Видеоконференцияда 25 киши иштирок этди. Жумладан, “Туркистонликлар маданий ва ижтимоий ҳамкорлик жамияти” раиси Акбар Ясса, Ўзбекистоннинг Адана шаҳридаги фахрий консули Илкер Медений, “Туркистонликлар маданий ва ижтимоий ҳамкорлик жамияти”нинг Адана шаҳридаги раиси Осман Бег, Бурса вилояти Ўсмонғозий тумани ҳокими ўринбосари Джем Куршад Хасаноглу ҳамда ўзбек диаспораси вакиллари қатнашдилар.
Тадбирни Бош консул Амирсаид Аъзамхўжаев кириш сўзи билан очиб, тилнинг инсоният ривожидаги ўрни, хусусан, ўзбек тилининг туркий тиллар ичида нақадар бой ва латофатли эканлигига эътибор қаратди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида мустақил Ўзбекистон тарихида илк маротаба давлат тили – ўзбек тилида нутқ сўзлагани ва бу нафақат Ўзбекистон, балки бутун туркий тилли халқлар томонидан муносиб қаршиланганини алоҳида таъкидланди.
“Туркистонликлар маданий ва ижтимоий ҳамкорлик жамияти” раиси Акбар Ясса ўз нутқида «тил нафақат алоқа воситаси, балки миллат тарихи, маданияти ва хотираси ҳамдир. У ўтмишни бугунги кунга, бугунни эса келажакка етказиб берувчи воситадир”, деди.
Хитойдан Болқон минтақасигача бўлган жуғрофий кенгликда шонли тарих ёзиб, бой маданий мерос қолдирган туркий миллатларнинг бугунги кунда борлиги ҳам айнан тилимизга бевосита боғлиқдир. Шу боис уни қадрлаш, сақлаш ва янада ривожлантириш барчамизнинг муқаддас бурчимиз эканлиги таъкидланди. Бу каби лойиҳалар орқали икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантиришда ўзбек тили ва маданиятимиз бунга мустаҳкам кўприк бўлиши қайд қилинди.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг «турк дунёсида» тутган ўрни ва аҳамияти, Марказий Осиёда юритаётган яхши қўшничилик сиёсати тўғрисида ҳам атрофлича фикр юритилди.
Айни пайтда ўзбек тилини ўрганишни истайдиган янги гуруҳ ҳам шаклланган бўлиб, унинг иштирокчилари учун дарсларни янада такомиллаштирилган дастур асосида олиб бориш режалаштирилган.