Давлат идоралари фаолияти очиқлиги бўйича илк бор Марказий Осиё давлатлари форуми ўтказилди

    Жорий йил 17 майда Бухоро шаҳрида илк бор Давлат идоралари фаолияти очиқлиги бўйича Марказий Осиё давлатлари форуми бўлиб ўтди.

    Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Марказий Осиё давлатларининг давлат идоралари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга масъул ташкилотлар раҳбарлари, хорижий мамлакатлар вакиллари, халқаро экспертлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

    Форум жамият ва давлат ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган масала – давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш борасида илғор тажрибаларни ўрганиш, мавжуд муаммоларни таҳлил этиш ва бу жараёнда ҳал қилувчи муҳим қарорларни қабул қилиш учун самарали мулоқот майдони вазифасини ўтади.

    Олий Мажлис Сенати Раиси, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси Танзила Нарбаева форум иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида жаҳоннинг барча давлатлари учун бирдек долзарб бўлган муаммо – коррупция иллатига қарши курашишда ҳар қандай ҳукумат ва жамиятда ундан батамом қутулишга чинакам хоҳиш ва интилиш бўлсагина ва энг муҳими, бу борада ўз халқи учун очиқ бўлсагина, жиддий натижаларга эришиши мумкинлигини таъкидлаб ўтди.

    — Мана шу омилларни ҳисобга олган ҳолда коррупцияга қатъий муросасиз давлат сиёсати натижасида сўнгги 5-6 йилда ушбу иллатнинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган комплекс ташкилий ва ҳуқуқий чоралар кўриляпти. Қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда Коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури қабул қилинди. Сенат томонидан маъқулланган Жиноят кодексидаги коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарликни кучайтиришни белгиловчи қонунни айнан мана шу вазифалар ижросига қаратилган жиддий қадам сифатида келтиришимиз мумкин. Албатта, бундай муҳим ҳужжатларни амалиётга самарали татбиқ этиш жараёни парламент олдига масъулиятли вазифаларни қўяди — дея, таъкидлади Сенат Раиси.

    Форум давомида, шунингдек, Франция, Германия, Словения ҳамда Аргентина каби давлатлардан халқаро экспертлар ҳам давлат органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш соҳасидаги тажриба ва илғор амалиётлари билан ўртоқлашади.

    Форумда Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Ф.Боқиев Ўзбекистонда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтди.

    Жумладан, мамлакатимизда матбуот эркинлиги, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, оммавий ахборот воситалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ахборот соҳасини ислоҳ қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.

    Бугунги кунда республикада 2 мингдан ортиқ ОАВ фаолият юритяпти, миллий ахборот маконида Интернет нашрларининг сони сўнгги 6 йилда салкам икки баробарга кўпайди. Барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтларида “Очиқ маълумотлар” саҳифаси ташкил этилиб, 35 турдаги ижтимоий аҳамиятга эга маълумотларни мунтазам равишда эълон қилиб бориш амалиёти жорий этилган.

    Шу билан бирга, давлат хизматида коррупция ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар бериш, бундай маълумотларни ошкор этиш механизмларини яратиш, бу борада очиқлик, шаффофлик ва холисликни таъминлаш чоралари кўриб келиняпти.

    Тадбир сўнгида иштирокчи давлатлар томонидан изчил ҳамкорликни мустаҳкамлаш, очиқликни таъминлаш борасидаги ишларни янада тизимли давом эттириш мақсадида қатор тавсия ва таклифлар илгари сурилиб, соҳадаги фаолиятни улар асосида ташкил этишга келишиб олинди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.