Хитой: сув тошқини оқибатида камида 11 киши ҳаётдан кўз юмди

    Хитойнинг шарқий ва жанубий қисмида кучли ёмғир ёққани туфайли сув тошқини юз берди, оқибатда камида 11 киши ҳалок бўлди.

    Бу ҳақда “Xinhua” агентлиги маълум қилди.

    Қутқарув хизматларининг дастлабки маълумотларига кўра, мамлакат шарқидаги Аньхой вилоятида сув тошқини икки кишининг ҳаётига зомин бўлди. Жанубдаги Гуандун вилоятида яна тўққиз киши ҳалок бўлди.

    Табиий офатларга фавқулодда чоралар кўриш топширилган Хуаншань шаҳрида (Аньхой вилояти) мураккаб вазият давом этмоқда. Шаҳарнинг айрим ҳудудларида яқинда ёғингарчилик даражаси 405 миллиметрдан ошди.

    Шу кунгача Хуаншань шаҳрида 179 мингга яқин одам у ёки бу даражада сув тошқинидан жабр кўрди, 11 минг маҳаллий аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинди. Шунингдек, ёғингарчилик 10 минг гектардан ортиқ майдондаги қишлоқ хўжалиги экинларига зарар етказди. Шаҳардаги қутқарув ишларига 3 мингдан ортиқ фавқулодда хизматлар ходимлари жалб қилинди, деб хабар беради report.az.