Референдум ва сайлов ўтказиш тартиби такомиллаштирилади

    Сайлов 24 ноябр 2023 1697

    Сенатнинг қирқ еттинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни сенаторлар томонидан атрофлича муҳокама этилди.

    Таъкидланганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган “Ўзбекистон – 2030» стратегияси қабул қилиниб, мазкур стратегия доирасида муҳим ва долзарб йўналишлар бўйича мақсадлар белгиланган.

    Муҳокама давомида демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтиришга қаратилган вакиллик органларига сайловнинг аралаш, яъни мажоритар ва пропорционал тизимини жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

    Шунингдек, янги таҳрирдаги Конституцияда референдум ва сайлов билан боғлиқ ўзгаришлар назарда тутилганлиги, шу сабабли амалдаги сайлов тўғрисидаги ҳамда референдум тўғрисидаги қонунчиликни унга мувофиқлаштириш зарурати ҳам мавжудлиги қайд этилди.

    Кўриб чиқилган Конституциявий Қонунга кўра Қонунчилик палатаси сайлови аралаш (мажоритар, пропорционал) сайлов тизими асосида ўтказилади. Унда Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати мажоритар сайлов тизими асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари пропорционал сайлов тизими (партиялар рўйхати) асосида сиёсий партияларга берилган овозлар бўйича ягона сайлов округидан сайланиши назарда тутилган.

    Яна бир муҳим масала – сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатилаётганда аёллар сонининг энг кам миқдорини номзодлар умумий сонининг ўттиз фоизидан қирқ фоизига оширишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиляпти.

    Шу билан бир қаторда сайлов комиссияларининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгаришлар маъқулланди. Хусусан, Марказий сайлов комиссияси тўққиз нафар аъзодан иборат таркибда сайланиши, Марказий сайлов комиссиясининг Раиси беш йиллик муддатга сайланиши, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Марказий сайлов комиссиясининг Раиси этиб сайланиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланяпти, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    Сенаторлар томонидан мазкур Конституциявий қонуннинг қабул қилиниши парламент ҳамда маҳаллий вакиллик органларининг фаолиятида сиёсий партияларнинг ролини янада кенгайтиришга, Қонунчилик палатаси депутатлари корпусини шакллантиришнинг мажоритар-пропорционал шаклига асосланган сайлов тизими жорий этилишининг ҳуқуқий асослари яратилишига хизмат қилиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.

    Қизғин муҳокамалардан сўнг Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates