Мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Амирлик ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, Бухоро ва Шаржа шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатларини ўрнатиш ва биргаликда туркум тадбирлар уюштириш, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Шаржа музейлари идораси, бошқа маданият ва таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштириш, шунингдек, бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйиш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.
Шаржа экспомарказида 2-13 ноябрь кунлари бўлиб ўтаётган Халқаро китоб кўргазмаси ҳақида сўз юритилиб, Амирлик китобшунослик идораси билан Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва бошқа мутасадди идоралар ҳамкорлигини йўлга қўйиш таклиф этилди.
Мазкур Амирликнинг БАА маданий ҳаётидаги тутган ўрнини инобатга олиб, Бухоро ва Шаржа шаҳарларининг биродарлик ришталарини ўрнатиш истиқболларига эътибор қаратилди. Амирлик вакили ушбу таклифни қўллаб-қувватлаб, аниқ йўналишларда ҳамкорлик дастурини биргаликда ишлаб чиқиш, ўзаро делегациялар алмашиш фикрини билдирди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Шаржа амирлиги ўртасида турли йўналишлардаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, жорий йил декабрь ойида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси делегациясининг ташрифи доирасида биргаликдаги ишлар истиқболлари муҳокама қилиниши таъкидланди.
Шунингдек, 18 ноябрда Абу Дабида очилиши режалаштирилган Шайх Зоид фестивалида иштирок этадиган Ўзбекистон ҳунармандчилик соҳаси мутасаддилари билан учрашув уюштириш, шунингдек иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда биргаликда бир қатор мақсадли тадбирлар ташкил этишга келишиб олинди, деб хабар беради «Дунё» АА.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, Шаржа амирлиги БАА таркибидаги 7 та амирликдан бири бўлиб, 1 727 йилда Қосимийлар сулоласи томонидан асос солинган, аҳоли сони ва майдонига кўра БААдаги учинчи йирик ҳудуд ҳисобланади. Амирликда 6 та эркин иқтисодий зона, 28 та саноат ҳудуди, 17 музей ва 20 дан ортиқ олий таълим муассасалари фаолият юритади.