Мажбурий ижро бюросининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, шу жумладан, иш жойига тиклаш ва иш ҳақиларини ундириш чораларига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борадаги суд ҳужжатларнинг ижросини дарҳол таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Хусусан, 2022 йилда судларнинг иш ҳақларини ундириш тўғрисидаги 2.634 та ижро ҳужжати юзасидан олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида 11,5 млрд. сўмдан ортиқ иш ҳақлари ундирилиб, 2.415 нафардан зиёд ишчи ходимларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Жумладан, Фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг ижро ҳужжатларига асосан қарздор Нукус туман ҳокимлигидан жами 16 нафар фуқарога 62 млн. 715,7 минг сўм иш ҳақи ундириш белгиланган.
Ёки, фуқаролик ишлари бўйича Амударё тумани судининг суд буйруғига асосан қарздор “Агромаш транс МТП” МЧЖдан ундирувчи З.Аметованинг фойдасига 13 млн. 437,5 минг сўм ундириш белгиланган.
Мазкур ҳужжатларнинг ижроси, тегишинча Бюронинг Амударё ва Нукус туман бўлимлари томонидан олиб борилиб, қисқа муддат ичида ундирувчиларга белгиланган иш ҳақлари банк пластик карталарига ўтказиб берилди.
Ижро ҳужжатлари эса Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 41 моддасига асосан тамомланди.