт мусобақаларидаги ютуқлар давлатнинг дунёдаги нуфузини оширади.

    Махсус мақсадларга эришиш учун маблағ ажратиш. Агар давлат спортни стратегик мақсадлар учун, масалан, ёшларни жисмонан соғлом қилиб тарбиялаш, миллат бирлиги ёки ижтимоий барқарорликни таъминлаш мақсадида кўраётган бўлса, керакли сармоя ажратиш керак бўлади.

    Жанубий Африканинг собиқ президенти, таниқли сиёсий арбоб Нелсон Мандела “Спорт дунёни ўзгартириш кучига эга. У одамларни бирлаштиришда, умид яратишда ва ижтимоий тўсиқларни енгишда ҳукуматлардан кўра кучлироқдир”, деган эди. 1995 йилда Ругбй Wорлд Cуп финали “Спрингбокс” жамоасининг ғалабасини нишонлашда у ўзининг машҳур “Бир жамоа – бир мамлакат” шиорини қўллаган, бу эса бутун мамлакатни бирлаштиришга хизмат қилган эди.

    Қатардаги футбол бўйича Осиё кубогидан бошланган тенденция Париж олимпиадасида давом этди ва марказий осиёликларнинг жипслиги рамзи сифатида тарихга муҳрланди. Ўзаро ютуқлардан қувониш ҳақидаги постлар, хабарлар, изоҳлар ижтимоий тармоқларни тўлдирди. Айниқса, Олимпиадага мураббийсиз келган қирғизистонлик боксчи Мунарбек Сейитбек уулуга ўзбекистонлик Акмал Ҳусановнинг секунданлик қилгани ва унинг финалга чиқиб, қирғиз спорти учун тарихий натижа кўрсатгани тилларда достон бўлди. Финалда айнан ўзбекистонлик боксчи Абдумалик Халоковга ютқазиб қўйгани қирғизистонликларни асло хафа қилмади. Улар бу натижа учун ёрдам берган Акмал Ҳусановга миннатдорлик билдириб, олтин билан ўзбекистонликларни чин дилдан табриклашди.

    Бу воқеа миллионлаб инсонларни ҳаяжонга солди. Миллионлаб ёшлар, болалар биродарлик, дўстлик, мардлик ҳақида катта эҳтимол билан бир умр хотирасида қоладиган ҳикоя эшитди. Ўзбекистонлик, марказий осиёлик, туркий, мусулмон, яхши инсонлар билан замондош эканидан ғурурланди.

    “Футбол биз учун на фақат ўйин, балки у мамлакатимиз учун ҳаёт тарзи ва миллий фахрнинг ёрқин рамзи”, деганида “футбол қироли” Пеле тахминан шуларни назарда тутган бўлса керак.

    Ватандошларимиз, фарзандларимизнинг ютуқлари, ғалабаларидан фахрланиш завқи ҳар бир соҳада йўлдошимиз бўлсин!

    Ўзбекистон Халқ демократик партияси ахборот хизмати