Тадбирда 13 та давлат 100 га яқин парламент аъзолари ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Конференцияда парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш, қонунчилик жараёнларини такомиллаштириш, демократик қадриятларни илгари суриш, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлашда парламентларнинг ролини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама этилди.
Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик барча соҳаларда, жумладан, парламентлараро мулоқот жадал ривожланиб бораётгани ҳақида маълумот берилди. Ўзбекистонда илк бор янгиланган Конституция асосида ўтказилган парламент сайловларининг аҳамияти, шунингдек, давлат бошқаруви тизимида парламентнинг ролини кучайтиришга қаратилган ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилди.
Конференция якунида парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва муҳим соҳаларда қўшма лойиҳаларни ривожлантиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилди.
Шунингдек, ташриф доирасида Озарбайжон Миллий Межлиси Ёшлар ва спорт масалалари қўмитаси раиси Ш. Исмаилов, «Озарбайжон-Ўзбекистон» парламентлараро дўстлик гуруҳи аъзоси, Миллий Межлис депутати Ж. Пашазаде билан учрашувлар ўтказилди.
Учрашувларда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор тажрибалар билан алмашиш ҳамда спортни ривожлантириш соҳасидаги ташаббусларни илгари суриш масалалари муҳокама этилди. Шунингдек, икки мамлакат парламентларининг янгиланган таркиби асосида тузилган дўстлик гуруҳлари фаолиятини кучайтириш, парламентлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш юзасидан фикр алмашилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.