Тадбир «Оддий буюмлар» кўргазмаси билан бошланиб, унда зўравонликка тўқнаш келган 16 нафар аёл билан ҳақиқатда юз берган воқеалар ҳикоя қилинди.
Кўргазмадан кўзланган асосий мақсад мамлакатдаги зўравонлик муаммосини ёритиш ҳамда ҳар бир фуқарони гендер тенгсизликка қарши фаол ҳаракат олиб боришга чақириш ҳисобланади.
Кўргазманинг очилиш маросимида Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова, Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раҳбари Зулайҳо Маҳкамова ҳамда ЮНФПАнинг Ўзбекистондаги вакили, жаноб Ю Ю иштирок этди.
Кўргазмадан сўнг, иштирокчиларга «Зўравонликка йўл йўқ!» телеграм каналининг муаллифлари томонидан тайёрланган «Ҳаётий воқеалар» тўплами тақдим этилди.
Шунингдек, тадбир доирасида меҳмонларга уч пардали «Орзулари осмон қизлар» номли спектакль намойиш этилди. Унда уч хил турли вазиятда хотин-қизлар маълумоти ва аёлнинг ўзини-ўзи шакллантириши мавзусига доир суҳбатлар моделлаштирилган.
Тадбир давомида давлат ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари гендер зўравонлик ва тенгсизлик муаммоларига ечим топиш устувор аҳамият касб этишини ҳамда уларни бартараф этиш учун ҳамкорликда ҳаракат қилиш зарурлигини қайд этдилар.
Аёлларга нисбатан зўравонлик – тенглик, тараққиёт ва тинчлик соҳасида юксалишга эришиш, шунингдек, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш йўлидаги тўсиқдир. Зеро, Барқарор ривожлантириш мақсадларининг асосий тамойили – ҳеч ким унутилмаслигини таъминлашдан иборат бўлиб, унга аёлларга нисбатан зўравонликни йўқотмасдан эришиш мумкин эмас.
«16 кун гендер зўравонликка қарши фаол ҳаракатлар» кампанияси шу йилнинг 10 декабрига қадар давом этади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.