Мазкур тадбир икки мамлакат ишбилармонлари иштирокида енгил саноат (Чарм саноати ва тўқимачилик) соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, экспорт-импорт масалаларида ўзаро муносабатларни ривожлантиришга қаратилган.
Форумда иштирок этиш учун Беларусь Республикасида енгил саноат йўналишида фаолият олиб бораётган 20 га яқин йирик компаниялар Тошкентга ташриф буюрган. Жумладан, «Марко», «БелВест» каби йирик пойабзал ишлаб чиқариш брендлари, Минск чарм ишлаб чиқарувчилар бирлашмаси каби компаниялар.
Секция ишида чарм саноат йўналишида ўзаро алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, Ўзбекистон ва Беларусь тадбиркорлари ўртасида янги технологиялар асосида тажриба алмашиш, қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш бўйича музокаралар ўтказилди.
Шунингдек, форум доирасида икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида келишув ва шартномалар имзоланди. Минск чарм ишлаб чиқарувчилар бирлашмаси ҳамда «Чароғон инвест» МЧЖ ўртасида 2,2 миллион долларлик шартнома имзоланди, деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.