Таъкидланганидек, Дастурда назарда тутилган топшириқлардан 215 таси жорий йил I ярим йиллигида бажарилиши белгиланган бўлиб, шундан 137 та банд ва кичик бандлар тўлиқ бажарилган. Ҳисобот даврида 153 та норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинган.
Ҳукумат томонидан ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида ялпи ички маҳсулот кўрсаткичи ўтган йилнинг I ярмига нисбатан 105,4 фоизни ташкил этган.
Инвестиция дастури доирасида 157,5 миллион долларлик маблағлар ўзлаштирилган ва маҳаллийлаштириш дастури доирасида 28 турдаги
3 триллион 940,2 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган.
Жорий йилнинг I ярим йиллигида 4,5 миллиард долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, прогноз кўрсаткичлари 117 фоизга бажарилган.
Республика бўйича жами 6,9 миллиард долларлик товарлар ва хизматлар экспорти амалга оширилган ҳамда бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 128 фоизни ташкил этган.
Хизматлар соҳасида жами 756 мингта (йиллик режага нисбатан 49 фоиз) янги иш ўринлари яратилган.
Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бўйича дастур ижроси юзасидан 21,7 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 112,9 фоизга бажарилган.
29 та «Янги Ўзбекистон» массивларида 21 312 та хонадонли 619 та кўп қаватли уй-жойларнинг 397 тасида қурилиш ишлари бошланган.
Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш мақсадида 76 та оилавий шифокор пункти, 20 та оилавий поликлиника ҳамда 505 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилиши натижасида 1,8 миллион аҳолига ўз яшаш жойида бирламчи тиббий-санитария хизмати йўлга қўйилган.
Шунингдек, мамлакатимиздаги 40 ёшдан ошган 10 млн 304 минг нафар аҳолидан қарийб 4 миллион 387 минг нафари тиббий кўрикдан ўтказилган.
Шу билан бирга мажлисда сенаторлар томонидан Дастур ижроси юзасидан йўл қўйилган айрим камчиликларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Дастурда муддати ўтган 63 та банд ижроси юзасидан ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бугунги кунга қадар қабул қилинмаган. Бу эса, ушбу бандларда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш учун ҳуқуқий асос бўлмаганлиги учун уларнинг ижроси таъминланмаслигига олиб келяпти.
Хусусан, жамоат тартибини сақлаш бўйича патруллик хизмати фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, тўқимачилик саноати маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2 баробарга кўпайтириш, доривор ўсимликларни қайта ишлаш асосида 17 турдаги субстанциялар ва биологик фаол моддалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш дастурини қабул қилиш, жорий йилда аҳолига ахборот-кутубхона хизмат кўрсатишни янада ривожлантириш ҳамда соҳада ягона бошқарув тизимини жорий этиш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари бугунги кунга қадар тасдиқланмаган.
Муҳокамалар сўнггида мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.