Тадбирда 300 дан ортиқ халқаро иштирокчилар, тажрибали гидлар, туризм соҳасидаги мутахассислар, давлат ташкилотлари, фан ва таълим муассасалари вакиллари иштирок этди.
Форум Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси ва Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Форумнинг очилишида сўзга чиққан Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев бугунги кунда хорижий давлатлардан ташриф буюрувчилар учун виза режими соддалаштирилганини, ҳозирда виза режими соддалаштирилган давлатларнинг сони 93 тага етганини таъкидлади.
2023 йилда юртимизга хориждан 7 миллионга яқин турист келган. Уларнинг қолиш муддати ўртача 4 кунгача узайди (1,3 баробар ўсиш).
“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастурига асосан ҳудудларга 21 миллион маҳаллий сайёҳ ташрифи ташкил этилди (20% ўсиш)”, — дея таъкидлади У. Шадиев.
Форумдан кўзланган мақсад экскурсия соҳасида тажриба ва билим алмашиш, туризм индустриясининг муҳим йўналишларидан бирини ривожлантиришнинг долзарб масалалари ва истиқболларини муҳокама қилиш, шунингдек, ўзбекистонлик ва хорижий соҳа вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат. Форум доирасида “Экскурсия фаолияти: таълим, фан ва амалиёт симбиози” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Форум доирасида Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти билан Туркия, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг турли таълим ва туризм ташкилотлари ўртасида бир қанча ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандумлари имзоланди, деб хабар беради Туризм қўмитаси матбуот хизмати.